
Ўзбекистон Афғонистон билан Амударё сув ҳавзасини биргаликда бошқаришга келишиб олди, дея хабар берди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшид Абдузухуров бошчилигидаги делегация Афғонистонда хизмат сафарида бўлди. Ташриф давомида икки давлат ўртасидаги қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари бошқаруви ва савдо-иқтисодий алоқалар бўйича муҳим стратегик келишувларга эришилди.
"Афғонистонга ташриф доирасида Амударё сув ҳавзасини биргаликда бошқариш ҳамда сувдан адолатли ва оқилона фойдаланиш бўйича муҳим битим имзоланди. Бу ҳужжат нафақат икки томонлама ҳамкорликни, балки Марказий Осиёдаги экологик барқарорлик ва трансчегаравий сув ресурслари бўйича келажакдаги ўзаро масъулиятли ёндашувларни белгилаб беради", — дейилган матбуот хабарида.
Шунингдек, делегацияси аъзолари Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазирлиги раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Қайд этилишича, Ўзбекистон-Афғонистон аграр ҳамкорлигининг амалий намунаси сифатида “Дўстлик боғи” барпо этилади.
“Ташриф доирасида Ўзбекистон-Афғонистон аграр ҳамкорлигининг амалий намунаси сифатида Афғонистон ҳудудида “Дўстлик боғи” барпо этилиши режалаштирилган ер майдони – 100 гектарли ҳудуд кўздан кечирилди”, — дейилади хабарда.
Боғ лойиҳаси доирасида замонавий агротехнологиялар жорий этилиши, икки давлат аграр соҳаси мутахассисларининг ҳамкорликда фаолият юритиши кўзда тутилган.
“Лойиҳа орқали Афғонистон ҳудудида интенсив боғдорчилик ривожлантирилиб, мева етиштириш салоҳиятининг ошиши, маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринларининг яратилиши ва минтақада барқарор иқтисодий ўсиш учун замин яратилиши кутилмоқда”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, ушбу ташаббус Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг муҳим кўринишидир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар