date
views 20 593

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин исийди: +40 даражага етиши мумкин

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин исийди: +40 даражага етиши мумкин
Метеорологларнинг хабар беришича, яқин кунларда мамлакатимизда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши кузатилади. Хусусан, якшанба ва душанба кунлари айрим ҳудудларда иссиқлик даражаси ҳатто +40 даражагача кўтарилиши мумкин. Бу эса апрель ойининг охири учун жуда юқори кўрсаткич бўлиб, меъёрдан 12–16 даража юқоридир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур аномал иссиқ ҳаво дастлаб мамлакатимиз шимолий ҳудудлари орқали кириб келиб, кейин Туркманистондан антициклон шаклида бутун республика бўйлаб тарқалади. Бу иссиқлик тўлқини айниқса аҳоли зич жойлашган вилоятларга кучли таъсир кўрсатади. Яъни, Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё каби вилоятларда жуда юқори ҳарорат кузатилиши эҳтимоли юқоридир.

Мутахассислар мазкур вазиятга жуда жиддий муносабат билдиришмоқда. Чунки бу каби кескин иссиқлик ортидан мамлакатнинг асосий қишлоқ хўжалик майдонларида қурғоқчилик хавфи сезиларли даражада ошади. Ёғингарчиликнинг камайиши ва иссиқлик даражасининг юқорилиги зараркунанда ҳашаротлар, хусусан чигирткаларнинг кўпайишига қулай муҳит яратади. Бу эса қишлоқ хўжалиги учун жиддий таҳдид ҳисобланади.

Шунингдек, апрель ойининг охирида тоғли ҳудудларда сел хавфи ҳам сақланиб қолмоқда. Айниқса, куннинг иккинчи ярмида сел-сув тошқинларининг пайдо бўлиши эҳтимоли юқори. Бу ҳолат биринчи навбатда Фарғона водийси, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг тоғли ҳудудларида кузатилиши мумкин. Сабаби, кучли иссиқликдан сўнг тоғ этакларида намгарчилик шароитлари кескин ўзгариб, тўсатдан кучли ёғингарчиликлар келиб чиқиши эҳтимоли юқори.

Метеорологларнинг билдиришича, атмосферада паст босимли ҳудуд шаклланиб, бу пастдан юқорига томон ҳаракатланувчи ҳаво оқимларини пайдо қилади. Натижада, кучли шамоллар ва чақмоқ йиғилишлари юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатлар келаётган ҳафтада, хусусан, сешанба куни Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоий, Бухоро, Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида кузатилади.

Айниқса, чўл ҳудудларида кучли шамол ва чақмоқ туфайли ёнғинлар пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд. Мутахассислар бу ҳолатга олдиндан тайёргарлик кўриш ва хавфсизлик чораларини кучайтиришни тавсия қилишмоқда.

Таҳлилларга кўра, бу аномал иссиқлик май ойининг бошларида ҳам давом этади. 3-май санасида эса Туркманистон ҳудудидан +41 даражали иссиқ ҳаво оқимининг мамлакатимизга кириб келиши тахмин қилинмоқда.

Мутахассислар ва аҳоли учун асосий тавсия: келгуси ҳафта давомида табиат ҳодисаларига диққат билан кузатув олиб бориш, эҳтиёткор бўлиш ва зарарли оқибатларни олдини олиш учун тегишли хавфсизлик чораларини кўришдир.

Ҳамюртларимизга эҳтиёткорлик ва соғломлик тилаймиз!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин исийди: +40 даражага етиши мумкин
-->