14:00 / 11.05.2020
3 140

«Америкалик шифокор коронавирусни самарали ва арзон даволаш бўйича Ўзбекистонга ёрдам бермоқчи»

«Америкалик шифокор коронавирусни самарали ва арзон даволаш бўйича Ўзбекистонга ёрдам бермоқчи»
Туризм соҳаси мутахассиси Беҳруз Ҳамзаев Kun.uz`га берган интервьюсида 13-15 апрель кунлари ўтказган коронавирус мавзусидаги халқаро онлайн конференция ва унда эришилган натижалар ҳақида сўзлаб берди.

Халқаро тажрибани битта платформага йиғиш ғояси
– Бутун дунёда пандемияга қарши қаттиқ кураш кетмоқда. Барча тармоқлар жуда катта инқирозга юз тутмоқда. Ҳар бир мамлакат, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам оғир даврни бошдан кечиряпти. Ҳукумат вазиятдан иложи борича камроқ талафот билан чиқиб олишга ҳаракат қиляпти. Кўрилаётган оқилона чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайман. Мана шундай вазиятда биз, фуқаролар, нима қилишимиз мумкин, деб ўйладим.

Интернетда коронавирусга оид маълумотларни қидирганимда, бутун соҳаларга қанақа таъсири бўлиши ҳақида аниқ маълумотлар ололмадим. Демак, бизга инқироздан чиқиб олиш учун тавсиялар керак экан. Шу сабабли халқаро тажрибани битта платформага йиғиб, ҳар бир тармоққа фойдаси тегадиган йўл хариталарини тузиш ғояси келди.

20 соатлик экспертлар фикри жамланди
– Шунга асосан, илк маротаба World Coronavirus Virtual Conference номи остида бутун дунёдан сиёсатчи, шифокор, йирик фармацевтик компаниялар эгалари, бизнес соҳаси вакилларини виртуал конференция атрофига йиғишга ҳаракат қилдик. Ҳар бир мутахассис ўз соҳасидан келиб чиқиб, коронавирус таъсирини юмшатиш бўйича қимматли тавсиялар берди ва уларни йиғган ҳолда, YouTube каналимизда умумий 20 соатлик экспертлар фикри жамланди. 200 нафар эксперт ичидан 30 нафар энг тажрибалиларини танлаб, суҳбатлар уюштирдик. Улар ўз соҳаси келажаги ҳақида прогнозларини тақдим этишди.

Масалан, Pegasus авиакомпанияси раҳбари Меҳмет Нане билан авиақатновлар ҳақида гаплашдик. Чилидаги Diego Portales University профессори Жамил Салми олий таълим истиқболлари ҳақида қимматли фикрларини баён этди.

Аввалига онлайн тарзда тўғридан-тўғри ўтказмоқчи эдик, лекин алоқа сифати панд беришининг олдини олиш ва кейинчалик ҳам видеолардан фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида интервьюларни ёзиб олишга қарор қилдик. Ҳозирда биз видеоларни ўзбек ва рус тилларига таржима қиляпмиз.

Шунингдек, экспертлар тавсияларини жамлаб, ёзма ҳисобот тайёрлаяпмиз, уни яқин кунларда чоп эттирамиз. Иккинчи конференцияга ҳам тайёрланяпмиз, биринчиси бўйича ижобий фикрларни олдик.

Билл Гейтс ҳам таклиф этилганди
– Экспертларни жалб қилишда кўплаб халқаро ташкилотларга мурожаат қилдик. Жумладан, Жаҳон туризм ташкилоти, Билл ва Мелинда Гейтс фонди ва бошқалар. Билл Гейтс билан шахсан интервью қилиш ниятида эдик, чунки у коронавирусга қарши курашда 225 млн доллар ажратган. Албатта, Билл Гейтснинг бу борада тажрибаси катта, у вируслар глобал муаммо туғдириши мумкинлигини бир неча йил олдин айтган эди. Конференцияни қисқа муддатда ташкил қилганимиз учун суҳбатни қилиш имконияти бўлмади. Лекин Билл Гейтснинг ходимлари узр сўраб, кейинги конференцияда иштирок этишга розилик билдиришини маълум қилишди.

