date
views 2 415

Қонуний вақт

Қонуний вақт
Сифат барибир сифат! Инсон ҳар бир нарсанинг яхшиси, аълоси, сифатлисига интилади. Кийим-бош, емоқ-ичмоқ, уй-жой, эр-хотин, бола-чақа, таълим-тарбия, касб-кор, иш-жой, ошна-оғайни, қариндош-уруғ — ҳаёти бекаму кўст бўлишини истамаган борми ўзи? Йўқ, албатта! Бахтли умр кечириш ҳар кимнинг орзусидир.

Бироқ беш бармоқ баробар бўлмаганидек, одамларнинг иқтидорию имкони турлича. Шунинг учун ҳам ҳар ким ўзига хос ва ўзича бир бармоқ. Бармоқлар бирлашса, нима бўлади? Мушт бўлади! Эл-юрт бирлашса-чи? Миллат!

2016 йили кузида бошланган сифат жиҳатидан янги босқичимизнинг барча йўналиши, ҳар бир палласини эл қатори биз ҳам баҳоли қудрат синчиклаб кузатиб, ўрганиб, ўзимизча хулосалар қилиб келмоқдамиз. Ҳаётимиз шунчалар тез ўзгармоқдаки, баъзан юз бераётган янгиликларни ақлан ҳазм қилишга улгурмайди киши. Айниқса, охирги икки ой воқеаларини...

Янги Ўзбекистон — янги сайловлар
Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи мажлисидаги чиқишларида, парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловлар, Ўзбекистонимиз учун катта сиёсий имтиҳон бўлгани, халқимиз бу синовдан ёруғ юз билан ўтганига бежиз урғу бермадилар. Негаки, бу галги сайловларни ўзимизда ҳам, ташқарида ҳам барча кутди: кимлардир, нима бўлар экан, деб, кимлардир, уч йилда нима ўзгарди, деб. Бош­қача бўлиши мумкин ҳам эмасди.

Умумэркинлик муҳити, демократик ислоҳотлар, чинакам бозор иқтисодиётига ўтишга росмана бел боғлангани, энг муҳими, онгли равишда одамларни онгли қилиш давлат ­сиёсатига айланган шароитда ўта тез кечган уч йиллик қисқа муддат натижаси ҳамманинг диққат марказида туриши табиий эди. Шу маънода, янги сайловлар бундан атиги тўрт йил бурун бирон ким хаёлига ҳам келтирмаган, кутмаган тарз, кўлам ва шиддатда бошланган тарихий ўзгаришлар жамиятимиз ­дунёқараши ва феъл-атворига нечоғлиқ таъсир кўрсатганини имтиҳон қилувчи ўзига хос қил кўприк бўлиши бошданоқ аён эди.

Тўғри, бутун юрт, унинг ҳар бир парчасини ўз домига ­тортган, миллионлаб кишилар қатнашган улкан сиёсий жараённинг бекаму кўст ўтмаслиги турган гап. Мазкур нуқсонлар сўнгги юз йил ичида шаклланиб, илдиз отган “сайловчилик маданияти”нинг ­сарқитларидир, десак, адолатдан бўлади. Муҳими, улар яширилмади, хаспўшланмади, жамоатчилик танқидига учради, давлат томонидан қонуний чоралари кўрилди. Тушунган ва холислар учун бу ҳам аслида бизнинг ютуғимиздир. Зеро, шу тариқа биз ўз хатоларимизни тан олиш ва уларни йўқотишга қодирлигимизни билдик, кўрсатдик.

Энг асосий маррамиз эса, миллий етакчимизнинг ушбу ҳаққоний хулосаларида ўз ифодасини топди ­десак, кўпчилик қўшилади: “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги ­сиёсий муҳит вужудга ­келди”.

