Дунёда транспортлар ҳаракати учун мўлжалланган жамики йўллар борки, уларда пиёдалар ўтиш йўлаги ҳам ажратилган бўлади. Айрим жойларда уларнинг ҳаракати светофор билан тартибга солинган бўлса, баъзи жойларда пиёдалар ўтиш жойи борлигини билдирувчи белгилар ўрнатилган, холос.
Юртимиздаги ана шундай пиёдалар учун мўлжалланган ўтиш жойларини кузатар эканмиз, жуда кўп ҳолларда уларнинг йўлдан шошиб (баъзида югуриб) ўтаётганини кўрамиз. Гарчи бу ерда пиёданинг ҳаракатланиши устуворликка эга бўлса-да, кўпчилик ҳайдовчилар буни инобатга олмайди. Одатий тезликда йўлни кесиб ўтаётган пиёда машиналарнинг давомли сигналлари таъсирида қандай тезланиш олганини ўзи ҳам пайқамай қолса, ажабмас. Зеро, бу каби ҳолатларни бир эмас, бир неча марта гувоҳи бўлганмиз.
Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, автомобил ҳайдовчиси светофор ўрнатилган йўлларда унга ҳаракатни амалга оширишга рухсат берувчи чироқ ёнганида ҳам ҳали ҳаракатни якунламаган пиёдага йўл бериши керак. Бироқ ҳамма ҳайдовчилар ҳам бунга амал қилмаслиги барчамизга кундек равшан. Баъзан «фалон давлатда ҳайдовчилар пиёда ҳали транспорт йўлига чиқмасидан туриб уларга йўл берар экан» деган мазмундаги гаплар қулоққа чалинади. Бу каби таассуротлардан ҳамюртларимиздаги бошқа давлат пиёдаларига нисбатан ҳавас ҳиссини сезиш мумкин.
Бир яқин дўстимнинг машинасида юрганимда унинг йўлдаги барча пиёдаларни ўтказиб юборгани, уларга йўл бераётганини кўриб, бу қадар олийжаноблигининг сабабини сўраганман. Ўшанда у «онам уйдан чиқишимдан олдин пиёда юрган вақтларингни зинҳор унутма. Йўлингдан пиёдалар чиқса, албатта йўл бер, деб тайинлаган» деганди.
Дарҳақиқат, ривожланган мамлакатларда машина бу ҳашамат белгиси эмас. Бизда ҳам одамлар аста-секин буни англаб етишяпти. Агар ҳар бир ҳайдовчи юқорида айтилганидек, ўзининг машинасиз юрган вақтларини, исталган вақт бу мулкидан айрилиб, аввалги ҳолига қайтиши мумкинлигини англаганида, йўлдан ўтаётган пиёдалар бу қадар ҳадик билан юрмаган бўлишарди, эҳтимол.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ташкил этилган #Қоидага_риоя_қилайлик деб номланган лойиҳани ҳам эътироф этиш керак.
Бошқарманинг расмий саҳифаларида эълон қилинган хабарда юртдошларимизни йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга чорлаш назарда тутилган. «Тезликни оширманг», «Сиз бизга кераксиз», «Пиёда – бу бизнинг ота-онамиз!» каби ёзувлар акс этган лавҳалар мамлакатимиз фуқароларини қоидаларга риоя этишга ундайди.
Зеро, тезликни ошираётган киши уйида уни оиласи, фарзандлари кутаётганини ўйласа, пиёдалар ўтиш жойида тўхтамасдан, сигнал чалиб ўтаётган ҳайдовчилар қўрқув аралаш қадам босаётган ҳар бир пиёданинг ўрнида ўз ота-онасини тасаввур қилиб кўрса, сўнгги вақтларда кўпайиб бораётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олинган бўларди, эҳтимол.
Диний томондан олиб қаралса ҳам йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш вожиб амал дейилган. Хусусан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом ноиби, таниқли уламо Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ҳадиси шарифларда ҳам йўлга доир одоблар жуда кенг ёритилгани, йўлнинг ҳақи бор, деган тушунча ҳам аслида исломда борлигини таъкидлаган.
«1994 йил Брунейда бўлиб ўтган ислом конференциясида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш шаръий жиҳатдан қанчалик асослилигига доир баҳс бўлган. Покистонлик уламо Муҳаммад Тақий Усмоний анжуман қатнашчиларга тақдим қилган мақолаларида тақдим қилган далиллар 99 фоиз уламолар томонидан қабул қилинган. Ўша ҳужжат ва бошқа уламоларнинг китобдаги гапларига кўра, пиёда бўлсин ёки уловда бўлсин йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш шаръий жиҳатдан вожиб ҳисобланади.
Барча йўл қоидалари аслида инсоннинг жони ва молини асраш мақсадида тузилган. Бу эса Исломнинг аҳкомларида ҳимоя қилиш кўзда тутилган ҳамда шариат мақсадларига мувофиқ ҳисобланади», – деган эди Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.
Шерали Солиев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»