Тўққиз йилдан буён Грецияда доимий яшайдиган, октябрда Ўзбекистонга келган Facebook фойдаланувчиси Nata Demi’нинг тошкентлик зиёли таксист билан кечган саргузашти ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ўтган ҳафта тарқалган, таъбир жоиз бўлса, энг позитив ҳикоялардан бири бўлди. Тармоқ фаоллари таъкидлаганидек, «шунақа ҳикоялар керак бизга».
«Дарё» Nata Demi ёзган кичик, лекин ҳаётий ҳикоянинг ўзбекча таржимасини эътиборингизга ҳавола қилади.
Тошкентлик таксист ҳақида
Тошкентда такси шундай тўхтатилади — йўл ёқасига салгина яқинлашсанг бас, ҳайдовчилар «мени тўхтатсин!» деган илинж билан чироқларини липиллата бошлайди ё сигнал чалади ёки бирданига бир неча машина ёнингга келиб тўхтайди.
Греция билан солиштирганда, таксида йўлкира унча қиммат эмас. Лекин савдолашмаслик — гуноҳ.
Бизга бир дунё дори-дармон ёзиб берган невролог қабулидан чиқиб, дориларни сотиб олишга етарли пулга эга бўлиш мақсадида Шимолий вокзалдаги банк томон отландик. Онам бекатда ўтирарди, мен эса такси тутаётгандим — аниқроғи, таксичилар мени тутаётганди.
Мана, эскигина «Жигули» келиб тўхтади — бунақасини тўққиз йилдан бери кўрмагандим. Рулда бошига тўрдўппи кийган, соқол қўйган одмигина амаки (ёши катта, лекин ҳали бобой-чол бўлиб қолмаган эркак) ўтирарди. Унинг ёнида, олди ўриндиқда холажон — ёши катта, лекин ҳали кампир бўлиб қолмаган аёл ҳам бор эди.
Мен ишонқирамай, хўрсиниб қўйдим — бу йўловчиси бор шалдироқ аравага ким ҳам ўтирарди? Қаерга бориш кераклигини айтдим. Онам томонга ишора қилиб, икки киши эканлигимизни билдирдим. У индамай кетиб қолар деган умидда 20 минг сўм (салкам 2 доллар) таклиф қилдим. Амаки эса мени ҳайрон қолдириб, дарров кўна қолди.
Онам қўлтиқтаёқ билан «Жигули»нинг олдига келганида олд ўриндиқдаги холажон ҳовлиқиб қолиб, машинадан тезгина тушди ва нисбатан қулайроқ жойни онамга бўшатиб берди, қўлларидан эҳтиёткорлик билан ушлаб, машинага авайлаб ўтқазди, ўзи эса мен билан орқа ўриндиққа ўтирди. Шундан сўнг йўлга тушдик.
Ҳайдовчи онамдан раҳмдиллик билан шундай гўзал аёлга қўлтиқтаёқ нима учун кераклиги, мабодо банкни ўмаргани кетмаяпмизми-йўқмилигини сўради. Шундай қилиб, гап гапга уланиб, суҳбатлашиб кетдик.
Тошкентда тўққиз йилдан бери бўлмаганимни эшитган амакижон бизни Халқлар дўстлиги шоҳкўчаси, Анҳор бўйи ва Мустақиллик майдони қаршисидан олиб ўтиб, мен учун янги бўлган Тошкентни кўрсатиш ва таърифлаш мақсадида, атайин узоқ йўл орқали ҳайдади.
Амаки оиласи билан АҚШга Мексика орқали ноқонуний кетмоқчи бўлгани, лекин нимадир ўхшамай қолиб, тўрт ой Туркияда қолиб кетишгани, кейин эса ортга қайтишга қарор қилишгани ҳақида ҳикоя қилиб берди — ҳар ҳолда, ноқонуний иммиграция хавфли, Мексика—Америка чегарасини эса ҳамма ҳам кесиб ўта олмайди.
Биз Грециядаги ҳаёт, болалар ҳақида гаплашдик. Нархларни солиштириб, жиғибийрон бўлдик. Уёқдаги ва буёқдаги ҳукуматларни тўйгунча койидик ва бизнинг замонда ҳеч кимга осон тутиб бўлмаслиги ҳақида суҳбатлашдик.
Марказий универмаг (ЦУМ) ва китоб расталаридан ўтаётиб, ўсмирлар Солженицинни ўқишлари керакми ё унда исёнкорлик кўпми, Пушкининг «Қуръонга тақлид» асаридан олинган таассуротлар ва Лев Толстойнинг энг кучли асари «Мутолаа доираси» эканлиги борасида баҳслашдик. Кейин эса Улуғбек амаки Шекспирнинг ўша машҳур «To be or not to be»сини инглиз тилида ўқиб берди.
Мен қотиб қолдим. Ҳайратдан. Тошкетнинг ақлдан оздирадиган кўчалари бўйлаб аранг кетаётган шалоғи чиққан «Жигули»да Тургенев тўғрисида мулоҳаза юритувчи ва яқиндагина кинофестиваль бўлиб ўтган «Ўзбеккино» биноси ҳақида ҳикоя қилиб берувчи ўранган аёл билан кетаётганимдан ҳайратда эдим.
— Улуғбек амаки, қаерда ўқигансиз? — деб ҳайдовчимиздан сўрадим.
— Эҳ, мен тентакман. Иттифоқ парчаланаётган вақтда Молия институтини 3-курсда ташлаб кетганман. Ишлагани кетдим. Мана, энди қариб қолдим, фақат китоб ўқийман.
Биз Навоий театри ва Санъат музейи ёнидан ўтаётиб, Ботичеллининг Венераси ҳақида (бунинг нималигини тошкентликлар билади), санъатнинг қандай ажойиблиги ва уни болаларга кўрсатиш қанчалик муҳимлиги ҳақида фикрлашдик. Лекин ҳар қандай яхши нарсанинг охири бўлгани каби биз ҳам банкка етиб келгандик.
Бошида келишилган арзимасгина пулни тутқазишга энди уялаётгандим, ахир Улуғбек амаки менга Тошкентнинг ярмини кўрсатди. Мен яна қўшиб беришга қарор қилдим.
Улуғбек амаки эса йўл ҳақини олишдан қатъий бош тортиб, шу яқин атрофда китоб дўкони борлиги ва у ердан бўйи етган грек қизим учун Абдулла Қодирийнинг рус тилига ўгирилган китобларини сотиб олишим мумкинлигини айтди.
Тошкентликлар барибир жуда бошқача. Уларнинг қалби очиқ. Улар сизга уйининг тўридан жой беради, энг мазали таомлар билан сийлайди ва агар бу меҳмондўстликдан бош тортсанг, хафа бўлади. Мен куннинг иккинчи ярмида ҳам ўша шалдироқ «Жигули»даги одмигина ҳайдовчи ва у билан барча нарсалар ҳақида кечган дунёвий суҳбатимизни эслаб, кулиб юрдим.
Раҳмат сизга, Улуғбек амаки! “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади