date
views 2 071

«Илмий потенциалимизни оширмасак, қишлоқ хўжалигида турли давлатларга тобе бўлиб қолаверамиз» — Жамшид Хўжаев

«Илмий потенциалимизни оширмасак, қишлоқ хўжалигида турли давлатларга тобе бўлиб қолаверамиз» — Жамшид Хўжаев
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда соҳада долзарб бўлиб турган қатор саволларга жавоб берди.

— Биз карантинни ва иқлимдаги ўзгаришларни қишлоқ хўжалигига таъсири ҳақида гаплашдик. Бу борада қишлоқ хўжалиги ривожланган дунё давлатларида суғурта тизими жуда яхши ишлайди.Кластер эгаси, фермер ўз маҳсулотини суғурта қилдиради ва ҳосили қайсидир сабаб билан нобуд бўлса, у суғурта пулини олади. Афсуски, бу тизим бизда ҳали ишламайди. Қишлоқ хўжалиги вазири сифатида соҳага суғурта тизими қачон киришини, томорқачилар, деҳқон ва фермерларнинг эккани қачон суғурта билан ҳимоя қилинишини айта оласизми?

— Бу масала Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида ҳам белгиланган. Унда янги суғурта тизимига ўтиш, қишлоқ хўжалигида молиялаштириш механизмини янгилаш, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини бекор қилиш, соҳада тўлиқ бозор механизмларига ўтиш, банкларнинг ишончли кредитлари орқали ер эгалари ва уларнинг экинларини ҳимоялашни режа қилганмиз.

Қишлоқ хўжалигини суғурталашнинг иккита йўли бор. Биринчиси давлат томонидан суғурталаш. Буни нималигини яхши биласиз. Иккинчиси тижорий суғурталаш, яъни суғурта компаниялари қишлоқ хўжалиги экинларини суғурталашга қизиқиш билдириши, фойдани ҳам шундан кўриши керак.

Сиз айтганингиздек, суғурта тизимига етиб келишимиз қишлоқ хўжалигини иқтисодий жиҳатдан ривожланиши билан ҳамоҳанг бўлиши керак. Бунинг учун бюджет томонидан қишлоқ хўжалигига йўналтириладиган маблағларнинг бир қисмини мана шу тизимни ривожлантиришга сарфлаш керак. Ҳосилни суғурталаш тизимининг ривожланиши қишлоқ хўжалигини ривожланиши билан тўғридан тўғри боғлиқ.

Фикримча, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган, айниқса, мавсумий экинларни экиб, фойда олиш нуқтаи назаридан тадбиркор ва фермерларимиз қанча кўпайса, ана шунда давлат ва хусусий агросуғурта компаниялари ҳам кўпаяди. Биз ҳам йирик агросуғурта компаниялари бор давлатларни Ўзбекистонга кенг жалб қилишимиз мумкин.

Айтмоқчиманки, қишлоқ хўжалигида фермер ва томорқачиларни суғурталаш тизимига ўтмоқчи эканмиз, бунда ҳам бозор механизми ишлаши керак.

Биласиз, бизда пахта ва ғалла эскитдан давлат томонидан, яъни Агробанк орқали суғурталанади. Бу автоматик равишда бўлиб келмоқда. Бунда агар суғурталаш ҳолати юзага келса пул давлат бюджетидан ишлатилади.Мен қишлоқ хўжалигида бирорта ҳолатни билмайманки, соҳа хусусий банклар томонидан молиялаштирилса.

— Бизда қишлоқ хўжалигидаги кўпчилик уруғлар импорт бўлиб келади. Бизга маълумот беришларича, карантин туфайли қишлоқ хўжалиги уруғлари келиши камайган. Ўзингиз биласиз, полиз ва сабзавот экинлари уруғчилиги бўйича ҳолатимиз қониқарли эмас.Четдан келадиган сифатли уруғларнинг камайиши озиқ-овқат хавфсизлигига қанчалик жиддий таъсир ўтказади?

— Бир неча ойдан бери вилоятларда юрибман.Менга ҳам айрим деҳқонлар бу йил уруғ танқис бўлди, олиб кела олмаяпмиз, дейишяпти.Биз ҳозирда Голландия, Германия, Франция, Туркия, Белгия, Исроил, Россия каби мамлакатлардан уруғларни олиб келамиз, Айниқса, сабзавот уруғларини. Биз ҳисоблаб чиққанмиз, ҳар йили қарийб 20 мингга яқин уруғ чет элдан келтирилади. Бу асосан картошка уруғи. Пандемия сабабли уларни олиб келиш ва вилоятлардан вилоятларга ўтишда баъзи бир қийинчиликлар юзага келган эди. Лекин ҳозирга келиб ҳеч қандай чеклов йўқ, юклар тўхтатилмаяпти. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бу борада Махсус ишчи гуруҳ тузилган. Унга кўра, фермерларимиз фаолиятига ва уларга уруғ етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилади. Айни пайтда бу каби муаммолар, яъни уруғларни ололмаяпмиз ёки олиб кела олмаяпмиз, деган шикоятлар бизга келмаяпти.

— Бизда пахта ва ғаллачилик бўйича илмий салоҳият, тажриба юқори. Масалан, истаган фермер ва деҳқон ҳам ўзи буғдой экиб, уни озиқлантириш техникасини яхши билади. Лекин қишлоқ хўжалигининг бошқа экинлари, масалан, оқсилбоп турли экинларга келганда афсуски, кўп нарса билмаймиз. Сизнингча, шу йўналишда илмий салоҳиятимизни оширишга нима халақит беради, умуман, нега бу йўналиш бизда оқсаяпти?

— Яширмайман, бизда бу муаммо бор. Тўғри мавзуни кўтаряпсиз. Яқинда вазирлигимиз ва Жаҳон банки ўртасида қишлоқ хўжалигига йўналтирилган 550 миллион долларлик кредит тизими бўйича шартнома имзоланди.Биз Жаҳон банки билан биринчи марта фақат иқтисодий лойиҳаларда эмас, айнан илмий салоҳият, лабораторияларимиз, илмий институтларимизнинг инфратузилмалари ва унга етук мутахассислар жалб қилиш бўйича ҳам келишиб олдик. Бу масала Жаҳон банки экспертлари томонидан ҳам маъқулланган. Эндиликда биз қишлоқ хўжалигига жуда катта инвестицияларни амалга оширмоқчимиз. Биз қишлоқ хўжалигида илмий потенциалимизни оширмасак, соҳада турли давлатларга тобе бўлиб қолаверамиз. Илмсиз буларнинг иложи йўқ. Ҳар бир лойиҳамиз илмий ёндашувни талаб қилади. Ҳозир барча интенсив боғларимизда чет эл агрономлари.

Вазирлигимиз яқинда Тошкент давлат аграр университетида янги лойиҳани бошлади. Унга кўра, университетга чет элдан энг яхши талабаларни, профессор, ўқитувчиларни жалб қиламиз. Бу орқали янги йўналишларда, айниқса, мева-сабзавотчиликда билимли мутахассисларни етиштирмоқчимиз. Бу лойиҳани йилнинг охирига бориб молиялаштириш бошланади.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Илмий потенциалимизни оширмасак, қишлоқ хўжалигида турли давлатларга тобе бўлиб қолаверамиз» — Жамшид Хўжаев