Суҳбатлар ичида Чилидаги Diego Portales University профессори Жамил Салмининг олий таълим ҳақидаги фикр, тавсиялари жуда ёқди. У 90та давлатда олий таълим ислоҳотларида иштирок этган. Интервью орқали оддий инсонлар ҳам, масъул ташкилотлар ҳам керакли ахборот олишлари мумкин. Ҳар бир экспертга айтдик: агар Ўзбекистондаги соҳа вакиллари, масъуллар сизларга алоқага чиқишса, керакли тавсия ва фикрларингизни аяманг. Табиийки, улар ҳам рад қилишмади ва ёрдамга тайёр эканликларини билдиришди.

«Америкалик профессор Ўзбекистонга келиб, коронавирус беморларини озонотерапия билан даволашга рози»
– Америкалик профессор Роберт Ровен билан бўлган суҳбатимизни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. У Калифорниядаги Беркли университетида таҳсил олган. Роберт Ровен коронавирусни озонотерапия ёрдамида арзон ва самарали даволаш усулини гапириб берди.

Озон кучли оксидловчи модда экан. Унинг ёрдамида даволаш усули коронавирус таъсирини тўхтатиши мумкин. Мана шу тажрибани Ровен олиб борган ва бу АҚШдаги илмий журналда чоп этилган. 2014 йилда Сьерра-Леонеда эбола вируси тарқалганда, мамлакат президенти шахсан ўзи Роберт Ровенга ёрдам сўраб хат йўллаган ва у эбола вирусини даволашда ҳам жонбозлик кўрсатган.

Ровен Ўзбекистонга келиб, коронавирусни озонотерапия билан даволашга розилигини билдирди ва эвазига ҳеч қандай молиявий ёрдам керакмаслигини айтди. Айни вақтда у АҚШдаги шахсий клиникасида озонотерапия орқали коронавирусга чалинганларни даволаб келяпти. Бундай даволаш усули бўйича 35 йиллик тажрибага эга.

Суҳбатдан сўнг озонотерапия қанчалик самарали даво усули эканини аниқлаш учун Ровенни таниган барча мутахассислар билан гаплашдим. Улар Ровеннинг фикрларини асосли, деб баҳолашди. Тўлиқ ишонч ҳосил қилганимдан сўнг бу ҳақида Президент Администрациясига ёзма мурожаат қилдим. Улар керакли қўшимча маълумотларни олиб туришибди, доимий алоқадамиз. Ҳозир жавобини кутяпмиз.

Озонотерапия арзон даво усули ҳисобланади. Беморлар озонатор ва кислород баллони ёрдамида даволанади. Қиммат эмас: 300 доллардан 20 минг долларгача. 300 долларлик озонатор билан ҳам касалликни даволаса бўлади.

Таққослаш учун айтаман: ҳозир коронавирусни даволашда сунъий нафас бериш (ИВЛ) аппаратлари ишлатилмоқда. Унинг нархи 40 минг доллар ва у фақат бир нафар беморга хизмат кўрсатади. Битта озонатор эса бир неча юзлаб беморни бир вақтнинг ўзида даволаши мумкин.

«Вакцина яратилса, биринчилардан бўлиб Ўзбекистонга олиб келмоқчимиз»
– Бундан ташқари, яна бир ютуқларимиздан бири – вакцина ишлаб чиқарилса, биринчилардан бўлиб Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ҳаракат қиляпмиз.

Оксфорд университетининг Женнер институти коронавирус вакцинаси устида иш олиб бормоқда. Институт тадқиқотчиси Адриан Ҳилл гуруҳи Буюк Британияда вакцинани инсонларда тест қилишяпти. Сентябргача тадқиқотлар якунига етади. Агар барчаси кўнгилдагидек кетса, сентябрда вакцина оммавий тарзда ишлаб чиқарилади.

Улар билан яқиндан алоқа ўрнатдик ва биринчилардан бўлиб Ўзбекистонга вакцинани келтириш бўйича келишиб олдик.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Америкалик шифокор коронавирусни самарали ва арзон даволаш бўйича Ўзбекистонга ёрдам бермоқчи»