date
views 3 993

“Ҳалоллик вакцинаси” виждонимизни уйғотиб, қурум босган зеҳниятимизни тозалайди

“Ҳалоллик вакцинаси” виждонимизни уйғотиб, қурум босган зеҳниятимизни тозалайди
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси, том маънода, тарихий воқелик бўлди. Унинг тарихийлиги шундаки, Президентимиз мамлакатимизни 2020 йил ва келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ҳамда вазифаларни белгилаб бериш асносида, қўлга киритилган ютуқлар қаторида, йўл қўйилаётган камчиликлар, мавжуд муаммоларга ҳам алоҳида тўхталди. Уларни бартараф этиш йўлларини ва чора-тадбирларини аниқ-тиниқ кўрсатиб берди.

Коррупция илдиз отаётган соҳалар, ёшлар таълим-тарбиясида учраётган оқсоқликлар, аҳоли камбағал қатламининг қаддини тиклашига кўмаклашиш... Юртбошимиз бу долзарб масалаларга тўхталганда, залда ўтирганлар бир-бирига қаради. Нигоҳлардан шунча дардимиз бор эдию, аммоуни айтишга шу вақтга қадар ҳеч биримизнинг журъатимиз етмасди, деган фикрни англаш мумкин эди.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда,турли иллатлардан холи, фаровон, одил жамиятни қуришда энг муҳим “ричаг” — ҳар биримиз ўзимизни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашимиз кераклигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, айнан ҳалоллик шу вақтга қадар миллатга азоб бериб келаётган дардларга малҳамдир. Ҳалоллик шундай бир сеҳрли калитдирки, айнан у тараққиётимизга ғов бўлиб келаётган эшикларни очади. “Ҳалоллик вакцинаси” виждонимизни уйғотиб, қурум босган зеҳниятимизни тозалайди.

Президентимиз билдирган фикрлар, илгари сурган ташаббус ва ғоялар маданият соҳасидаги ишларнинг ҳам, том маънода, ядроси бўла олади. Масалан, ишга ҳалол ёндашиш, ҳалол яшаш, виждон амрини ҳаёт тамойилига айлантириш борасидаги фикрларни олайлик. Ҳалоллик аслида маданият дегани-ку! Инсон ҳалол бўлиши учун унда, аввало, ички маданият бўлиши зарур.

Шундай экан, биз, маданият ходимлари ислоҳотни, биринчи ўринда, ўзимиздан бошлашимиз шарт. Биз тизимни шундай ҳолатга келтиришимиз керакки, музей, кино, театр, санъат мактаблари, истироҳат боғлари, маданият даргоҳлари тарбия ўчоғи бўлиши, улар одамлар учун маънавий халоскор масканларга айланиши зарур.

Одамлар кўряпти-ку, деб, қайнона-келин можароларидан нарига ўтолмайдиган фильмларни суратга олаверадиган, томошабинлар кулса бўлди, дея бачкана мавзулардаги спектаклларни саҳналаштирадиган, маза-матрасиз, тутуриқсиз сўзларни тизиб, тумтароқ жумлаларни ҳам қўшиқ қилиб куйлайверадиган замонлар ўтди энди.

Бугун одамларнинг кўзини очадиган, мудраган қалбларни уйғотадиган, ҳаётга, Ватанга муҳаббатини оширадиган, бунёдкорликка ундайдиган асарлар яратишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Олдимизни баланд марраларни қўйиб, юксак орзу-мақсадлар учун ҳалол меҳнат қилмасак, олиб борилаётган бугунги ислоҳотлардан орқада қолиб кетамиз. Халқимиз, Президентимиз олдимизга қўяётган талабларга жавоб бера олмаймиз.

Тарихимизнинг ойдин лаҳзалари шундай хулоса берадики, саҳна доимо томошабинлардан баланд бўлган, кинотасмаларга инсонни эзгуликларга эргаштиргувчи ғоялар муҳрланган, куй-қўшиқларда юртдошларимизнинг дарду қайғулари, орзу-армонлари, ишончу умидлари тараннум этилган. Бу жиҳатлар барчамизга ўрнак, ибратдир.

Юртбошимиз нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият муҳимлигини, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлишини қайд этди. Шарқ донишмандларининг “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!”, деган ҳикматини алоҳида таъкидлади.

Ушбу фикрлардан келиб чиқиб айтиш жоизки, бугунги кунда ҳаммамиз замонавий билимларни ўзлаштиришни, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлишни узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айлантиришимиз керак. Шундагина Президентимиз таклифи билан ном олган жорий — Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида олдимизга қўйилган топшириқ ҳамда вазифаларни уддалай оламиз.

Мурожаатномада маданият соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар янгича руҳда, шиддат билан давом эттирилиши таъкидланди. Жумладан, бу йил маданият ва санъат муассасаларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилади. Бюджет маблағлари ҳисобидан 22 та театр ва маданият объектлари қурилади ва реконструкция қилинади. Шунингдек, давлат-хусусий шериклиги асосида 20 та маданият маркази ва истироҳат боғлари фаолияти йўлга қўйилади.

Кинематография соҳасида бадиий жиҳатдан етук асарлар яратиш, замонавий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилади, янги кинотеатрлар қурилади.

