
Таниқли хонанда Дилфуза Исмоилова фирибгарлик ортидан катта миқдорда зарар кўргани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик. Ушбу нохуш воқеа юзасидан очилган суд жараёни ўз ниҳоясига етди ва айбдорга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Тошкент шаҳар судларининг «Дарё» нашрига маълум қилишича, судланувчи М.Ж.дан хонанда Дилфуза Исмоилова фойдасига етказилган зарар миқдори тўлиқ ундириладиган бўлди. Суд ҳукмига кўра, у хонандага етказган зарар сифатида 80 минг АҚШ долларини (ҳукм чиқарилган кунги курс бўйича 1 миллиард 35 миллион 848 минг сўм) қоплаб беради.
Аниқланишича, судланувчи нафақат хонанда, балки бошқа бир нечта фуқароларга ҳам фирибгарлик орқали зарар етказган. Исмоилованинг адвокати Зебо Комилованинг таъкидлашича, айбдор аввал бошда хонанданинг ташкил қилган “гап”ида иштирок этган ва шундай йўл билан унинг ишончига кирган.
Кейинроқ у ўзини хориждан цитрус меваларини олиб келиб сотиш билан шуғулланувчи муваффақиятли тадбиркор сифатида таништирган. У хонандага ҳар бир юк машинасидан 25-30 минг доллар атрофида фойда олаётганини айтган. Бу гапларга ишонган Дилфуза Исмоилова: “Мен ҳам шу бизнес билан шуғулланмоқчиман, сармоя қўйишга тайёрман”, деб унинг таклифига розилик берган ва улар фойдани тенг бўлишга келишган. Аммо натижада хонанда фирибгарнинг тузоғига илиниб, катта зарарга учраган.
Айбланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ҳамда 228-моддаси 2-қисми “б” банди (ҳужжатларни қалбакилаштириш) бўйича айбдор деб топилди ва унга 6 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда машҳур қизиқчи Шукрулло Исроиловнинг машинасини олиб қочган шахсга нисбатан ҳам суд ҳукми ўқилди. Қизиқчининг ўғли айбдорга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирган бўлса-да, суд уни 2 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар