10:41 / 13.09.2020
457

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун: у бизга нега керак?

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун: у бизга нега керак?
Фото:«O`zLiDep»
2019 йилнинг 10 январидан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуни кучга кирди.

Хўш, бу қонун халқ учун нима беради? Унинг қандай фойдаси бор?

Одатда ҳар биримиз кунда-кунора давлат идораларига иш билан борамиз. Кимдир корхона очмоқчи, яна кимдир олди-сотди шартномасини тузмоқчи ёки пенсиясини расмийлаштирмоқчи. Бошқа биров уй ёки бошқа бирор иморат қуриш ҳаракатида, яна кимдир ўқишини бошқа институтга кўчириши, хорижда олинган дипломини тасдиқлатиш, илмий ёки ижодий фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ташвиши билан юрибди.

Хуллас ҳар биримиз уйда ёки ишда, ўқишда, кундалик ҳаётимизда керак бўладиган ҳужжатлар учун анча-мунча эшикларни очиб ёпамиз. Қаердадир ишимиз тез ва осон битса, яна қайсидир амалдорнинг олдидан ноумид қайтиб чиқамиз. Баъзида ҳужжатларнинг кўплиги, югур-югурлар силламизни қуритади. Ҳатто баъзида қайсидир иш учун тўплаган ҳужжатларимиз нотўғри, яроқсиз чиқиб қолса, яна ҳаммасини бошдан бошлашга тўғри келади. Тўғрироғи шундай эди.

Мазкур қонуннинг асосий мақсади ҳам имкон даражасида фуқароларни ортиқча даҳмазалардан халос қилиш, уларни қийнаётган муаммоларга тезроқ чек қўйиб, ишларини тезроқ битиришга ёрдам беришдан иборат. Қонун фуқароларнинг давлатга ва давлат органларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Масалан, қонуннинг 8-моддасида ўқиймиз:

«Маъмурий иш юритиш давомида манфаатдор шахслар томонидан тақдим этилган ҳақиқий ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар акси исботланмагунига қадар ишончли ҳисобланади».

Машҳур бир теленовелла эсингиздадир? Бир мансабдор ҳузурига иш билан келган фуқародан йигирматача жойдан маълумотнома ва уларнинг ҳар бири ҳаққонийлигини исботлайдиган қўшимча ҳужжатларни талаб қилади. Энди Сиз тақдим этган ҳужжатларни ҳеч ким «қалбаки» деёлмайди. Ва бу ҳужжат ёки маълумотларнинг ҳақиқий эканлигидан кимдир шубҳаланадиган бўлса, марҳамат, ўзи текшириб олаверсин. Бунинг учун сиз ҳаракат ёки харажат қилишингиз шарт эмас.

Ушбу қонунга кўра, маъмурий орган вакили манфаатдор шахс – яъни сизу бизга ўхшаган оддий фуқаро ўзига керакли ҳужжатни олиш учун борган тақдирда, унинг таклифлари, фикрларини эшитиши, агар улар ҳақ бўлса инобатга олиниши шарт. Дейлик сиз ўз тадбиркорлик фаолиятингиз учун зарур бўлган ҳужжатни тегишли идорадан олмоқчисиз. Ўз ишингизнинг паст-баландини сиз ўша идорада ўтирган мансабдордан кўра яхшироқ биласиз. Демак, ўша маъмурий ҳужжатни тайёрлашда нима учун сизнинг фикрларингиз, таклифларингиз тингланмаслиги керак?

10-моддада ўқиймиз: «Маъмурий тартиб-таомиллар очиқ, шаффоф ва манфаатдор шахслар учун тушунарли бўлиши лозим». Эътибор қилганмисиз, шу пайтгача аксарият маъмурий ҳужжатлар оддий фуқаро тугул унча-мунча тилшунос ёки файласуф ҳам тушуниши қийин бўлган услубда тайёрланарди? Нима учун? Фуқаролар ўзларига тегишли бўлган ҳуқуқ ва имтиёзларни тушуниб олишлари керак эмасми? Қонунлар, ҳужжатлар модомики, инсонларга хизмат қилиши керак экан, у ҳамма учун бирдек тушунарли ва аниқ бўлиши ҳам керак-да?