Негаки, дунёнинг қайси бир чеккасида, тарихнинг қайси бир даврида бўлмасин, иқтисодий имконлар, истеъдодлар тўлиб-тошиб ётмасин, жамиятда уларни юзага чиқарувчи тенгсиз куч-қудрат — тегишли сиёсий муҳит йўқ экан, бирон миллат ва давлат юзага чиқмагани ва чиқолмаслигини ўтмиш ва замона тасдиқлаб қўйган ҳақиқатдир. Исбот қидириб, узоққа бориб нима қиламиз: бугунги сиёсий муҳитнинг шаклланиш, тобланиш йўли 2016 йил 19 октябрда миллий етакчимиз томонидан жамиятга тақдим этилган “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга ­хизмат қиладиган вақт келди” ­сиёсий чақириғидан бошланганини ким ҳам инкор қила олади!

Миллатимиз бундай вақт келишини узоқ, асрлар ичра кутди. Минг йиллар давомида авлоддан-авлодга ўтиб борган бир хил дунёқараш ва турмуш тарзида яшаб келдик: “қора”, оми, узлуксиз онгсиз тутиб турилган халқ ҳукмдорлар, амалдорлар... тимсолидаги давлатга хизмат қилиб келди. Оқибати фожиали бўлди: деярли юз ўттиз йиллик қарамлик тўрига тушдик ва энди бировларга хизмат қила бошладик. “Қорамиз” ҳам, “оқ суякларимиз” ҳам бегоналарга бирдек қул бўлдик. Қашшоғимиз ҳам, бойимиз ҳам бор-будимиздан айрилдик. Кейин ҳам кўзимиз очилмади...

Илғорларга ҳавас билан қарадик, уларнинг ютуқларини қайтаришга отландик. Бироқ бир ҳақиқатни тушуниб етмадик: ўшалардагидек марраларга эришмоқ учун улар риоя этган қонун-қоидалар бизнинг ҳам дунёқараш ва турмуш тарзимизга айланмоғи керак. Айтишга осон ушбу гапни амалда самарали қўллаш, Ўзбекистон шароитидаги қаловини топиш энг оғир юмуш саналганини ҳам таъкидлаш лозим. Шу маънода, одамлар давлат идораларига эмас, давлат идоралари одамларга хизмат қилишидек сиёсий ғоя ва унинг кундалик ҳаётдаги ташкилий, ҳуқуқий татбиғи неча асрлардан буён музлаб ётган миллий дунёқараш ва турмуш тарзимиз қорларини ёндириб юборолди, ­десак, тўғрисини айтган бўламиз.

Демак, вакиллик идораларига бўлиб ўтган сайловлар деярли уч ярим йил бурун кўп минг йиллик тарихий тараққиётимизда очилган янги босқич йўлининг тўғри эканлигини исботлаб берди. Исботлаганда ҳам, туман, шаҳар, вилоят, мамлакат миқёсида, бутун юрт ва жаҳон кўз ўнгида кечган очиқ ва кескин курашлар жараёнида исботлаб берди.

Шу билан бирга, шахсан биз учун энг улуғ исбот-марра мана бунисидир: оми халқнинг тизгини қўйиб юборилса, кўзи очилса, тортишувларга изн берилса, халқ иккига, тўртга, ўн тўртга, тўқсон иккига бўлиниб кетишига оид азалий “башоратлар” пуч экани амалда аёнлашди-қўйди.

Тўғри, сиёсий беллашувлар чоғида қуюшқондан чиқиш ҳолатлари бўлди. Нега ҳам бўлмасин? Бу борада бизда неча-неча авлоддан ўтиб келаётган бирон тажриба, кўникма, маданият бўлмаса, қандай қилиб барчаси рисоладагидек ўтиши мумкин эди. Табиийки, бундан ортиқ бўлмайди. Тарихимизда биринчи марта эканлигидан келиб чиқилса, кутилганидан, шахсан биз хавотирланганидан кўра анча юқори сифат даражасида ўтди, десак, ошириб юбормаган бўламиз.

Демократия қонунларига хос равишда сайловда кимдир ютди, кимдир ­ютқазди. Умуммиллат кўзи билан қа­расак, ҳаммамиз ютдик, келажагимиз ютди: ниҳоят, халқ иродасини ҳокимият ўзагида шакллантириш борасида сиёсий қарашлар ва ҳаракатлар ма­даниятининг тамал тошини қўёлдик.

