date
views 6 623

Яшил олтин ёки 10 авлодни боқадиган дарахт

Яшил олтин ёки 10 авлодни боқадиган дарахт
Қўқон ўрмон хўжалиги тасарруфидаги яшиллик салтанати 10 минг гектардан зиёд. Кенг ҳудуд Сирдарё соҳилларигача туташиб кетган. Хўжалик аъзолари табиий мувозанатни таъминловчи ўрмонларни асраш билан бирга, юртимизни кўкаламзорлаштиришда кенг қўлланаётган каштан, япон софораси, Қрим қарағайи ва бошқа турдаги ноёб манзарали дарахтларни агротехника талаблари асосида парваришлашяпти. Ниҳоллар табиий иқлим шароитига мослашиб олгач эса шаҳар ва туманларимизга кўрк бағишлаши учун экиляпти.

Махсус экин майдонларида парвариши йўлга қўйилган 130 турдаги шифобахш ўсимликлар ривожи илмий изланувчилар гуруҳи назоратида. Шу билан бирга хўжаликнинг 8 та участкасидаги 50 гектардан ортиқ майдонда 40 турдаги доривор ҳамда дармондориларга бой мевали дарахтлар ниҳоллари парваришланади. Ошқовоқ, аччиқ бодом, жийда, наъматак, мойчечак, кашнич, укроп, райҳон ва бошқа турдаги ўсимликлар парвариши хўжаликка яхшигина даромад келтиради.

Яшил табиат фидойиларининг писта етиштириш борасидаги тажрибаси ҳам ўзига хос. Бугунги кунда 15 гектар ерда пистазор барпо этилиб, хўжалик мутахассислари писта кўчатини тошлоқ ерларда парваришлашга ихтисослаштиришяпти. Янги тажриба асосида ушбу ниҳоллар баравж ривожланмоқда.

— Бугунги кунда хандон писта жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида муҳим қишлоқ хўжалиги экини ҳисобланади, — дейди Қўқон ўрмон хўжалиги раҳбари Мансурхўжа Хўжаев. — Жаҳон бўйича йилига 550 минг тонна писта етиштирилмоқда. Мамлакатимиз хандон писта етиштирувчи етакчи ишлаб чиқарувчилар рўйхатида 13-ўринни эгаллайди. Бундай ноёб мевани тайёрлашнинг мамлакатимиздаги йиллик миқдори 200 тоннани ташкил қилмоқда. Ўзбекистон ўзининг қулай шароитлари туфайли жаҳонда хандон писта ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи ўнликка кириб олиши мумкин. Бунинг учун бизда барча имкониятлар мавжуд. Фақат ҳамма гап ана шу имкониятлардан самарали фойдаланишда қолмоқда.

Юқори сифатли таъм туфайли жаҳон бозорида хандон писта грек ёнғоғи ва бодомга қараганда 3-4 марта қимматроқ баҳоланади. Жаҳон бозорига хандон пистани асосий етказиб берувчи давлатларда уни “яшил олтин” деб атайдилар.

– Бир неча йил аввал пистани саноат усулида етиштириш мақсадида кўпни кўрган омилкор боғбонлар билан маслаҳатлашдим, – дейди Мансурхўжа Хўжаев. –Мутахассислар ҳам “Бу даштлардаги тупроқ шароити писта етиштириш талабларига жавоб бермайди”, деб хулоса бердилар. Шунга қарамай Қўқон давлат ўрмон хўжалигининг Бешариқ бўлими ходимлари синов тариқасида “Шоберди”, “Асад” даштларига уруғ қадашди. Натижа кутилганидек бўлмади. Биз бўш келмадик, пистачилик ривожланган давлатлардан бирига бориб, у ердаги тажрибани ўрганиб қайтдим. Маълум бўлишича, пистани аввал алоҳида ҳолда ундириб, кўчат ҳолига етказгачгина, тошлоқ ерларга ўтқазиш яхши самара берар экан. Бунинг учун қоғоз туваклардан фойдаландик.

– Хандон писта ҳам парваришга, меҳрга муҳтож, –дейди “Шоберди” бўлими ўрмонбеги Эргашали Жўлиев. – Бир йилдан ошди Қўқон давлат ўрмон хўжалигида ўстирилаётган писта дарахтлари ҳосилга кирди. Хандон писта плантацияларимиз тўлиқ кучга кирганда улардан олинадиган даромад нўхатга қараганда 28 марта, полиз экинларига қараганда 9 марта, буғдойга нисбатан эса 50 марта ортиқ бўлади.

Хандон писта қурғоқчиликка ўта чидамли ўсимлик. Сув қуйишни талаб қилмайди. Енгил суғориш ишлари кўчат ўтқазилган илк даврдагина зарур.

Аҳоли пистани кеч мевалайди, деб унчалик қизиқиш билдирмайди. Тўғри кечроқ мевага кириши бор гап лекин, мевалаганидан сўнг унинг мева бериш даврийлиги 10 авлодгача етади.

Хандон писта етиштириш – Ўзбекистоннинг қурғоқчил тоғолди майдонларидан, дашт ерларидан фойдаланишнинг иқтисодий жиҳатдан энг фойдали усули бўлиб қолмоқда. Бу камунум ерлардан имкон қадар самарали фойдаланиш зарур. Ўзбекистон хандон писта етиштириш учун энг қулай жой. Ҳозир диёримизда пистанинг “Тоғ маликаси”, “Орзу”, “Албина”, “Шарқ марвариди” каби 20 дан ортиқ навлари мавжуд.

Қўқон давлат ўрмон хўжалигида наслчилик пистачилик майдонлари ташкил этилган. Бу ерда юқори ҳосилли, маҳаллий шароитга мос сара писта навларини яратиш ва кўпайтириш борасида изланишлар олиб борилмоқда. Ўрмончилар кўплаб миқдорда хандон писта кўчатлари етиштириб фермерларга ва томорқачиларга етказиб беришяпти.

– Хандон писта парваришлашнинг ўзига хос хусусиятлари бор, – дейди ўрмон хўжалиги мутахассиси Муҳаммаджон Қамбаров. –Буни соҳибкорлар албатта ҳисобга олишлари зарур. Хандон писта кўчати фақат бир жойда – дастлаб экилган ерда кўкаради. Уни бошқа жойга кўчириб ўтқазилганда қуриб қолади. Ўрмончиларимиз писта кўчатларини пайвандлашда ҳам унинг нозик жиҳатларига алоҳида эътибор қаратмоқдалар.

Бешариқнинг Асад ва Шоберди даштларида пайдо бўлган дастлабки йирик пистазорлар нафақат Фарғона водийси, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ана шундай боғлар яратилишига туртки бўлади.

Элёржон ЭҲСОНОВ

Манба: Халқ сўзи
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Яшил олтин ёки 10 авлодни боқадиган дарахт