18:34 / 14.01.2020
3 276

Драган Черан: "Қашқадарё ҳокими, мақсадсиз ҳамда тез таслим бўладиган ўзбек футболчилари ва терма жамоадан таклиф"

Драган Черан: "Қашқадарё ҳокими, мақсадсиз ҳамда тез таслим бўладиган ўзбек футболчилари ва терма жамоадан таклиф"
"Пахтакор" ярим ҳимоячиси Драган Черан mozzartsport.com нашрига интервью бериб, Ўзбекистондаги фаолияти ва ҳаёти ҳақида батафсил гапирди.
- Агар кимдир "Сен Ўзбекистонга йўл олиб, у ерда энг яхши футболчи бўласан" деганида, ишонмаган бўлардим... Ҳаммамизнинг ўз мақсад ва орзуларимиз бор. Ҳамма Европада ўйнашни хоҳлайди, аммо Осиёда бахтли инсонга айландим. Бу тақдир...- дея интервьюни бошлади Драган Черан.

- Қандай қилиб Ўзбекистонга бориб қолдингиз?
- "Вардар"да Чемпионлар лигаси саралашига тайёргарлик кўраётган эдик. Қайдномага киритишмади, чунки чет эллик футболчилар керагидан кўпроқ эди. Қозоғистон, Ўзбекистон ва яна учта мамлакатда ишловчи агент Синиша Бранкович менга таклиф билан чиқди. Уни танимасдим ва менда ҳеч қачон агент бўлмаган. Бранкович мени Ўзбекистон клубларига таклиф қилмоқчи эди. Бир неча йил олдин бу мамлакатда Ривалдо, Сколари, "Бунёдкор" номлари машҳур бўлган. Ўзбек футболи ҳақида фақат шуларни билардим. Бошқа ҳеч нарса.

- Сизни қандай кўндиришди?
- Бранкович "Насаф"га мени таклиф қилди. Бахтимга бу клубда ҳамюртим Деян Болевич ўйнарди. У мен билан боғланиб, жамоага келсам ҳаммаси яхши бўлишини айтган.

- Google орқали маълумот изладингизми?
- Таклиф ҳақида ўн кун ўйладим. Мамлакат, шаҳар ва клуб ҳақида маълумот қидирдим... Аммо ҳеч нарса топа олмадим! Клубнинг расмий сайти бор экан, бироқ шаҳар ҳақида маълумот йўқ эди. Мени Болевич кўндирди.

- Кўникиш қандай кечди?
- Янги ҳаёт, услуб, маданият... Янги мамлакатдаги дастлабки кунлар мен ўрганган ҳаётдан фарқ қиларди. Клубга келишим билан Болевич жамоани тарк этди. Маълум бўлишича, бунга мен сабабчи бўлган эканман, чунки клубда легионерлар сони керагидан ортиб кетган эди. Кейин унга уйга бирга қайтишни таклиф қилдим, у эса мени қолишга кўндирди.

- Клубдаги дастлабки кунларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Бир неча кун олдин жамоага мендан олдин яна бир серб - Огнен Красич келган эди. Ҳозир у "Воздоваце"да ўйнайди. Мослашиш жараёнини биргаликда ўтказдик. У аввал Қозоғистонда ўйнаган эди, шу сабабли русчани билар экан, менга катта ёрдам берди. Озарбайжонда ўйнаганимда мен ҳам рус тилини бироз ўрганган эдим. "Насаф"да футболчилар ўзбек ва рус тилида гаплашишар экан. Тошкентда эса баъзилар инглиз тилида мулоқот қилади.

- Демак, клубнинг номи "Насаф". Шаҳарнинг номи қандай?
- Қарши. Чўлда жойлашган шаҳар. Шу сабабли клубга келганимдан бир неча кун ўтиб кетишни истаганман. Бироқ база зўр бўлган, унда ҳамма нарса бор эди. Базадан чиқишингиз билан депрессия, чўл, чанг бошланади... Буни кўрмагунингизча сўз билан тасвирлаб бера олмайман.

- Бу мамлакат менталитети ва анъаналари ҳақида нима дея оласиз? Одамлари қандай?
- Улар эътиқодли. Намоз ўқишади, дуо қилишади. Оиласи билан аҳил. Уларнинг кўпчилиги ишдан сўнг қаҳвахоналарга киришмайди. Мен диндорлар ҳақида гапиряпман. Бироқ Қаршида бизга ўхшаганлар ҳам бор. Уларнинг аксарияти ароқ ичади. Ўзбеклар бегоналарга катта ҳурмат кўрсатишади ва улар жуда меҳмондўст. Ёш футболчилар эса сўрайди, ўрганади... Бизникиларга ўхшамайди. Ўзбекистонда бирор ёш футболчи ўзидан юлдуз ясаб олса, мураббийлар уни клубнинг U23 жамоасига қайтариб, йигитчани ўзига келтириб қўйишади.

- Одатлар ҳақида ҳам гапирсангиз...
- Улар стадион олдида қўй сўйишади. Ишимиз яхши бўлсаҳам, омадсизликка учрасак ҳам қўй сўйишади. Бундай одат Туркияда ҳам бор.

