
Исроил қуролли кучлари Сурия пойтахти Дамашқ шаҳридаги президент саройи яқинида жойлашган объектга ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва мамлакат мудофаа вазири Исраэл Кац 2 май куни қўшма баёнот билан чиқиб, бутун дунё ҳамжамиятига хабар беришди.
«Бу ҳужум Сурия режими учун жуда аниқ сигнал бўлиб хизмат қилади. Биз ҳеч қачон Дамашқ жанубига ҳарбий кучлар киритилиши ёки дарзийлар жамоатига таҳдид қилиш каби ҳолатларга йўл қўймаймиз», — дейилади Reuters ахборот агентлиги тарқатган расмий баёнотда.
Маълумотларга кўра, Исроил сўнгги бир неча кун ичида Сурия ҳудудида иккинчи бор ҳаво зарбалари уюштирмоқда. Ушбу ҳаракатлар Исроил ҳукумати Суриянинг муваққат президенти Аҳмад ал-Шарага нисбатан чуқур ишончсизлик билан қараётганини намойиш этади, дея таъкидламоқда халқаро ахборот агентликлари.
Ўз навбатида, Америка Қўшма Штатлари Суриядаги дарзийлар озчилигига қарши зўравонлик ва босим ўтказиш ҳолатларини кескин қоралади. АҚШ Давлат департаменти вакили Тэмми Брюс 1 май куни чиқиш қилиб: «Биз Суриядаги дарзийлар жамоати аъзоларига қарши амалга оширилган сўнгги зўравонликларни ва хавфли риторикани мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблаймиз», — деб билдирди.
Шунингдек, АҚШ расмийси Дамашқдаги ўтиш даври ҳукуматини жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақириб, жиноятларга алоқадор шахсларни масъулиятга тортиш ҳамда барча суриялик фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Халқаро сиёсатшуносларнинг фикрича, Сурияда вазиятнинг яна кескинлашиши, минтақада янги можароларнинг келиб чиқиши эҳтимолини оширади. Шу боис, ушбу ҳужумдан сўнг халқаро ҳамжамият, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан вазиятнинг янада чуқурлашмаслиги учун дипломатик чоралар кўрилиши лозимлиги айтилмоқда.
Исроил СурияДамашқ ҳужумБинямин НетаняхуАҳмад ал-ШараАмерика Қўшма Штатларихалқаро сиёсат Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар