date
views 40

Фуқароларни ноқонуний йўллар билан АҚШга юбормоқчи бўлганлар ушланди

Фуқароларни ноқонуний йўллар билан АҚШга юбормоқчи бўлганлар ушланди
Фото: Видеодан кадр
Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Унда, Самарқанд туманида истиқомат қилувчи шахс Навоий шаҳрида яшовчи фуқарони “Туркия-Европа-Мексика” йўналиши орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 28 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 14 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Хизматнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ҳам тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, Тошкент шаҳрида яшовчи, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун бир неча маротаба судланган шахс Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, уни Қўшма Штатларга юбориш ва виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида кузатилган ҳолатда эса, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи шахс маҳаллий фуқарони Туркия-Испания-Мексика йўналиши орқали Америкага ишлаш мақсадида юбориш учун мансабдор танишлари орқали виза расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари ва 26 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Хизматнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрида яшовчи шахс Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Америка Қўшма Штатларига ишга юбориш ҳамда виза ва бошқа ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 38 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 52 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фуқароларни ноқонуний йўллар билан АҚШга юбормоқчи бўлганлар ушланди