- Ўзбекистон қандай мамлакат?
- Бу пахта етиштириш бўйича дунёда учинчи ўринда турувчи давлат. Олтин қазиб олишда ҳам учинчи. Уларда нефт ва газнинг катта захираси бор. Бироқ мамлакатда камбағаллар бор. Пойтахт - Тошкентда бу кўринмайди, чунки шаҳар Европага интилмоқда. Аммо кичик шаҳарчаларда камбағалларни учратиш мумкин. Маош 100-200 долларни ташкил қилади, одамлар бунга рози. У ерда ўрта даража йўқ.

- Ўзбекистондаги биринчи клубингиз қандай бўлган?
- "Насаф" ажойиб, яхши ташкиллашган жамоа эди. Ҳомий ҳам шунга яраша бўлган. Ҳар бир клубга нефт компанияси ҳомийлик қилган. Бу катта пуллар. Йиллик бюджет 6 млн. еврони ташкил қилган. Энг асосийси - ҳоким футболга қизиқадиган инсон бўлиши керак. Дасталбки 1,5 йил ажойиб ўтди, кейин ҳоким ўзгарди ва у спортга пул тикишни истамади. Шу сабабли клубни тарк этдим. Жамоа Европа лигаси аналоги бўлган ОФК Кубогида зафар қучди. Аммо ўзбеклар ва Осиёнинг бошқа жамоалари энди бу турнирда иштирок этишмаяпти, чунки улар бу мусобақа жамоаларидан кучлироқ. Ўзбек клублари ҳозир фақат Чемпионлар лигасида ўйнашяпти.

- Футболчи Ўзбекистонда қанча маош олиши мумкин?
- Улар футболчиларга шубҳа билан қарашади ва клублар сизни ярим мавсум синаб олиши керак. Агар сиз яхши ўйнаб кетсангиз, улар сизга ойига 15-20 минг доллар тўлашлари мумкин. Мен "Насаф"дек клуб ҳақида гапиряпман. Бундай пуллар фақат легионерларга берилади. Маҳаллий футболчилар камроқ пул топади. Аммо улар бундан мамнун.

- "Насаф"даги ҳаётингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Клубдаги дастлабки йилимда Чемпионлар лигасига чиқа олмадик, аммо кейингисида буни уддаладик. Гуруҳ босқичида Эроннинг "Персеполис", Хави қўл остидаги "Ал-Садд" ва Дубайнинг "Ал-Васл" клубларига қарши ўйнадик. 10 очко тўплаб, учинчи ўринни эгалладик. Одатда бунча очко тўпласангиз кейинги босқичга чиқасиз. Аммо "Персеполис" ва "Ал-Садд" плей-офф раундига йўл олди ва улар ярим финалгача етиб боришди. Бу кичик финал, чунки Осиёда Чемпионлар лигаси икки қисмга бўлинган. Уларнинг бирида Саудия Арабистони, Эрон, БАА, Қатар ва Ўзбекистон каби мусулмон давлатлар бўлса, иккинчисида Хитой, Япония, Корея, Таиланд ва Австралия иштирок этади.

- Сиз Хавига қарши ўйнаганмисиз? Бу "Барселона"даги ярим ҳимоячими?
- Хави - афсона. У орқароққа қайтиб тўпни қабул қилиб, тезда ўгирилади ва тезда вазият яратади. Ҳайратдан қотиб қоласиз. Ҳозир унинг ёши ўтиб қолган, бироқ тўпни олиш учун унга яқинлаша олмадим. Ичингизда шундай дейсиз: "У кексайиб қолган, ҳозир унга кўрсатиб қўяман". Хавининг олдига яқинлашасиз ва... У томон югуришни бошладим, испаниялик эса бошқа томонга бурилиб олди. Унинг енгил ҳаракатлари, тўпни қабул қилиши... Хави тўп ҳаводалигидаёқ кейинги ҳаракати борасида бир қарорга келган бўлади. Бизлар эса аввал тўпни тўхтатиб, кейин бошни кўтарамиз ва атрофга аланглаймиз.

- Нега "Насаф"да қолмадингиз?
- Чемпионлар лигасини тарк этганимиздан сўнг бюджетимизни қисқартиришди ва легионерларга пул тўлай олмасликлари ҳақида айтишди. Клубни ўзгартирмоқчи эмасдим, аммо шунга мажбур бўлдим. "Насаф" билан чиройли хайрлашдик. Ўша пайтлар менда "Пахтакор" ва Таиланддан таклиф бўлган. Ўзбекистонда қолишга қарор қилдим.

- "Пахтакор" номини биздагилар яхши билишмайди, аммо букмекерлик конторасида ўйнайдиганлар клубни таниши мумкин...
- Бу мамлакатнинг энг яхши, энг машҳур ва энг кўп соврин ютган жамоаси. Ушбу клуб кўплаб йиллар давомида СССР чемпионатида иштирок этган ягона ўзбек клуби бўлган.

- Демак, катта ўсишга эришибсиз, шундайми?
- Шундай лекин, катта эмас. Шаҳар ўзгартирдим десам ