15:24 / 20.06.2021
2 799

Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш тўғрисидаги Президент Фармони ҳақида


Очиқ ҳукумат, кучайтирилган ошкоралик, фуқаролар ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорлик 21-асрда ривожланишнинг энг асосий воситаларидан бири  ҳисобланади. Очиқлик марказий фундамент сифатида давлат ресурсларидан фойдаланишни яхшилайди ҳамда ҳукуматлар ва фуқаролар ўртасидаги ишончни оширади. Очиқроқ бўлган ҳукуматлар самарали ҳаракат қилади. Дарон Аджемоглу таъбири билан айтганда инклюзив қарор қабул қилиш жараёнларини осонлаштиради. 

Очиқлик давлатлар ва жамиятлар ривожланишида шунчалик аҳамиятлики, давлатлар тараққиётини аниқлашга қаратилган турли соҳалар бўйича халқаро рейтинглар ва индексларнинг муҳим компоненти ҳисобланади. 

Жаҳон банкинин Очиқ ҳукуматга оид стандартлари ҳам айнан шу мақсадларни кўзлайди. Айнан мазкур стандартлар доирасида Жаҳон банки ташаббуси билан Филиппин, Тунис ва Мароккода сезирларли ўсишга эришилди.

Жаҳон аренасида юқори нуфузга эга бўлган Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ОЭСР, OECD) ҳам очиқлик масаласига калит ролини беради. Ташкилот томонидан Очиқ ҳукумат маълумотлари (OGD) фалсафаси илгари сурилади. 

Фармонда қизил қалам билан “очиқлик презумпцияси” ҳақида гап кетади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон бу борада дунёда биринчилардан бўлиб, ушбу тамойилни қонунчилик ҳужжати билан мустаҳкамлаб қўйди. Аслида бу тамойил қаердан келиб чиққан деган саволга қуйидагича жавоб бераман. Ушбу тамойил 2013 йилда G8 мамлакатларининг саммитида “Саккиз гуруҳининг Очиқ маълумотлар Хартия”си (Франция, Германия, АҚШ, Италия, Япония, Россия ва бошқалар) доирасида қабул қилинган. Унда барча маълумотлар ўз ўзидан (по умолчанию) очиқ ҳисобланиши кўрсатилган. 

Германиядаги таниқли ва етакчи фикр марказларидан бири бўлган SWP маркази халқаро ва хавфсизлик ишлари институти нашри бундан сал кам 1 йил олдин Ўзбекистондаги ОАВ фаолияти ва сўз эркинлигига баҳо берган эди.

Хусусан, Ўзбекистонда Президентнинг очиқлик борасидаги сиёсати мамнуният билан қабул қилингани, сиёсий воқеаларни танқидий ва конструктив тарзда кузатадиган ва манипуляция уринишларини тезкор равишда эълон қиладиган кўплаб фаол блогерлар борлиги, улар ислоҳот сиёсати олиб боришга интиладиган ва фаол фуқаро тимсолини ўзида мужассам этиши эътироф этилган.

Шунингдек, ОАВ фаолиятини ривожлантириш, очиқ мунозараларни рағбатлантириш, жамоатчиликнинг мустақил иштирокини таъминлаш мақсадга мувофиқлиги таклиф этилган эди. Мазкур Фармон айнан шу масалаларни институционал ҳал этишга қаратилган. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга бу йилга Мурожаатномасида очиқлик масаласига жиддий эътибор қаратилган эди. Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, (187 мамлакат) 44-ўринни эгаллагани, бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани муҳим аҳамият касб этгани, таъкидланган.

Коррупциянинг олдини олишда барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари, очиқ ва фақат очиқ бўлишини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эгалиги алоҳида қайд этилган. Шунингдек, очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш, кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйиш, геология соҳасида кон ва истиқболли майдонлар маҳаллий ва чет эллик инвесторларга очиқ механизмлар асосида сотиш топширилган эди.

Энг асосий масала, давлат Раҳбари жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб бораётганимизни бежизга айтмаган эди. Дарҳақиқат, қайси маълумотлар очиқ, қайсилари ёпиқ, чекланмайдиган маълумотлар рўйхати буларнинг барчаси энди тартибга солинади. Ўз навбатида бу соҳадаги турли низо ва баҳсларга чек қўйилади. 

Очиқлик масаласига мазкур лойиҳа биринчи Адлия вазирлиги томонидан бошқа идора ва ташкилотлар билан келишиш учун 2020 йил 21 октябр куни юборилган эди. Барча идораларнинг таклифлари олингач, якуний таҳрири 2020 йил 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган ва у ерда яна қайта ишланган. 

Лойиҳа шу кунгача белгиланган тартибда 32 та вазирлик ва идора билан, шу жумладан Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, ДХХ, ИИВ, Олий суд, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Молия вазирлиги, ДСҚ, ДБҚ, Марказий банк, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишилган.

Шу ўринда, очиқлик орқали иқтисодий-ижтимоий ва маданий ривожланиб кетган давлатларни кўплаб давлатларни келтириб ўтиш мумкин. Булар қаторида Англия, Люксембург, Сингапур, Норвегия, Швеция ва бошқаларни келтириш мумкин. Биргина мисол, Жанубий Кореяда бундан тахминан 50 йил олдин ЯИМ ҳажми аҳоли жон бошига 1000 АҚШ долларини ташкил этган. Ҳозир эса бу кўрсаткич 32 минг долларни ташкил этади ва жаҳонда улар 10 ўринда кетишмоқда. Албатта фикримизча бу борада мазкур мамлакатлар бошқаларга ўрнак бўла олади. 

