date
views 3 933

Марказий Осиёча инқироз: Хитой ва Россия, нефть ва геосиёсат

Марказий Осиёча инқироз: Хитой ва Россия, нефть ва геосиёсат
Фото: Google Images
Марказий Осиё мамлакатларининг қисқа мустақиллик тарихида аллақачон бир қатор инқирозлар кузатилди: 1997—1998 йиллардаги инқироз, 2007—2008 йиллардаги дунё инқирози, деб ёзади CАА Network.org нашри. Бу инқирозлар қаторига, шунингдек, 2014 йилда рус рублининг тушиб кетиши ортидан Марказий Осиё давлатларининг валюталари қийматининг пасайишини ҳам киритса бўлади. Бугунги инқироз қаторига Хитой ва Россия геосиёсати таъсири остида қолаётган Марказий Осиё мамлакатларининг нефть соҳасини ҳам мисол қилиш мумкин.

Воқелар ривожи
9 март куни дунё нефть бозорида нефть нархи 30 фоизга арзонлади — Brent нефть савдо маркаси 50 АҚШ долларидан 32,6 АҚШ долларигача пастлади. Арзонлашув Россиянинг ОПЕК ташкилоти, хусусан, Саудия Арабистони билан олиб борган музокарларида нефть нархини камайтирмаслик борасидаги келишувлари натижасиз тугагани билан изоҳланиши мумкин.

Шу орада Россиянинг геосиёсий мақсадлари ҳам кўзга ташланиб қолди. Россия сўнгги пайтларда нефть нархининг ўйнаб туришидан яхши сабоқ олган кўринади, ички иммунитетни қандай сақлаш борасида яхшигина ҳимояга эга бўлиб олганини ҳам кўрдик. Энди Россия нефтнинг сақланиб қолаёган паст нархлари шароитида яна 6—10 йил омон қолишга эришиши мумкин. Бу эса нефть захиралари ва импорт маҳсулотларининг ўрнини босувчи хом ашёнинг яратилгани билан бевосита боғлиқ.

Россиянинг демарши бўлмаган ҳолатда ҳам Осиё иқтисодиётининг гиганти бўлган Хитойдаги нефтга бўлган талаб ва таклиф, шунингдек, юк элтиш ва юкларнинг ҳаракатланишига бўлган босим нефть нархининг қулашига таъсир этиши мумкин эди. Аммо ўзини бирдан нефтга қарам эмасдек тутаётган Россиянинг стратегияси Марказий Осиё мамлакатларини ҳам қийин аҳволда қолдирмоқда. Марказий Осиё бундай сиёсий ўйинга тайёрми, масала мана шу ерда. Россиянинг ўзи-чи?

Рус ҳукумати нефть нархи қулашини кутилган жараён эди деб баҳолаётган бўлса-да, бу бўрттиришлардан ҳоли эмас. 2020 йил 1 март ҳолатига кўра, Россия Фаровонлик фонди ликвидлик маблағлари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 9,2 фоизини ташкил қилмоқда ва Россия Молия вазирлиги кўрсатилган маблағлар нефть нархининг паст нархлари даврида яна 6—10 йил мобайнида даромадларни сақлаб қолиш имконига эга экани ҳақида маълумот бермоқда.

Аммо бундай ҳолат келажакда Россиядаги хизмат кўрсатиш соҳасига, қурилиш, транспорт ва кичик бизнесга катта зарба бериши мумкин. Импорт маҳсулотларининг қимматлашуви эса аҳоли харид қувватига катта таъсир қилади. Нефть асосий иқтисодий кўрсаткич бўлган ҳар қандай мамлакатда паст нархларнинг сақланиб қолиши домино эффектини ҳосил қилади ва аҳолининг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатади. Кремль қанчалик ижобий натижаларга умид қилмасин, факт фактлигича қолаверади.

Коронавируснинг кенг миёсда тарқалиши ишчи кучи мобилизациясига ҳам таъсир қилган ҳолда Россиянинг минтақавийлашувига сабаб бўлади. Минтақавийлашувга юз тутган Россия учун собиқ совет республикаларидаги захиралар асосий ўринга чиқади. Албатта, бу мамлакатларнинг Кремль эришган ютуқларга етишига ҳали эрта.

Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётда ўзларини глобалистлар, кўп қутбли иқтисодиёт тарафдори сифатида кўрсатаётган бўлса-да, бу улар учун ҳозирча бирор-бир наф олиб келмади. Мисол учун, охирги пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз мамлакатларини туризм мамлакатлари сифатида намоён қилмоқда ва маълум маънода Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз мақсадларига эришди ҳам.