Жорий йилда давлат буюртмаси асосида кино маҳсулотлари ишлаб чиқаришни молиялаштириш такомиллаштирилади. Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан Кинематографияни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда “Кинематография тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Шаҳрисабз шаҳрида иккинчи бор Халқаро мақом фестивалининг ўтказилиши маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеалик бўлади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, ушбу фестиваль аждодларимиздан бизгача етиб келган нодир мусиқа меросимизни тарғиб қилиш, уни жаҳон миқёсида тараннум этишга имконият яратмоқда. Биз, санъат аҳли, халқимизнинг илғор зиёлилари ёшларда мақом санъатига тўғри муносабатни шакллантириш учун ушбу маданий меросимизнинг сеҳрли кучини, жозибасини, улуғворлигини уларнинг онгу қалбига етказиб бера олишимиз зарур.

Шунингдек, 2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида, маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан улуғ аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланади.

Хўш, ҳозирги кунда нима учун жадидчилик ҳаракатини, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак? Президентимиз ўз чиқишида бу саволга лўнда қилиб жавоб берди: “Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.

Бугунги глобаллашув шароитида турфа маданиятлар тўқнаш келмоқда. “Оммавий маданият” деган иллат онгу қалбимизга, ҳаётий қарашларимизга чанг солаётир. Тан олишимиз керак: баъзида осонгина мўмай даромадга эга бўламан, обрў орттираман, деб, ҳар хил васвасаларга учаётганимиз, сохтакорлик, дабдабабозлик ортидан қуваётганимиз ҳам бор гап. Булар халқимизнинг азалий қадриятларига мутлақо тўғри келмаслигини, айниқса, эртамиз эгалари — ёшлар тафаккурига ўта салбий таъсир этишини доим ҳам англайвермаймиз.

Ёки англасак ҳам алдамчи тасаввурлар, ҳою ҳаваслар устун келади. Лекин, бир нарса аниқки, вақт ҳаммасини сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади. Шундай экан, бугун виждонсизлик қилсак, саҳнага хиёнат этсак, сўзнинг қудратини менсимасак, келажак авлод бизни кечирмайди. Бу — аниқ!

Айтиш мумкинки, бугун ҳар бир маданият ходими адолат тўнини кийиши, маърифат қиличини кўтариши лозим. Қилич деганда, одатда, тасаввурга қон келади. Адолат қиличи шафқатсиз бўлади, керак бўлса, ҳақиқат йўлида одамни ўлдиради. Аммо маърифат қиличи ҳеч қачон қон тўкмайди. У даволайди, тарбиялайди, юксалтиради, вакцина айнан шудир. Вакцина одамни ўлдирмайди, аксинча, дардига шифо бўлади. Шу маънода, бизнинг қўлимиздаги қилич ҳам жамиятни жароҳатсиз даволашга, турли иллатлардан тозалашга хизмат қилади. Мана шу позиция — маданият позицияси.

Вазифамиз фақатгина бирор ерда концерт ўтказиб келиш ёки мана бу тарихий обидани таъмирлаб қўйдик, деб гердайиш эмас, айнан “ҳалолликвакцинаси”ни жамият онгига сингдиришдир. Руҳий тарбияни биз олиб боришимиз керак. Маданият аслида шу. Маданият, бу — қонун. Шу ўринда маданиятли одам ким, деган савол туғилади. Ўзини нималардандир чеклай олган, ўзига тақиқ қўя олган ва ўзини қайсидир эзгу ишга мажбур қила олган одам — маданиятли одам.

Ўз олдига муайян тақиқ ва вазифа қўя оляптими, ана ўша инсон турли нопок ишларга аралашмайди. Қонунга итоаткор одам — маданиятли одам. Бундай инсонларнинг ҳаёт тамойилида эзгулик, бунёдкорлик, ҳалоллик, адолат устувор бўлади. Бу инсоний ақида бизда уфуриб туриши керак. Ҳар бир ходимимизнинг муомаласидан тортиб, юриш-туришида, иш фаолиятида қатъий дастур бўлиши керак бу жиҳат. Шундагина халқнинг маънавий халоскори бўлиб, жамиятда ўз ўрнимизни топа оламиз.

Одамларнинг уйига куч билан эмас, айнан маърифат билан, маданият билан кириб боришимиз зарур. Одам боласига қандай куйинса, жамиятга ҳам шундай куйинишимиз лозим.

Мурожаатномада билдирилган фикрлар, мулоҳазалар, ҳаётбахш ташаббуслар ҳар биримизни ана шундай мушоҳадаларга ундайди, эртамиз бугундан-да ёруғ, фаровон ва бахтли бўлишига ишончимизни мустаҳкамлайди. Қалбимизни шу юрт фарзанди эканимиздан фахр-ифтихорга тўлдиради. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз. Биз — ҳеч қачон меҳнатдан қочмайдиган, қийинчиликдан қўрқмайдиган, адолатни қадрлайдиган, азму шижоатли, буюк халқмиз.

Барчамиз бир тану бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз.

Бу йўлда қандай қийинчилик ва машаққатлар бўлмасин, барчасини мардона енгиб ўтишга тайёрмиз. Бундай эзгу ишларда бизга Яратганнинг ўзи мададкор бўлади.

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Ҳалоллик вакцинаси” виждонимизни уйғотиб, қурум босган зеҳниятимизни тозалайди