
Бугун, 23 январь куни, Ёшлар Иттифоқи марказий кенгашида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан интернет тармоғининг оила мустаҳкамлигига, болалар онгига таъсирини ўрганиш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда марказ раҳбари Дилором Тошмуҳаммедова оилаларда интернет тармоғининг ўрнини аниқлаш юзасидан ўтказилган тадқиқот натижаларини маълум қилди.
«Ўзбекистонда 10 фоиз болалар виртуал олам таъсирига ҳаддан ортиқ берилиб кетишган. Бу рақам катта бўлмаса-да, кейинчалик ошиб кетиш эҳтимоли анча юқори. Биз ёш оилалар йўналишида тадқиқот ўтказдик. Унда эндигина оила қурган ёшларни қамраб олдик. Сўровлар натижаси шуни кўрсатдики, фақат 15 фоиз эркаклар ўз фарзанди тарбиясига вақт ажратишар экан. Яна бошқа тадқиқотга кўра, бир кунда ёш ота-оналар фарзанди билан 13-17 дақиқа оралиғида суҳбат қилишга вақт ажратиши маълум бўлди.
Бу рақамлар қатъий чоралар кўришни талаб қиляпти. Катталар томонидан телефонга тарбия воситаси сифатида қаралмоқда. Натижада, 5-6 яшар болалар нафақат телефон қурилмаларидан бемалол фойдаланишяпти, балки ижтимоий тармоққа кириб онлайн суҳбатлар ўтказишяпти. Бу ҳолатга ўзим гувоҳ бўлдим. Масалани ҳал қилишда медиатаълимни дарслик сифатида мактаб, мактабгача таълим муассасаларига кирита олсак, айни муддао бўларди», - деди Тошмуҳаммедова.
Қўшимча қилинишича, мазкур соҳада қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар яхлит қонун сифатида бирлаштирилмаган, фақат қонуности ҳужжатлари амалда. Натижада, ҳар бир масъул ташкилот бирлашмасдан, алоҳида бу масала бўйича чора-тадбирларни амалга оширади, лекин таъсири жуда сустлигича қолмоқда.

Тадбирда марказнинг илмий гуруҳ аъзоси Фурқат Олимов Ўзбекистонда интернет тармоғи фойдаланувчилари тоифаси бўйича маълумот берди.
«Мутахассисларимиз томонидан олиб борилган социологик тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда 23 млн нафар фуқаро интернет фойдаланувчиси ҳисобланади. Уларни тоифаларга бўладиган бўлсак, ўрта, фаол ва ўта фаол фойдаланувчиларга бўлинади. Одатий фойдаланувчилар кунига 2 соатдан кўп бўлмаган вақтни виртуал оламда ўтказишади. 3-4 соат давомида интернет тармоғидан фойдаланувчилар эса ўрта тоифага киритилди. Ўз навбатида, 5 соат ва ундан ортиқ вақтини интернетда ўтказадиганлар ўта фаол категориясига киради.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатмоқдаки, айни вақтда ижтимоий тармоқ мессенжерлари орасида видео шаклидагилари кўпроқ зарар келтирмоқда. Улар орасида Youtube порно тасвирларни тарқатишда асосий ўринни эгаллаб турибди. Юқоридаги социологик тадқиқотлар болалар билан ишловчи 1790 нафар ўқитувчилар ўртасида ўтказилди. Шунингдек, унда 60 нафарга яқин иштирок этишди. Тадқиқот Facebook ижтимоий тармоғида ўтказилди», дейди у. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар