12:30 / 09.11.2020
1 548

Cоғлом халқ, соғлом миллат буюк ишларга қодир бўлади

Cоғлом халқ, соғлом миллат буюк ишларга қодир бўлади
Инсоннинг наздида саломатликнинг баҳоси йўқ, чунки саломатлик бўлмаса, на фароғат ва на хашамат татийди. Соғлик ҳаётнинг шундай неъматидирки, чиндан ҳам бетоб подшодан соғлом гадо минг карра бахтиёрдир. Зеро, бахтимизнинг ўндан тўққиз улуши соғлиғимизга боғлиқ.

Халқимизда “Соғ танда соғлом ақл” деган ҳикмат бежизга айтилмаган. Боиси, инсон ҳаётда соғлом яшаши учун албатта, жисмоний тарбия билан шуғулланиб туриши керак. Жисмоний ҳаракатлар инсон организмидаги иш фаолиятини яхшилайди. Тана соғлом бўлса, инсоннинг фикрлаши ҳам яхши бўлади. Соғлом халқ, соғлом миллат эса буюк ишларга қодир бўлади.

Жаҳонда COVID-19 коронавирус пандемиясининг юзага келиши дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам аҳолининг соғлиғи, жисмонан саломатлиги, соғлом ҳаёт кечириш даражаси заиф эканлигини кўрсатди. Энг ёмони, бу офат кўплаб юртдошларимизни орамиздан бевақт олиб кетди.

Тўғри, пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб бу курашга 100 мингдан зиёд тиббиёт ходимлари сафарбар этилиб, улар ўзларини аямасдан, жонларини гаровга қўйиб, халқимиз саломатлигини сақлашда ҳақиқатда жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Лекин бугун қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларида беморлар учун шароитлар талаб даражасида эмаслиги сабабли, аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш қийин кечаётир.

Масалан, 2019 йилги ўлим ҳолатларининг 60 фоизи шу бўғинда олдини олиш мумкин бўлган юрак-қон томир касалликлари ҳисобига тўғри келган. Онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқланмоқда. Биринчи бўғинда сифат пастлиги учун аҳоли тўғридан-тўғри марказий шифохоналарга боришга мажбур бўлмоқда.

Негаки, шароит билан талаб, иш ҳажми мутаносиб эмас. Хусусан, қишлоқ врачлик пунктининг умумий амалиёт шифокори зиммасига 146 турдаги касалликка диагноз қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, шунингдек, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифалар юклатилган. Шу жиҳатдан қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарур.

Давлатимиз раҳбари президентлик фаолиятининг илк кунлариданоқ барча соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келаётгани ҳаммамизга яхши маълум. Айниқса, сўнгги тўрт йилда соҳага кўплаб имкониятлар яратилиб, долзарб масалалар ҳал қилиб берилди. Лекин шунга қарамай, соғлиқни сақлаш тизимида кутилган натижалар кўринмаяпти.

Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам тизимда олиб борилаётган ишлар танқидий, таҳлилий муҳокама қилинди.

Энди соҳада узоқ йиллардан буён тўпланиб қолган, одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган барча муаммоларга барҳам берилади. Чунки илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланиб, уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради.

5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шасхлар доимий назоратга олиниб, скрининг текширувлари ўтказилади. Касалликка мойил бўлганлар индивидуал патронажга олинади.

Соҳада етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт ташкилотлари, айниқса бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ. Сабаби қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд шифокор штати бор, лекин атиги 12 минг мутахассис ишламоқда.

Видеоселектор йиғилишида кадрлар масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилиб, шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарурлиги таъкидланди. Олис ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилиши ҳамда хизмат уйи билан таъминланиши саломатлик поспонларига қаратилаётган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Яна ҳам муҳим бир жиҳат борки, бу ҳақда алоҳида айтиб ўтиш айни муддаодир. Яъни, тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик орқали қанчадан-қанча касалликларнинг олдини олиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Йиғилишда бирламчи бўғин ходимлари аҳолини тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбияга ўргатиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилгани, муҳим воқелик бўлди. Боиси 40 фоиз аёлларда фолий кислотаси ва темир моддаси етишмайди, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 55 фоизида темир моддаси етишмаслиги сабабли камқонлик келиб чиқяпти. Бу муаммони фақат тўғри овқатланиш ва доимий равишда жисмоний тарбия билан шуғулланиш орқали ҳал этиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги кунда ҳаётимизнинг мазмунини ташкил этувчи асосий нарса – спортдир. Чунки, спорт – бу аввало соғлом авлод, соғлом келажак дегани. Демак, энди ҳар биримиз соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга айлантиришимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Cоғлом халқ, соғлом миллат буюк ишларга қодир бўлади