10:41 / 11.07.2020
2 885

Гўзaлликми ёки coxтaлик…

Гўзaлликми ёки coxтaлик…
Масалан, бировлар ўз баданига ҳар хил нақш ва расмлар чиздиришади. Бу эса Яратган берган ҳуснга норозиликдан ўзга нарса эмас. Булар татуировка ва татуаж кабилардир. Парвардигор нафақат бандаларини гўзал суратда яратди, балки бошқа махлуқларга берилмаган ақл ва ҳалол ризқ каби тенги йўқ неъматларини ҳам ато қилди. Мана шу неъматлар учун шукур қилиш ўрнига ўз жисмига озор бериб, чиройли суратни ўзгартирувчилар ношукур бандалардир. Хўш, татуировка ва татуаж нима, қандай чизилади?

Татуировка – турли хил шакл, расм ва нақшлар чизиш учун тери остига бўёвчи моддаларни сингдиришдир. Авваллари татуировка қилдирувчилар жуда саноқли бўларди. Ҳозир эса у оммавийлашиб, баъзи ёшларнинг фахрига айланган, ҳаттоки бунга аёллар ҳам ружу қўйди. Аслида бундай одат юқумли касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Тарихий китобларда ёзилишича, татуировканинг қадимий кўриниш­лари ибтидоий жамоа тузуми даврида вужудга келган. Аввалига бир қабила аъзоларини бошқа қабиладан ажратиб кўрсатиш учун қўлланган белги ке­йинчалик ашаддий жиноятчилар учун жазо воситасига айланган. Европага татуировкани XVIII асрда сиёсатчи Жеймс Кук олиб кирган. Аммо қайси манбани қидирмайлик, халқимиз ўтмишида татуировка тўғрисида бирор маълумот топилмайди.

Татуаж ҳам татуировка каби чизилади. Татуаж узоқ муддатгача пардоз буюмларини унутиб, лаб, кўз ва қошга шакл бериш, тери нуқсонлари бўлмиш чандиқ ва доғларни яшириш, хол қўйиш ёки табиий холларга бироз ранг бериш, умуман ҳар қандай вазиятда гўзал кўриниш имконини беради. Бироқ аёл ва қизларимиз татуажнинг соғлиққа, қолаверса, ташқи кўринишга сезиларли даражада зиён етказишини билишармикан? Сохта гўзаллик деб ўз саломатлигидан айрилишини кўпчилик билмаса керак.

Ҳозирги кунда татуировка қилдирувчилар анча кўпайган. Уларнинг асосий қисми ёшлар, ўспиринлар. Ўзини замонавий қиз ва аёллар деб билувчилар орасида татуаж кенг тарқалмоқда. У гўзаллик салонларида ишловчиларнинг севимли машғулотига айланиб бўлган. Тиб мутахассислари татуировка ва татуаж инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлайдилар. Хавотирли жиҳати шундаки, бунинг оқибатида юқумли касалликлар тарқалиши кўпаймоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, татуаж учун ишлатиладиган бўёқлар таркибида саратон хасталигини чақирувчи модда борлиги аниқланган.

Баданга турли хил шаклларни чизиш ва чиздириш ислом динида катта гуноҳ ҳисоб­ланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ с.а.в. соч улагувчи ва соч улатувчи ҳамда (холга ўхшаш бирорта) белги қўюв­чи ва қўйдирувчи аёлларни лаънатлаган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий с.а.в.: «Аллоҳ улама қилувчи аёлни ҳам, улама қилдирувчи аёлни ҳам ва вашм қилувчи аёлни ҳам, вашм қилдирувчи аёлни ҳам лаънатласин» дедилар». Яъни, жоҳилият даврида «вашм» – ясама хол қўйиш ҳам авж олган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида ўзларининг соғ баданларини игна ила тештириб қон чиқариб, жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирорта модда сепиб ясама хол қўйишар эди. Буни амалга оширадиган мутахассис аёллар бор эди. Ким сохта хол қўйдирмоқчи бўлса, ўшаларга мурожаат қиларди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу зот «Аллоҳ таоло (холга ўхшаш бирорта) белги қўювчи ва қўйдиргувчи, қош­ларни териб ингичка қилдирувчи, яккам-дуккам тишларни чиройли бўлиши учун эговлатувчи ва Аллоҳ яратган нарсаларга ўзгартиш киритувчиларни лаънатлаган» деганларида бир хотин Ибн Масъуд­га эътироз билдирган эди, шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Аллоҳнинг Расули лаънатлаган бўлса, қандай қилиб мен лаънатламайин?! Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз!” (Ҳашр сураси 7-оят) деган» деб жавоб қилдилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз керакки, тиббий ва илмий жиҳатдан уларнинг зарарли оқибатларидан хабардор киши бундай бўлмағур ишга қўл урмаслиги табиий. На ўзлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, имонимиз, жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бу каби оммавий маданият таъсиридан биз ўзимизни ва бош­қаларни асрамоғимиз лозим.

Бекзод НАРҚУЛОВ,
Чироқчи тумани бош имом-хатиби

Манба: Huquq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гўзaлликми ёки coxтaлик…