Сўнгги йилларда Ўзбекистонда микроқарз ва истеъмол кредитлари бозори фаоллиги ортган. Лекин айрим кредит ташкилотлари томонидан агрессив реклама ва маркетинг усуллари орқали аҳоли ўртасида молиявий хизматлар оммалашмоқда. Бу эса, ўз навбатида, қарз юкининг кескин ўсишига олиб келмоқда.
Рақобат қўмитаси маълум қилишича, кўп ҳолларда бундай кредит маҳсулотлари шундай тарзда реклама қилинадики, фуқаролар асосан уни тез ва осон олиш имкониятига эътибор қаратади. Бироқ молиявий хатарлар ҳақида етарли ахборот берилмаслиги оқибатида кўплаб фуқаролар мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолмоқда.
Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси ва Марказий банк ҳамкорлигида “Реклама тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш киритиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, кредит ва микроқарзлар реклама қилинганда, рекламани камида 10 фоизи молиявий хатарлар тўғрисидаги огоҳлантиришга ажратилиши лозим. Ушбу ташаббус фуқароларнинг молиявий онгини ошириш ва ортиқча қарздорликнинг олдини олишга қаратилган.
Рақобат қўмитаси фуқароларни ҳар қандай қарз мажбуриятини олган ҳолда ўз имкониятларини аниқ ва масъулиятли баҳолашга, шунингдек, кредит шартлари, фоиз ставкалари ва тўлов мажбуриятларини пухта ўрганишга чақирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!