date
views 24

Метан нархи кескин ошди: ҳайдовчилар норози, сабаб нима?

Метан нархи кескин ошди: ҳайдовчилар норози, сабаб нима?
Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан нархи кескин ошгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалмоқда. Таъкидланишича, метаннинг бир куб метри учун нарх 5200 сўмгача кўтарилган ва бу ҳолат ҳайдовчилар орасида жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Бу нарх ошишининг асосий сабаби сифатида 1 майдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифларнинг жорий қилингани кўрсатилмоқда. Хусусан, газ тўлдириш станциялари учун табиий газ нархи бир куб метрга 1800 сўмдан 2500 сўмгача (38,9 фоизга) оширилган.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев томонидан электр ва газ тарифлари ўзгаришини бир ойга кечиктириш топшириғи берилган эди. Унга кўра, нархлар режалаштирилган 1 апрелдан эмас, балки 1 майдан оширилди. Ушбу қарор аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилингани айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сентябрь ойидаги ҳукумат қарори билан 6 ой давомида метаннинг бир куб метри учун максимал нарх 3250 сўмдан ошиб кетмаслиги белгиланган эди. Ушбу муддат тугаши муносабати билан 2024 йилнинг 1 апрелидан метаннинг юқори чегара нархи 3350 сўм этиб белгиланди ва имтиёзли давр яна икки ойга узайтирилди. 1 июндан бошлаб эса нархнинг энг юқори чегараси 3750 сўм қилиб белгиланиб, унинг амал қилиш муддати 31 июлгача этиб белгиланган эди.

Бироқ амалда, республика ҳудудларида метан гази шу кунгача 3950-4250 сўм оралиғида сотилаётганди. Янги тарифлар эса нархларнинг бундан ҳам юқорироқ кўтарилишига сабаб бўлди.

Шу билан бирга, сўнгги кунларда пропан нархи ҳам сезиларли даражада қимматлашган. Жумладан, биржа савдоларида 18 апрел куни пропаннинг бир тоннаси 5 млн 244 минг сўмдан сотилган бўлса, 29 апрел куни бу кўрсаткич 6 млн 14 минг сўмга ёки 14,7 фоизга ошгани қайд этилмоқда.

Мазкур ўзгаришлар фуқаролар ва тадбиркорларда турли саволлар ва эътирозлар туғдирмоқда. Айрим иқтисодчиларнинг фикрича, тарифларнинг кескин оширилиши аҳолининг кундалик ҳаётига ҳамда маҳсулот ва хизматлар нархига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу борада расмийлар томонидан аниқ тушунтириш ва қулайроқ шарт-шароитлар яратиш талаб қилинмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Метан нархи кескин ошди: ҳайдовчилар норози, сабаб нима?