
АҚШ Президенти Доналд Трамп ўзининг “Truth Social”даги расмий саҳифасида жуда катта сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга баёнот билан чиқди. Унда Трамп Америка ва Ўзбекистон ўртасида янги даврни бошлайдиган миқёси бўйича тарихдаги энг йирик савдо-иқтисодий келишув ҳақида маълум қилди.
Президентнинг таъкидлашича, яқин уч йил ичида Ўзбекистон қатор стратегик соҳаларга — муҳим минераллар, авиация, автомобиль бутловчи қисмлар, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика, кимё ва ахборот технологиялари каби йўналишларга 35 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритади ва харидлар амалга оширади.
Шу билан бирга, келгуси ўн йил ичида бу кўрсаткич 100 миллиард доллардан ошиб кетиши кутилмоқда. Трамп буни икки мамлакат муносабатларида “мисли кўрилмаган бурилиш нуқтаси” сифатида таърифлади.
“Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги мисли кўрилмаган савдо-иқтисодий келишувни эълон қилишдан мамнунман. Яқин уч йил ичида Ўзбекистон Американинг муҳим минераллар, авиация, автомобиль бутловчи қисмлари, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва кимё, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим тармоқларига қарийб 35 миллиард доллар, келгуси ўн йилда эса 100 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритади ва харидларни амалга оширади.
Мен Ўзбекистоннинг юксак ҳурматли Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман. Мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли ва самарали муносабатларни интизорлик билан кутамиз!”, — деб ёзди АҚШ раҳбари.

Трампнинг бу баёноти Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганини англатади. Ҳозирча келишувнинг аниқ тафсилотлари очиқланмаган бўлса-да, таҳлилчилар бу қадамни икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқадиган қарор, деб баҳоламоқда.
Ўзбекистон сўнгги йилларда АҚШ билан муносабатларни изчил кенгайтириб келмоқда. Трампнинг ушбу постидан сўнг кўплаб халқаро нашрлар буни “Марказий Осиёда АҚШ таъсирининг мустаҳкамланиши ва Тошкентнинг геоиқтисодий нуфузи ортиши” деб атади.
Келишув амалга ошса, бу нафақат Америка ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмасини кескин оширади, балки минтақада янги сармоявий имкониятларни ҳам яратади.
Ҳозирча ҳар икки давлатнинг тегишли вазирлик ва агентликлари келишув бўйича техник ҳамкорликни муҳокама қилмоқда. Аммо аниқ бир нарса бор — икки давлат раҳбарлари ўртасидаги сиёсий ишонч ва иқтисодий яқинлик сўнгги йилларда ҳеч қачон бу даражада кучли бўлмаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.