date
views 3 823

Карантин шароитида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар (Биринчи қисм)

Карантин шароитида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар (Биринчи қисм)
Коронавирус пандемияси даврида ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг издан чиқиши, дунё молия бозорларида хомашё товарлари нархининг пасайиши ва конъюнктуранинг ёмонлашуви кузатилмоқда.
Деярли барча давлатлар пандемияга қарши ўз рецептларини яъни кичик бизнес, хусусий тадбиркорлар ва ўз-ўзини банд қилган фуқароларга беминнат грантлар, имтиёзли кредитлар, субсидиялар каби чораларни ишлаб чиқмоқдалар. Шу ўринда ҳукуматлар солиқ қоидаларини юмшатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Хуш, бундай ноодатий вазиятда солиқ муносабатлари қандай ташкил этилгани маъқулроқ?
Солиқлар ҳақида гап кетганда, авваламбор унинг мажбурий тўлов эканлигига урғу берилади. Конституциямизнинг 51-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурлиги айтиб ўтилган. Шунингдек, Солиқ кодексида ҳам, солиқ солиш мажбурийлик принципига асосланиши кўрсатилган.

Солиқ муносабатлари ҳар доим ҳам мажбурийликка асосланиши керакми?
Ушбу саволга жавоб бериш учун солиқ муносабатларини тартибга солишни таъминлайдиган ҳуқуқий асослар яъни солиқ қонунчилигининг асосий жиҳатлари, хусусан уларда қўлланиладиган ҳуқуқ усуллари ва уларнинг моҳиятига эътибор қаратиш лозим бўлади.
Солиқ қонунчилигида императив ва диспозитив усуллар қўлланилади.

Императив усул – оммавий ҳуқуқ усули бўлиб, баъзи субъектларнинг ҳолати (давлат органлари, мансабдор шахслар) уларга ваколатлар беради, бошқа томондан (фуқаролар ва уларнинг ташкилотлари) тегишли вазифаларни юклайди. Натижада,
бу субъектлар ўртасидаги муносабатлар ҳокимият ва бўйсуниш муносабатлари сифатида шаклланади. Солиқ муносабатлари давлат қонунлари билан тартибга солинганлиги сабабли, императив усул кўпроқ қўлланилади.

Диспозитив усул – фуқаролик ҳуқуқи усули ҳисобланиб, муносабатлардаги томонларга ўз ҳаракатларини ўзларининг хоҳишларига кўра тартибга солишга яъни мувофиқлаштиришга имкон беради. Солиқ қонунчилигида ушбу усулнинг қўлланилиши солиқ тўловчининг танлаш ҳуқуқини ишлатишини ўз ичига олади. Масалан, солиқ органлари корхоналарга солиқни тўлаш муддатини узайтиришни тақдим қилиши, солиқлар бўйича кредит бериш тўғрисида шартномалар тузиш кабилар.

Демак, коронавирус пандемияси каби инқирозли вазиятларда давлат солиқ қонунчилигининг ҳокимият ва бўйсуниш усулидан эмас, балки мувофиқлаштириш усулидан фойдаланган ҳолда чоралар ишлаб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Бундан ташқари, инқирозга қарши чоралар доирасида солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги принципининг кўламини кенгайтириш, инқироз пайтида иккала томонга ҳам фойдали натижаларни бериши мумкин. Бу принципга асосан солиқ органлари солиқ муносабатлари доирасида солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Жорий йилнинг март ва апрель ойларида Президентимизнинг иккита Фармони билан солиқларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсирини олдини олиш борасида бир қанча имтиёз ва преференциялар белгилаб берилди.
Ушбу имтиёзлар солиқ тўловчиларниг ҳар бир гуруҳига яъни жисмоний ва юридик шахсларга татбиқ этилади.

I. Дастлаб, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ юкини камайтириш бўйича берилган солиқ имтиёзлари ва енгилликларини ҳамда улар ихтиёрида қоладиган маблағларни Давлат солиқ қўмитасининг ҳисоб-китоблари асосида кўриб чиқамиз:

1. Солиқ кодексининиг 31-моддасига кўра белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси (223 000 сўм) 50 фоизгача камайтирилди ёки 111,5 минг сўмга туширилди. Бу 239 мингта якка тартибдаги тадбиркорга 232,9 млрд. сўм маблағини тежаш имкониятини беради.

Бундан ташқари, агар якка тартибдаги тадбиркорлар карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлса, у ҳолда улар даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.

2. Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ-589-сон Қонунининг 19-моддасида Халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти амалга оширилаётган жойнинг хусусиятларини, шунингдек кўрсатилаётган хизмат турининг мавсумий-лигини ҳисобга олган ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган миқдор-ларига нисбатан қўлланиладиган 0,7 дан 1,3 гача пасайиб борувчи ёки ўсиб борувчи коэффициентларни киритишга ҳақли эканлиги белгиланган.

Шунга кўра, туман ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашларига фаолияти тўғридан-тўғри ёки билвосита туризм соҳасига боғлиқ бўлган 3 167 та якка тартибдаги тадбиркор учун даромад солиғининг қатъий белгиланган миқдорини 30 фоизга камайтириш тавсия этилди, натижада:
- шаҳар жойларда 225 минг сўм ойлик тўлови ўрнига 157 минг сўм;
- вилоят марказларида 150 минг сўм ўрнига 105 минг сўм;
- туманларда 50 минг сўмдан ойлик тўловини 30 фоизга камайтирган ҳолда 35 минг сўм тўлаш имкони берилди.
Бунда тадбиркорлар ихтиёрида жами 2,3 млрд. сўм иқтисод қилиниши кутилмоқда.

3. Солиқ кодексининг 397-моддаси биноан солиқ тўловчилар жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни, доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этишлари бегилаб қўйилган.
Лекин, ҳозирги коронавирус пандемияси даврида аҳолини қўллаб қувватлаш ва карантин қоидаларига риоя қилиш мақсадида, жисмоний шахсларнинг 2019 йил учун жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш муддати 2020 йил 1 августгача узайтирилди.

4. Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддатлари ҳам кечиктирилиб, 2020 йил 15 апрелдан 15 октябргача узайтирилди.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича
7,3 млн. нафар фуқарога 2020 йил учун 2 трлн. сўм солиқлар ҳисобланган эди. 15 апрелда унинг тўланадиган қисми 1 трлн. сўм бўлиб, бугунги кунда 1,2 млн. нафар фуқаро томонидан 341 млрд. сўми тўланди.
Қолган қисми – 670 млрд. сўм 15 апрелгача тўланиши лозим эди. Ушбу суммани тўлаш муддати ҳам иккинчи тўлов санаси 2020 йил
15 октябрга қадар узайтирилди.

5. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган жисмоний шахсларнинг даромадлари солиқдан озод қилинди. Бу ўртача 28,4 млрд. сўмни ташкил этади.
(Имтиёзларнинг иккинчи тўплами тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган нормаларни иккинчи қисмда кўриб чиқамиз)

Н.И.Норбаев,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Карантин шароитида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар (Биринчи қисм)