
"Бавария" спорт директори Кристоф Фройнд Жамал Мусиаланинг ҳолати ва келажакдаги режалар ҳақида маълумот берди. 22 ёшли ярим ҳимоячининг оғир жароҳатидан сўнг сафга қайтиши яқин кунларда кутилмоқда.
Жамоа бу мавсумда Мусиаласиз ҳам ишончли ўйин кўрсатмоқда, шу сабабли кўпчилик немис юлдузининг асосий таркибда ўйнаш имконияти борасида саволлар бермоқда.
"Жамалнинг ҳолати яхши, у тўғри йўлда эканидан хурсандман. У яқин ҳафталарда тўп билан машғулотларни бошлайди. Бутун жамоа унинг тез орада қайтишини интиқлик билан кутмоқда.
Мусиала – ўйиннинг боришини ўзгартира оладиган ажойиб футболчи, у билан биз янада кучлироқ бўламиз. Ёзда кўпчилик "Бавария" Мусиаласиз қандай ўйнайди, деб баҳслашган эди, энди эса у бизни кучайтирмайди дейиш нотўғри.
Албатта, у таркибда ўз ўрнига эга бўлади, чунки у биз учун жуда муҳим футболчи", – деди Фройнд Sky Sportга берган интервьюсида.