Шу ўринда, ўзи бу фармон қабул қилинишига нима сабаб бўлди деган масалага ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Ҳеч кимга сир эмас, овчилик соҳасида отиб ўлдирилган айиқ, қурилиш ва бошқа соҳалардаги тендерлар, айрим масалалар юзасидан ОАВнинг давлат органларидан жавоб олишда қийинчилик туғилиши, камераларга шикаст етказилиши, ёҳуд кўчадаги камералар қаерга ўрнатилганлиги ва у нимани фиксация қилаётгани бўйича одамларнинг норозилиги, айрим ҳужжатларнинг сир эканлиги оқибатида ошкор қилинмаслик ҳолатлари ва бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Кўриб турганингиздек, ҳеч бир масала йўққи, уни давлат Раҳбари ва бошқа мутасадди вакиллар томонидан эшитилмасдан қолмайди. 

Юқорида қайд этилган Фармон фундаментал ҳужжат бўлиб, унинг асосий мақсади очиқ ва шаффоф давлат бошқаруви тизимини шакллантириш орқали жисмоний ва юридик шахсларга ахборот тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш, шунингдек жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини таъминлаш ҳисобланади.
Фармон билан: 
– давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига “шаффофлик, очиқлик ва ҳисобдорлик” тамойиллари жорий этилди;
– давлат органлари маълумотлари очиқлиги презумпцияси жорий этилиб, унга мувофиқ, қонун билан чекланмаган ҳар қандай маълумот очиқ маълумот бўлиши белгиланди.

Шунингдек, Очиқ маълумотлар шаклида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар Рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга 33 та очиқланиши мажбурий бўлган маълумотлар киритилган. Улар қаторида:
– давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тасдиқлаган йиллик иш режалари, шунингдек йиллик (ярим йиллик) харажатлар сметаси ва унинг ижроси. 
– назорат қилувчи органлар томонидан тегишлича ўтказилаётган ҳар бир тафтиш ва текширишлар;
– Ўзбекистон Республикасининг давлат корхоналари ва муассасалари реестри, сарфлаган Давлат бюджети маблағлари;
– давлат улуши бўлган юридик шахслар кузатув кенгаши аъзоларининг таркиби;
– қонунчилик ҳужжатлари билан солиқ, божхона имтиёзлари
 ва преференциялар
берилган субъектлар ҳамда улар томонидан тўланган солиқлар тўғрисидаги маълумотлар ва бошқалар. 

Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлигига оид қонун ҳужжати янги таҳрирда ишлаб чиқилади.
Таъкидлаш жоизки, давлат органлари раҳбарлари томонидан ҳисобот ва маълумотлар беришнинг янги тартиби белгиланмоқда. Унга кўра, ҳар бир идоранинг йил давомида қилган ишлари бўйича ҳисоботи веб-сайтга жойлаштирилади, мутасадди шахслар ҳисобот ва жамиятнинг энг муҳим бошқа масалалари ҳақида матбуот анжуманлари орқали аҳолига ахборот тақдим этиб боришади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари  ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича қўшимча вазифалар юклатилди.
Парламент аъзоларининг иш фаолияти самарадорлигини очиқлик орқали таъминлаш назарда тутилмоқда. Жумладан, депутат ёки сенаторнинг ҳар бир қонун лойиҳасини қабул қилиш ёки маъқуллашда берган овозларини очиқ эълон қилинади.

Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармасини ташкил этилади. Бунда жамғарма маблағлари жамоатчилик назоратининг ҳар қандай шакллари, шу жумладан жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик кенгашлари фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади. 
Эндиликда, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индекси аниқланади ва унинг натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

“Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини янги таҳрирда қабул қилинади. Унда чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхатига кирмайдиган маълумотларни махфийлаштиришни тақиқлаш, чеклаб қўйилган ахборотлар рўйхати, ундан фойдаланиш ҳамда маълумотларни бундай ахборотлар жумласига киритиш тартиби белгиланади. 

Очиқликка оид қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Шубҳасиз, лойиҳа давлат бошқарувини амалга оширишда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Фармон бир йўла қуйидаги 6 та халқаро индекс ва рейтингларда (Жаҳон банкининг “Бошқарув сифати индикаторлари”, “The Economist Intelligence Unit”нинг “Демократия индекси”, “Транспаренси интернешнл” ташкилотининг “Коррупцияни қабул қилиш индекси”, Бертельсманн фондининг “Трансформация индекси”, Жаҳон иқтисодий форумининг “Иқтисодий эркинлик индекси”, Жаҳон банкининг “Статистик салоҳият индекси”) Ўзбекистон ўрни сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилади.

Давлат раҳбарининг шу сўзлари ўринли. Ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби. Очиқликдан фақат муттаҳамлар қўрқади.
 
70 лицензия ва 34 рухсатнома тугатилди, бошкалар билан бирлаштирилди ёки хабарномага ўтказилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш тўғрисидаги Президент Фармони ҳақида