Қонунинг 13-моддасига кўра, агар маъмурий органга тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар маъносига кўра бошқа зарур ҳужжатлар мазмунини ўз ичига олса, ушбу ҳужжатлар қўшимча ёки алоҳида тарзда талаб қилиниши мумкин эмас.

Масалан, илгари айрим ташкилотларга ишга кирадиган ходимлардан паспорт нусхаси билан бирга турар жойидан маълумотнома, олий ўқув юрти дипломи билан бирга ўрта маълумот олганини тасдиқловчи мактаб аттестати ҳам талаб қилинарди. Қизиқ, паспортнинг алоҳида саҳифасида фуқаронинг қаерда яшаши гербли муҳр билан тасдиқлаб қўйилган бўлса, маҳалла раисидан яна бир парча қоғоз талаб қилиниши кулгили эмасми? Ёки мактабни битирмаган бола институтга қабул қилинмаслиги ойдек равшан-ку? Умуман олганда, бунақа мисолларни истаганча келтириш мумкин. Қонун ана шундай мантиқсиз ҳужжатбозликнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши ҳам ушбу қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Яъни фуқаро битта ишини битириши учун ўнта ташкилотга югуриб ҳам вақтини, ҳам нақдини, ҳам соғлиғини йўқотишига ҳожат қолмайди. Агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, маъмурий орган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, сизнинг иштирокингизсиз, бошқа идоралардан ўзаро ҳамкорлик воситасида олаверади.

24-моддада манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилган. Манфаатдор шахслар маъмурий иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусха кўчириш, рад қилиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, маъмурий иш юритишда иштирок этувчи бошқа шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимоснома ёзиш, маъмурий органга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, маъмурий иш юритиш давомида келиб чиқадиган барча масалалар бўйича ўз важларини баён этиш, бошқа манфаатдор шахсларнинг аризалари, илтимосномалари ва важларига қарши эътироз билдириш, маъмурий ва процессуал ҳужжатлар, шунингдек маъмурий ҳаракатлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Албатта, манфаатдор шахслар ҳам бу ҳуқуқлардан виждонан фойдаланиши, зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши керак.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий орган мумкин қадар қисқа муддатларда, кўпи билан ўттиз иш кунидан кечиктирмай маъмурий ишни кўриб чиқиши ва маъмурий ҳужжатни қабул қилиши керак.

Баъзида турли сабабларга кўра ишни тўхтатиб туриш ёки умуман тугатишга тўғри келади. Шундай ҳолатлар ҳам қонунда аниқ кўрсатиб ўтилган. 37-моддага асосан тегишли органлар маъмурий иш юритишни фақат ушбу иш билан боғлиқ ҳолатлар қайсидир судда кўрилаётган бўлса, маъмурий иш юритишда иштирок этаётган жисмоний шахс вафот этиб қолса, етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш лозим бўлса, манфаатдор шахслар иштироки зарур бўлганида, у узрли сабабларга кўра етиб келолмаса, манфаатдор шахснинг талабига кўра маъмурий орган томонидан экспертиза тайинланганда ва бошқа бир қатор ҳолатларда иш тўхтатиб турилади. Иш тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилгач, қайта тикланади ва бу ҳақда манфаатдор шахсларга бир иш куни ичида хабар берилади.

Маъмурий орган иш шу органда кўриш учун тегишли бўлмаса, айни шу иш юқори турувчи ташкилот ёки суд томонидан ёхуд бошқа ваколатли орган томонидан кўрилаётган бўлса, шу иш юзасидан илгари тегишли ҳужжат қабул қилинган бўлса, ариза ёки маъмурий шикоят уни тақдим этган шахс томонидан қайтариб олинса, ишни тамомлаш учун иштироки зарур бўлган манфаатдор шахслар узрсиз сабабларга кўра етиб келмаса, ишда иштирок этувчи жисмоний шахс вафот этса, юридик шахс тугатилса-ю, ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилмаса, шу ва бошқа ҳолатларда иш тугатилиши мумкин.

Хуллас, анчагина салмоқли ҳажмга эга бўлган ушбу ҳужжат халқаро қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда, муайян ўрганишлар ва кузатишлардан сўнг қабул қилинган.

Рустам Жабборов,
Адлия вазирлиги маъул ходими
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)