date

Тошкентда иккиламчи уй нархлари пасайиб, янги қурилганлар қимматлашди

Тошкентда иккиламчи уй нархлари пасайиб, янги қурилганлар қимматлашди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон кўчмас мулк бозори бўйича навбатдаги таҳлилини эълон қилди. Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида сентябрь ойида иккиламчи уй-жой бозорида нархлар 0,6 фоизга ошган бўлса-да, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга пасайиш қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, пойтахтдаги иккиламчи бозорда айниқса Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида нархлар сезиларли даражада пасайган. Бу туманларда ўртача нарх тушиши 4,3 фоизни ташкил этган. Мутахассислар бу ҳолатни айрим ҳудудлардаги талабнинг камайиши ва сотувчиларнинг бозорга мослашиши билан изоҳлайдилар.

Шу билан бирга, бирламчи уй-жой бозорида эса аксинча — ўсиш кузатилди. Сентябрь ойи давомида янги қурилган хонадонлар нархи ўртача 3 фоизга ошган. Энг катта ўсиш Миробад, Бектемир ва Яккасарой туманларида қайд этилган бўлиб, бу ҳудудларда ўсиш 5,8 фоизга етган.

Муттахассислар таъкидлашича, янги қурилиш лойиҳаларининг кўпайиши, қурилиш материаллари нархининг ўсиши ва пойтахт марказидаги ер танқислиги бирламчи бозордаги нарх ошишига таъсир қилган.

Республика миқёсида ҳам ўхшаш тенденция кузатилди. Иккиламчи уй-жой бозоридаги ўртача нархлар сентябрь ойида 0,6 фоизга ўсган. Йиллик ҳисобда эса ўртача квадрат метр учун нарх ўтган йил сентябрига нисбатан 4,6 фоизга кўтарилган.

Вилоятлар кесимида энг катта ўсиш Сурхондарё (+19 фоиз), Сирдарё (+15,8 фоиз) ва Жиззах (+14,5 фоиз) вилоятларида кузатилган. Бу ҳудудларда сўнгги ойларда қурилиш фаоллиги ошгани ва ички талаб юқори бўлгани қайд этилган.

Шундай қилиб, кўчмас мулк бозоридаги умумий манзара икки йўналишда намоён бўлмоқда: янги уйлар қимматлашар экан, иккиламчи бозорда айрим ҳудудларда нархлар пасайишда давом этмоқда. Экспертлар фикрича, йил охиригача бозордаги асосий тенденцияларни қурилиш бозори фаоллиги ва ипотека сиёсати белгилаб беради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда иккиламчи уй нархлари пасайиб, янги қурилганлар қимматлашди