Барака илму маърифатда
Миллий етакчимизнинг 2016 йил 30 декабрда, яъни Президентлик лавозимига расман киришганидан икки ҳафта ўтар-ўтмас, илм-фан аҳли билан учрашувида чуқур маъно бор эди. ­Одатда, бундай кунларда каттаю кичик, барчанинг хаёли бир нарса — Янги йил байрами билан банд, эски йилни ­кузатиш, янгисини кутиб олиш тараддудида бўлади. Кимлигидан қатъи назар, ҳар ким келгуси йил яхши келишини чин юракдан истайди, умид қилади.

Бу сингари истак ва умидлар ҳар қандай замон, ҳар бир юртда бўлган, бўлади. Ҳамма гап уларнинг рўёбга чиқиши учун ижтимоий-сиёсий, иқтисодий шарт-ша­роит яратишнинг оқилона ва унумли йўлини топа олиш ва қўллай билишдадир.

Очиқчасига тан оламиз: мазкур тадбирни телеканал орқали кузатганда, у ҳақидаги ёзма ахборотни ўқиб-ўрганганда, ­Президентимизнинг муддаоларини англаб етгандик. У ҳам бўлса, бундан буёнги ҳаёт ва ривожимиз негизида илм-фан туради. Бироқ ғир этиб ўтиб кетган ва ухлаб тушимизга ҳам кирмаган айрим кескин ўзгариш ва янгиликларга бой уч йил, сўз кетаётган учрашув ўшанда биз ўйлагандагидан ҳам кўламлироқ мазмун-моҳиятни кўзлаган экан: одамларни онгли равишда онгсиз қилиш давримиз тугаб, буёғига одамларни ­онгли равишда онгли қилиш учун кураш бошланган экан! Бу кураш, жангдаги қурол эса илм-фан, маърифатдир!

Ўзбек миллати ва давлатчилиги тарихини махсус ва баҳоли қудрат ўрганиб келаётган, сўнгги деярли чорак аср давлат бошқаруви тизимида ишлаб, шу тариқа қадим-қадимдан босиб кели­наётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий йўлимиз билан боғлиқ қонуниятларни бир бутунликда ўрганиш, англаш, хулосалаш имконига эга инсон сифатида айтар сўзимиз: шонли ва мураккаб ўтмишимизда эришилган барча ютуқлар, йўқотишларимиз илму маърифат омили билан боғлиқдир. Ўзбек миллати ва давлатининг кучи ҳам, кучсизлиги ҳам худди шу омилга боғлангандир. Ўзбекнинг тириклиги илму маърифатдадир! Бошқаларни бизга зор қилган, ўзимизни ўзимизга хор қилган ҳам худди шу омилга муносабатимиздандир. Ё у ёқлик, ё бу ёқлик.

Биз шундай миллатмиз! Ўзгача бўлолмаймиз. Бизнинг бичимимиз шундай. Пешонамизга шундай ёзилган. Бир сўз билан айтганда, илму маърифат қонимизда бор.

Рақамли иқтисодиётнинг асосчиси аслида ўзимиз бўлганмиз, десак, ­муболаға бўлмайди. Улуғ аждодимиз Муҳаммад ­Хоразмий бундан 1200 йил бурун 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 сонларидан иборат замонавий ўнли саноқ тизимини яратиш орқали рақамли иқтисодиётнинг ўзига хос тамал тошини қўйиб берганди, деб баралла жар солишдан тортинмаслигимиз керак. Масалан, ­юртдошимизнинг кашфиётига қадар ­йигирма саккиз сони рим рақамларида XXVIII шаклида ёзилган бўлса, энди уни иккитагина белги билан ифодалаш имкони туғилган: 28. Бугун оддийгина туюладиган мазкур тенгсиз кашфиётнинг ўн икки аср бурунги воқелик манзарасида тасаввур қилиб кўрайлик.

Замонавий ўнли саноқ тизимининг аввал илмий, сўнг бошқа фаолият муомалаларига кириб бориши, умуман, кишилик цивилизацияси, хусусан, илм-фан, таълим ривожига қанчалар самарали таъсир кўрсатгани ва кўрсатаётганини, ҳисоб-китобни тезроқ ва унумлироқ бажаришда кундалик турмуш, айниқса, иқтисодиётда чексиз имконият туғдирганини мутахассислар жуда яхши ­биладилар.

Рақамли технологияларни мураккаб алгоритмларсиз яратиб бўлмаслигидан келиб чиқилса, алгоритм асосчиси улуғ ўзбек олими Муҳаммад Хоразмийни ­эслашга тўғри келади. Рақамли иқтисодиёт эса рақамли технологиялар негизида яратилади.

Тилга олинган тарихий ҳақиқат ўзбек илми тарихидаги “хамир учидан бир патир”, холос. Лекин минг афсуски, улар ҳақида биз ўтмиш майлида сўзлай оламиз. Тан олайлик, темурийлардан ке­йинги беш юз йилдан ортиқ каттагина муддатда давлатимизда илм-фанга эътибор аввал сусайди, сўнг бутунлай йўқолди. Бу борадаги натижа ҳам юқорида урғу берилган масала — ижтимоий-сиёсий қолоқлик оқибатидек фожиали бўлди. Миллий етакчимизнинг “Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади” ҳикматли сўзларининг мағзи ҳам шунда, деб биламиз.

Тўғри, ҳали олдимизда кўп қийинчиликлар бор, ечилиши лозим жумбоқлар етарлидир. Президентимиз ҳар бир чиқишларида ушбу ҳақиқатга барчамизнинг ­диққатимизни тортиб келмоқдалар ва бундай ёндашувни оқилона, деб биламиз. Фалон йили, албатта, коммунизм бўлади, қабилида одамлар қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, миллионлаб кишилар, неча-неча авлодлар умрини умидворлик хазонига айлантиришларни ҳам бошдан ўтказганмиз. Шу маънода, миллий етакчимизнинг ­“Тарихимизнинг янги саҳифасини ­яратишга қодир ­халқмиз. Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин, ­барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз”дек ишончга йўғрилган даъватини тўла қўллаймиз. Яъни бир мушт — миллат бўлиб ўзимизга ишонишимиз лозим!

Ишонишимиз учун эса барча асослар бор. Ўтган ўта қисқа муддатда турмушимизнинг барча йўналишларида эришган тарихий натижаларимиз бунинг яққол тасдиғидир. Мазкур натижаларга эса, қўлимизга ўз миллий қуролимиз — илм ва билимни қайта олганимиз ор­қали эришдик: замонавий бошқарув илми, иқтисодиёт илми. Зеро, айнан илм энг тўғри ва оқилона йўлни кўр­сатишга қодирдир. Демак, илм бор ерда эса, албатта, барака бўлади.

Мурожаатномада “жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз кераклиги, бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топишимиз”га урғу берилгани бежиз эмас, албатта.

Саволларни эса, давлатимиз ­раҳбарининг ўзи Абдулла Қодирий ­номидаги ижод мактаби ва музейнинг очилиши муносабати билан учрашувда ўртага ташлаган эдилар: Жадидчи боболаримиз яшаган замондаги вазият бугунги замонимизда борми-йўқми, уларга ўхшаб ҳамма нарсадан воз кечиб, миллат ва Ватан учун курашга тайёрмизми, нима сабабдан биз шу кунларга келиб қолдик, саволи барчани қийнаши керак эмасми... ­Қодирий қандай шароитда яшаб қаҳрамонлик кўрсатган эди-ку, биз қандай даврда яшаб қаҳрамонлик қилишимиз керак...

Маърифат нима? Маърифат билиш, ­англаш, таниш демакдир. Бундан чиқди, агар миллат замонавий билимларга эга бўлмаса, ўзлигини англамаса, улуғларини танимаса, оёғи остида битмас-туганмас бойликлар ётсин, далаларида “оқ олтин” ўссин, қўлида етмиш икки хил ҳунари бўлсин, бефойда экан: у фақат қорнини ўйлаб яшайди, холос. Ўзи учун қилиниши лозим катта ишларга қодир бўлмайди, буюк марраларни забт этолмайди. Аксинча, маърифат бор муҳитда қадр-қиммат бўй чўзади. Ўз қадр-қимматини билган инсон, жамият яратувчан бўлади. Яратувчилик бор ерда эса, албатта, барака бўлади. Шу муносабат билан, сўнгги йилларда юз очган кўпдан-кўп мисоллардан атиги биттасини келтириб ўтамиз: Эски шаҳарда Абдулла ­Қодирий номидаги ижод мактаби, адиб ­музейи ва кутубхона қурилгани ушбу гўшага яна барака киритди. ­Қодирий — бу барака!

Ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши керак
Табиат ва жамият қонунлари бир хил эмас. Аммо ҳар икковига ҳам хос бир қонуният бор: ҳар қандай тирик зот ўзи учун ўзи курашиши лозим. ўирт ўзбекча айтганда, ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши керак.

Тўғри, инсон ўзидаги устунликлар — ақл, ҳис-туйғулар сабаб неча минг йилларки, ушбу қонуниятни одамийлаштиришга интилиб келмоқда. Мазкур интилишлар ўлароқ туғилган тушунча ва ҳодиса барчамизга яхши маълум: ­адолат. Демократия, ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти сингарилар ҳам ­аслида шу омил тантанаси учун изланишлар, интилишлар маҳсулидир. Бироқ ўзи учун ўзи курашиш қонунияти йўққа чиқмади, чиқмайди ҳам. Тескари ҳолда, ҳаёт мазмуни йўқолади, тириклик йўқолади. Хўш, унда гап нимада?

Тан олайлик, биз яқин-яқингача Ўрта асрлар дунёқараши ва турмуш тарзида яшаб, ишлаб келдик. Бунинг холис ва нохолис сабаблари бор, албатта. Бироқ нима бўлганда ҳам, олам аҳлининг бир бўлаги аллақачон ундан воз кечиб, ижтимоий-­сиёсий, иқтисодий ривожланишнинг энг юқори сифат даражаси негизидаги дунёқараш ва турмуш тарзини кундалик турмушнинг қонунига айлантириб бўлди. Улар бунга бирданига эмас, асрлар оша кечган машаққатлар орқали эришганлари ҳам чин. Аммо бу биз учун ҳам, ҳеч деганда, ўн йиллар зарур дегани эмас.

Ўтган уч йилдан ошиқроқ муддат миллатимизнинг бу борадаги имконлари етарли ва кучли эканини исботлаб қўйди. Сўнгги сайловлар жараёни эса мазкур хулосани тасдиқловчи ўзига хос муҳр бўлди. Улар яна бир нарсани, биз юқорида урғу берган қонуният абадийлигини исботлаб қўйдилар: ҳар бир партия, номзод, сайловчи ўзи учун ўзи курашди. Ушбу курашлар бутунлай янги ва ўзгача сиёсий муҳитда ўтгани баробарида, бундан буёнги ижтимоий-­сиёсий, иқтисодий туриш-турмушимизга кишибилмас қаттиқ таъсир кўрсатиши кўзда тутилса, барчамиз шаҳдам қадам қўйган ўн йиллик манзараси ­ойдинлашади-қолади.

Мурожаатномада ислоҳотлар ташаббускори жамиятнинг ўзи бўлиши лозимлигига бежиз урғу берилмаганига қаттиқ ишонамиз. Демократия, ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти, бозор иқтисодиёти каби омиллардан муддао ҳам аслида шу: ҳар бир инсон учун ўзлигини намоён этиши, ўзи учун ўзи курашиши йўлида адолатли шарт-­шароит яратиб бериш. Миллий етакчимизнинг Олий Мажлис Сенатининг ­биринчи мажлисидаги “Ҳаммамиз ўз аравамизни тортадиган қонуний вақт келди” сўзларининг ҳикмати ҳам шунда.

Азамат ЗИЁ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
тарих фанлари доктори, профессор.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қонуний вақт
-->