Қашқадарё вилоятининг Косон туманида содир бўлган жиноят ҳамма юракни ларзага солди. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли поликлиникада фаолият юритган ҳамшира 3 ёшли қизчани икки марта сотишга уринган. Воқеа юзасидан жиноят ишлари бўйича суд ҳукми чиқди.
Воқеа илк бор 2023 йилда рўй берган. Маълум бўлишича, 2020 йилда туғилган қизалоқни онаси билан тил бириктирган ҳамшира уни 19 миллион 700 минг сўм эвазига бошқа бир аёлга сотган. Бундан ташқари, у қизчага туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиб бериш учун яна 2 миллион сўм пора олган.
Орадан икки йил ўтиб, 2025 йилда у яна шу қизни сотишга уринган. Бу сафар 60 ёшли эркак билан тил бириктириб, қизчани бошқа бир фуқаро номига 15 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинган.
Косон туман судида бўлиб ўтган суд жараёнида ҳамшира Жиноят кодексининг:
135-моддаси 3-қисм “Одам савдоси” (вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган)
168-моддаси 2-қисми “Олдиндан тил бириктириб содир этилган фирибгарлик” моддалари билан айбли деб топилди.
Суд ҳукмига кўра, аёл 2 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилди ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида жарима тўлашга мажбур қилинди. У билан тил бириктирган эркакка эса 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланди.
Суд маълумотларига кўра, айни пайтда қизалоқнинг аҳволи яхши. У Китоб туманидаги болалар уйида тарбияланмоқда.
Қашқадарёда 3 ёшли қизчани икки марта сотган ҳамшира қамалди
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар