13:42 / 28.07.2019
2 503

Таниш-билиш, телефон, шпаргалка: абитуриент қай бирига ишонгани маъқул?

Таниш-билиш, телефон, шпаргалка: абитуриент қай бирига ишонгани маъқул?
Фото: Nauchniestati.ru
Ҳаяжон деганлари нима эканини абитуриент аҳлидан сўранг. Кўнглига бир дунё умидларни туккан толиби илмлар имтиҳон санаси яқинлашиши билан янада серҳаракат, янада жонсарак бўлиб қолади. Кўз нури тўкиб хатм қилинган китоблар жонга ора кирармикан? Кунни тунга улаб ёдланган тестлар наф берармикан?..

29 июлдан мамлакатимиз олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари бошланади. Тест баҳона, мактаб даврида олинган билимлар бир қур синовдан ўтказилади, ким талабаликка лойиғ-у, ким нолойиқ, ким пешқадам илғор-у, ким оддий сафдор – аниқланади, халқ тилида айтганда, ғалвир сувдан кўтарилади.

Талабаликни орзу қилган абитуриентларнинг бир тоифаси ширин уйқусидан воз кечади, ўйин-кулгини йиғиштириб, синов пайти ўсал бўлмаслик учун бор фурсатини мук тушиб китоб ўқишга, имкон қадар кўпроқ билим олишга сарфлайди. Бошқа бир уддабурон тоифа эса – жонини жабборга бериб ўқиб ўтирадими – осон йўлдан кетади, имтиҳондан енгилроқ ўтиб олишни кўзлаб ўзини турли кўчаларга уради.

Дарҳақиқат, тест синовларини топширишга отланган ёшларнинг ҳар бири ўзига хос олам. Кимдир омади чопишигагина умид қилиб синовга киради. Кимдир бор ишончини фалон пулга сотиб олган шпаргалкасига тикади. Яна кимдир телефон орқали саволларга жавоб беришга ваъда қилган «ҳожатбарор» билимдонга орқа қилади. Яна кимдир ўз тақдирини «савобталаб» таниши қўлига топширади. Яна кимдир… билимга ва фақат билимга суянган ҳолда имтиҳон майдонига киради.

Тасодиф ва таваккалга асосланган ишнинг муваффақияти ҳам омонат – омад оти ҳар доим чопмаслиги аниқ. Парча қоғоз – шпаргалкадаги битиклар ҳамиша ҳам фойда бермаслиги турган гап. Телефон орқали «суфлёрлик» қилмоқчи бўлган дастёр сўзи устидан чиқолмаслиги эҳтимоли катта. Талабалик паттасини азза-базза қўлга тутқазишга ваъда берган «валинеъмат»нинг ростгўй эканига ҳам кафолат йўқ. Имтиҳондан ўтишнинг ягона кафолати – билим, билим бўлганда ҳам ақлни чархлайдиган, фикрни пешлайдиган салмоқли билим! Қўлингиздан телефон ёки шпаргалкани тортиб олишлари мумкин, аммо яширин силоҳингиз – билимга ҳеч ким дахл қилолмайди. Билим ҳар қандай вазиятда ҳам кўмакка келади, cизни мушкулотдан қутқаради, зулматдаги фонус каби йўлингизни ёритади.

Нутқимизга аллақачон сингиб кетган абитуриет сўзи асли лотинча «abiturientis» сўзидан олинган ва у «тарк этаётган одам» маъносини беради. Буни жуда кенг изоҳласа бўлади. Истилоҳнинг луғавий маъносидан ҳам билиш мумкинки, абитуриентлик мақомига эришган толиби илм кўп нарсани тарк этиши керак: ўқувчилик даврига хос ўйинқароқликни, умр мазмунини сандирақлаб юришда деб билган оғайниларни, вақтни бекор исроф қилишга сабаб маънисиз одатларни... Бусиз кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.

Кўча-кўйда вазнимизни ўлчаб олиш учун тарози хизматини таклиф этаётган одамларга дуч келамиз. Абитуриент учун ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланган имтиҳон ҳам асли билимларни ўлчовчи ўзига хос тарози. Синов ўз кучингизни холис баҳолаш, бор куч-салоҳиятингизни ўлчаб олишга хизмат қилади.

Имтиҳон деганлари абитуриентнинг билимини мустаҳкамлаб қолмай, унинг руҳини тоблайди, турли мушкул вазиятларда бошни хам қилмасдан тик тутишга ўргатади, масъулият туйғусини шакллантиради, ҳиссиётларни енгиш, ўткинчи туйғуларга асир бўлмаслик руҳида тарбиялайди. Зотан, эскилар айтганидек, душманини енгган кишидан ҳиссиётларидан устун келган инсон жасурроқ.

Имтиҳон – мардлар майдони. Олий ўқув юртига ҳужжат топширган талабгорлар мўл, ўринлар эса чегараланган. Шу маънода имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, дўпписини осмонга отадиган ёшлар қатори «йиқилган» абитуриентлар ҳам бўлиши табиий. Имтиҳондан йиқилиш ҳаммаси тугаганини англатмайди. Бу билан ҳаёт тўхтаб қолмайди. Асло! Муваффақиятсизлик бўлиб туюлаётган имтиҳондан ўтолмаслик ҳам аслида бизнинг фойдамизга бўлиши мумкин.

Дейлик, ота-онасининг қийин-қистови билан иқтисодиёт йўналишига ҳужжат топширган абитуриентнинг тестдан ўта олмаслиги унинг келгуси ҳаёти учун яхши: ҳар ким ўзи хоҳлаган йўналишда таълим олгани, кўнглидаги касбу кор этагидан тутганига нима етсин! Хорижий филологиями, ҳуқуқшуносликми, дипломатиями, ишқилиб, танлаган йўналишда билими ўртамиёна бўлган абитуриентнинг талабалар сафига бу йил қўшила олмагани ҳам беҳикмат эмас: кейинги йил давомида олинган қўшимча билим толиби илмга ўқишга бир йил эрта киргандан ҳам кўпроқ наф келтириши аниқ.

Мағлубиятни тан олиш ҳам мардлик. Яна дейдиларки, мағлубият бу ғалабанинг бошланиши. Яъни мағлубиятдан керакли хулоса чиқарилса, йўл қўйилган хатони қайта қилмаслик учун сабоқ олинса, бу келгуси ғалабаларга замин ҳозирлайди. Боз устига, ушбу кичик мағлубият келгусида катта мағлубиятларга учрамаслик учун дарс бўлса не ажаб...
Собир Салим

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Таниш-билиш, телефон, шпаргалка: абитуриент қай бирига ишонгани маъқул?