00:23 / 06.11.2020
4 808

Бошида коронавирус фақат ўпкани зарарлайди, деб ўйладик. Лекин адашибмиз...

Бошида коронавирус фақат ўпкани зарарлайди, деб ўйладик. Лекин адашибмиз...
Ҳозирги кунда тиббиётнинг энг долзарб муаммоларидан бири бу коронавирус инфекциясидир. Бугунга келиб жаҳон миқёсида коронавирус билан зарарланган беморлар сони 40 миллиондан ошган. Ундан жиддий азият чеккан, яъни катта йўқотишларни бошдан кечирган давлатларнинг аксарияти яна карантин қоидаларини кучайтиришга мажбур бўлмоқда.

Барчамизга маълум, руҳияти, асаб тизими соғлом инсон ҳар қандай касалликни енгишга қодир. Бироқ ушбу тизимларга ҳам чанг солаётган тожсимон вирус нафақат сизу бизни, балки соҳа мутахассислари, олиму тадқиқотчиларни-да чуқур ўйга толдирмоқда. Мухбиримизнинг олий тоифали невропатолог, тиббиёт фанлари номзоди Нигора Иноғомова билан бўлган суҳбати айнан шу мавзуда бўлди.

– Айтинг-чи, коронавирус инсон руҳияти ва асаб тизимига қандай таъсирлар ўтказяпти?
– Британиялик олимларнинг аниқлашича, коронавирус жиддий неврологик ўзгаришларга олиб келади. Тадқиқотлар пайтида Covid-19 билан оғриган 40 дан ортиқ беморларда жиддий неврологик асоратлар: 9 нафарида – ўткир тарқоқ энцефаломиелит (кўпроқ болаларда учрайди ва уни вирусли инфекциялар қўзғатади), ўнлаб беморларда марказий асаб тизимининг яллиғланиши, руҳий ўзгаришлар, инсульт, Гийен-Барре синдроми, яъни асабларни зарарловчи ва фалажликка олиб келувчи иммун реакцияси кузатилган.

– Бошида биз бу вирус фақат ўпкани зарарлаб, зотилжам, яъни пневмонияни келтириб чиқаради деб ўйладик. Лекин адашибмиз, шундай эмасми?..
– Тўғри айтасиз, Covid-19 – нафақат вирусли пневмония, балки қон томирларнинг тизимли яллиғланишидир. Буни Швейцариянинг Цюрих университети олимлари аниқлашди. Айнан шу нега коронавируснинг бунчалик кўп юрак-қон томир муаммоларини келтириб чиқараётганини ва ҳаёт учун муҳим аъзоларнинг шикастланишига олиб келишини изоҳлаши мумкин. Аввалига беморлар асосан пневмониядан азият чеккан бўлса, кейинчалик у билан боғлиқ бўлмаган ҳолда юрак-қон томир хасталиклари ва полиорган етишмовчиликлар кузатила бошлади.

Олимлар кузатувига кўра, яллиғланиш жараёни турли аъзоларнинг қон томир эндотелийсини, яъни ички қаватини қамраб олади. Вирус эндотелий ҳужайраларида аниқланган бўлиб, нафақат ҳужайраларни, балки тўқима ва аъзоларни ҳам шикастлайди. Яна бир хулосага кўра, вирус иммун тизимига ўпка орқали эмас, айнан эндотелий деворидаги рецепторлар орқали ҳужум қилиб, барча аъзоларнинг қон томир тизимига таъсир кўрсатади.

– Айнан қайси аъзолар кўпроқ зарарланяпти?
– Коронавирус қон томир тизимининг яллиғланиши билан кечгани сабаб асосан ўпка, юрак, бош мия, буйрак ва ҳатто овқат ҳазм қилиш тизимини ҳам зарарлаяпти. Бу эса ўз навбатида жиддий ўзгаришларга, масалан, майда қон томирларда қон айланиши (микроциркуляция) бузилиши, ўпка эмболияси, мия инсульти, ошқозон-ичак тизимида микротромблар ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин.

– Коронавирусни болалар ва ёшлар енгилроқ, катталар эса оғирроқ ўтказиши сабабларига ҳамда оғир асоратларига ҳам тўхталсангиз...
– Ёш беморларда эндотелий ўзини яхши ҳимоя қила олса, катталарда ва кексаларда, айниқса, ёндош касалликлари бўлган, яъни қандли диабет, гипертония, юрак-қон томир хасталикларида эндотелий функцияси пасайиши ҳисобига организм вируснинг кўпайишига қаршилик кўрсатолмайди. Шунинг ҳисобига уларда касаллик оғирроқ ўтади.

