Amazon коинотга 300 тадан ортиқ сунъий йўлдош учирди

Amazon сўнгги бир ҳафта ичида иккита парвозни амалга ошириб, паст орбитали сунъий йўлдошлари сонини 300 дан оширди. Бироқ компания АҚШ Федерал алоқа комиссияси (FCC) лицензияси талабларидан сезиларли даражада ортда қолмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
30 апрель куни Француз Гвианасидаги Куру космодромидан "Ариане 64" ракетаси учирилди. У 2 соатдан сўнг 32 та Amazon Лео сунъий йўлдошини 465 километр баландликдаги мақсадли орбитага муваффақиятли олиб чиқди.
Бунгача 27 апрель куни Флорида штатидаги Канаверал бурнидан "Атлас 5" ракетаси учирилган ва коинотга 29 та аппарат олиб чиқилган эди. Ушбу парвозлар натижасида Amazon гуруҳидаги сунъий йўлдошларнинг умумий сони 302 тага етди.
Бу режалаштирилган 3232 та аппаратнинг 10 фоизидан ҳам камроқдир.
Компания 30 июлга қадар бутун гуруҳнинг ярмини орбитага олиб чиқиши керак. Январь ойида Amazon парвоз имкониятларининг қисқа муддатли тақчиллигини рўкач қилиб, регулятордан ушбу муддатни 2 йилга узайтиришни ёки бутунлай бекор қилишни сўраган эди.
Amazon март ойида тармоқни жойлаштиришни тезлаштириш ва йиллик парвозлар сонини 20 дан ошириш ниятида эканини маълум қилди. Шунингдек, компания "Фалcон 9" ракетасининг яна 10 та парвозини банд қилган.
Навбатдаги учириш 22 май куни "Атлас 5" ракетаси ёрдамида амалга оширилиши режалаштирилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!