2018 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар миқдори 88 фоизга ошди. Бу 2017 йилга солиштирганда салмоқли рақамдир. Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати 2021—2025 йилларда сайёҳлик саноатининг ички ялпи маҳсулотдаги улушини 5 фоизга оширмоқчи. Аммо коронавирус хавфи ортидан Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари айрим мамлакатлардан келаётган сайёҳлар учун виза чекловини жорий этганини эълон қилди.

Энг мураккаб вазият Туркманистонда юзага келади, деса ҳам бўлади. Туркманистон табиий газ захирасига бой давлат сифатида ўз газини асосан Хитойга сотади. Аммо Хитой ҳукумати сўнгги пайтларда Туркманистондан икки орада газ олди-сотдиси борасида шартнома имзолаган бўлса-да, камайтиришга уринмоқда. Бундай вазиятда форс-мажор ҳолатдаги тартиб амал қилишини кутиш мумкин. Туркманистонда аллақачон импорт маҳсулотлари нархининг ўсиши кузатилмоқда ва бу халқаро валютанинг етишмаслиги билан изоҳланмоқда. Углеводородларга бўлган талабнинг кескин тушиб кетиши Туркманистон иқтисодиётида қандай из қолдиради, тасаввур қилиш ҳам қийин.

Қозоғистон ҳам Россия сингари тўпланган захирасига қарамай қийин вазиятда қолмоқда. Ўтган йилда Қозоғистон президенти аҳолининг кам таъминланган қатлами учун президентлик сайловидан норози бўлган тарафлар тазйиқи остида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш учун миллий захирадан маблағлар ажратишга мажбур бўлди.

Агарда Қозоғистон давлат бюджети даромадлари 20 фоизга қисқарадиган бўлса, у ҳолда расмий Нур-Султон миллий фондидан 10 миллиард доллар маблағ олишга мажбур бўлиб қолади. Бу эса элбоши 2030 йилга бориб ваъда қилган аҳоли турмуш фаровонлигини кўтариш стратегиясини хавф остида қолдиради.

Хитой Марказий Осиё давлатларининг асосий иқтисодий шериги бўлиб қолаётган пайтда, Кремль ҳам Хитойни бу минтақа бозоридан сиқиб чиқарилишидан манфаатдор. Хитойдаги коронавирус пандемияси тарқалиши ортидан Россия ўз мақсадларига эришишга ҳам улгурмоқда. Марказий Осиёнинг икки мамлакати — Тожикистон ва Ўзбекистон Евросиё иқтисодий ҳамкорлигига қўшилиш арафасида.

Тожикистон 5 йилдан бери ўзини мазкур ташкилот аъзоси сифатида кўришни хоҳлаб келаётган бўлса, расмий Тошкент кузатувчи мақомида мазкур ташкилотга киришни маъқуллади. Бу вариант эса эски тартибдагидек иш олиб боради, яъни рус компаниялари Марказий Осиёдан хом ашё базаси сифатида фойдаланади, аммо минтақанинг саноатлашиши, рус сармоясининг оқимидан дарак бўлмайди. Минтақада протекционист иқтисодий сиёсат яна фаоллашади. Аммо бундай сиёсат бугунда барча мамлакатлар иқтисодиётида трендга айланиб улгурмоқда.

Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳам Россия талабларининг ўрнини боса олмагани учун ҳам Хитой иқтисодиётининг заифлашуви Россия учун оғриқли масала. Сўнгги пайтларда улкан Евросиё бир-бири билан шундай жипслашдики, уларни айириш мушкул масала бўлиб қолди.

Шундай бўлсада, Марказий Осиё мамлакатлари олдида бугун яна янги синов кўндаланг. Ҳукуматлар инқирозга қарши янги дастурларни ишлаб чиқиши, нефть нархи, рубль қулаган бир вазиятда иқтисодиётга рағбат берадиган янги иқтисодий сиёсатни синовдан ўтказиши, ўз валюталари ва доллар мутаносиблигининг олдини олишга урғу бериши керак.

Бу инқироз Марказий Осиёда айрим нарсаларни ўзгартириб юбориши шубҳасиз. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро бамаслаҳат ўз иқтисодиётини диверсификациялашга уриниши ижобий ҳолат бўлади. Афсуски, минтақа мамлакатлари асосий масала қолиб, ўз иқтисодий салоҳиятини туризм, ташқи савдо ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга урғу бермоқда. Олдинги инқирозлардан сабоқ олган ҳолда, Россиядан фарқли равишда, ички истеъмолчиларга диққат қаратиш Марказий Осиё мамлакатлари ислоҳотчилари эътиборидан четда қолмоқда.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Марказий Осиёча инқироз: Хитой ва Россия, нефть ва геосиёсат