Бир гуруҳ олимлар тадқиқот натижаларига кўра, Covid-19 билан касалланган беморларда буйрак хасталиги, марказий ва периферик асаб тизими, бош мия хасталикларидан инсульт, энцефалит, миелит, Гийен-Барре, тиришиш синдромлари кузатилган. Бундан ташқари, ичак зарарланиши, диарея, жигар ва кўз касалликлари ҳам вирус асорати сифатида намоён бўлган. Коронавируснинг ўткир даврида марказий ва периферик асаб тизими, мушак скелет тизими билан боғлиқ ўзгаришлар беморларнинг тахминан 1/3 қисмида учраган.

– Асаб тизимининг зарарланиши қандай белгилар билан кечади?
– Марказий асаб тизими зарарланиши белгилари: бош оғриғи, бош айланиши, ҳаракат мувозанати (координацияси) бузилиши, тез чарчаш, мушакларда оғриқ, тиришиш синдроми бўлиши мумкин. Баъзи беморларда геморрагик энцефалопатия, менингит ва энцефалит ҳам аниқланган. Хитой шифокорларининг маълумотига кўра, тахминан 6% беморларда инсульт ривожланган. Айрим ҳолларда бир неча периферик асабларнинг, яна бош мия краниал асабларнинг зарарланиши ҳам кузатилган.

Шунингдек, мушакларнинг вирусли зарарланиш ҳолатлари қайд этилган. Кўпинча вирус юқтириб олган беморлар ҳид сезиш ва таъм билишдан шикоят қилишади. Бу юқори нафас йўлларидаги шиш ва яллиғланиш ёки вируснинг ҳид билув нейронларига тўғридан-тўғри нейротроп таъсири натижаси бўлиши мумкин.

– Вирус асаб тизимини тўғридан-тўғри зарарлайдими ёки асорат сифатида ривожланадими?
– Йўқ, асаб тизимининг зарарланиши бирламчи эмас, чунки бош мия гематоэнцефалик (барьер) тўсиқ орқали ҳимоя қилинади. ГЭБ – бош мия, марказий асаб тизимини вирус, бактерия, ёт оқсиллар ва иммун ҳужайраларидан сақлайди. Қўриқчи вазифасини эса капилляр томирларнинг ички қаватидаги эндотелий бажаради. Лекин бир қанча ҳолатларда менингит ва энцефалит билан оғриган беморларнинг орқа мия суюқлигида (ликвор) вирус аниқланган. Бу эса ГЭБ нинг ўтказувчанлиги ошиши, яъни эндотелий функциясининг бузилиши туфайли рўй беради. Эндотелий вирус билан зарарланиб, ҳимоя вазифасини тўла адо этолмайди.

Шунда бош миянинг иккиламчи зарарланиши келиб чиқади. Биринчидан, капиллярларда қон айланиши бузилиши оқибатида мия кислородга тўйинмайди. Иккинчидан, бош мия гипоксияси ўпканинг ўткир зарарланиши сабаб нафас етишмовчилигидан келиб чиқади. Бунда ҳужайра митохондрийларида ёқилғи, яъни энергия берувчи, моддалар алмашинувида иштирок этувчи – АТФ ишлаб чиқарилиши пасайиши кузатилади. Бош мия кислород танқислигига (гипоксияга) жуда сезгир бўлиб, натижада бош оғриғи, ҳуш бузилиши, жиддий ҳолатларда кома ривожланиши мумкин.

– Сурункали неврологик касаллиги бор беморлар учун Covid-19 қанчалик хавфли?
– Коронавирусга чалинган беморларда сурункали неврологик касалликлар хуружи кузатилиши мумкин. Айниқса, инсульт, тарқоқ склероз, Паркинсонизм, тутқаноқ (эпилепсия), асаб мушак хасталиклари шулар жумласидандир. Беморларнинг аксариятида оғир депрессия, хотира ва тафаккур сусайиши ҳолатлари ҳам аниқланган. Лекин кўпчилиги тўлиқ муолажалардан сўнг ўз меҳнат фаолиятларига қайтишмокда.

Бу янги вирус эканлигини ҳисобга олсак, ҳозирча унинг келгусида қандай неврологик оқибатларга олиб келиши тўлиқ ўрганилмаган. Шу боис касалликни эрта муддатларда аниқлаб, вақтида тўғри ва тегишли чоралар кўрилса, албатта ижобий натижага эришилади.

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бошида коронавирус фақат ўпкани зарарлайди, деб ўйладик. Лекин адашибмиз...