date
views 190

Самарқандда Lacetti ҳайдовчиси бир гуруҳ пиёдаларни уриб юборди

Самарқандда Lacetti ҳайдовчиси бир гуруҳ пиёдаларни уриб юборди
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида Lacetti автомобилининг бир нечта пиёдани уриб кетгани акс этган видеотасвирлар кенг тарқалди. Ҳодиса ҳақида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси расмий изоҳ берди.

Маълумотга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси 11 апрель куни кечки соат 20:00 ларда Самарқанд шаҳрининг Нурли йўл маҳалласидаги Рудакий кўчасида содир бўлган. 1997 йилда туғилган фуқаро бошқарувида бўлган Lacetti русумли автомобил пиёдалар ўтиш йўлагидан йўлни кесиб ўтаётган бир гуруҳ кишиларни босиб кетган.

Тарқалган видеотасвирларда бир нечта автомобил пиёдаларга йўл бериб тўхтаб тургани, аммо Lacetti ҳайдовчиси катта тезлик билан келиб, йўлни кесиб ўтаётган бир неча фуқарони, жумладан, болаларни ҳам уриб юборгани кўринади. Кейин автомобил қарши йўналишдаги йўл қисмига чиқиб кетган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган барча пиёдалар зудлик билан шифохонага етказилиб, тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Самарқанд шаҳри ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноий иш очилган. Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Қонунчиликка кўра, мазкур модда асосида айбдор деб топилган шахс 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ва муайян ҳуқуқлардан маҳрум этилиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда Lacetti ҳайдовчиси бир гуруҳ пиёдаларни уриб юборди