16:00 / 05.02.2022
877

Келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчати экилади

Келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчати экилади
Бугунги кунда экологик муаммолар глобал муаммога айланиб, уларнинг кескинлашуви ердаги ҳаётга хавф туғдирмоқда. Оролнинг қуриши, бунинг оқибатида юзага келган муаммолар, аҳолининг саломатлигига таъсир кўрсатди.

Шу боис мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган экологик муаммоларнинг олдини олиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз раислигида 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

Йиғилишда бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмаслиги, бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкинлиги айтилди. Демак, ҳар биримиз маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда уларга бефарқ бўлмаслигимиз керак.

Таҳлилларга кўра, деярли барча давлатларда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ортиб бормоқда. Мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ўсиш ҳисобига бу кўрсаткич 7 миллион тоннага етиб, йилига 2 фоиздан ўсмоқда. Лекин уларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи қониқарли эмас.

Хусусан, Қорақалпоғистонда 10 фоиз, Фарғона ва Қашқадарёда 20 фоиз чиқинди қайта ишланади, холос. 781 та маҳаллада чиқиндиларни олиб чиқиш масаласи ҳал этилмаган. Аҳолининг бу соҳадаги хизматлар бўйича дебитор қарздорлиги ҳам кўп. Тиббиёт ва таълим муассасалари, бозорлар учун 19 минг дона чиқинди контейнерларига эҳтиёж бор. Шунинг учун мазкур муаммога жиддий ёндашиш тақозо этилмоқда.

Ҳаммамизга аёнки, 2021 йил ноябрда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Шунга мувофиқ, кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчатларини экиш мўлжалланмоқда.

Чунки «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экиш мақсад қилинган. Бу борада жорий йил 1 мартдан «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланиши ва ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етиштириш учун кўчатхоналар кўпайтирилиши айни муддао бўлди.

Албатта, дарахт кўчатларини экиш ишлари жадаллик билан давом этаётгани бежиз эмас. Боиси, дарахтлар ҳаводаги зарарли карбонат ангидридни ютиб, ўрнига кислород ишлаб чиқаради ва бизнинг нафас олишимизга ёрдам беради. Энг муҳими, яшил ҳудудлар инсониятга ижобий таъсир кўрсатади.

Халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Лекин бу эзгу одатлар бугун негадир йўқолиб кетаётгандек гўё. Шу нуқтаи назардан, олдимизда турган вазифаларни муваффақиятли тарзда амалга ошириш учун бор билим ва маҳоратимизни ишга солишимиз, Ватанимиз тараққиёти йўлида ёниб яшашимиз керак. Зеро, тозалик бор жойда файзу барака бўлади.

Равшанбек БEГМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчати экилади