
22 ноябрдан бошлаб “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти шаҳарлараро қатновларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида “Нукус–Урганч–Нукус” йўналишидаги поездлар учун янги тарифларни жорий этмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 6354-6353-сонли йўналишда ҳаракатланувчи поезд чипта нархлари 22 ноябрдан бошлаб амалда бўлади. Янги тарифларга мувофиқ, катталар учун чипта нархи 40 минг сўм, болалар учун эса 21,5 минг сўм этиб белгиланган.
Аввалги тариф бўйича катталар 20 минг сўм, болалар эса 11,5 минг сўм тўларди. Яъни нархлар қарийб икки бараварга қимматлашмоқда. Масъуллар бу ўзгариш йўловчи вагонларида хизмат сифати ва қулайликни ошириш, шунингдек, поезд ҳаракати самарадорлигини таъминлаш билан изоҳламоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Нукус–Урганч–Нукус” йўналишидаги мазкур поезд шу йилнинг 27 сентябрида йўлга қўйилган эди. У ҳар куни эрталаб соат 05:30 да Нукусдан жўнаб, 08:50 да Урганчга етади. Қайтиш рейси эса Урганчдан соат 15:30 да йўлга чиқиб, 18:50 да Нукусга етиб боради.
Йўловчилар айтишича, поезд ички туризмда катта аҳамият касб этмоқда — бу йўналиш орқали ҳар куни юзлаб одамлар икки вилоят орасида сафар қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!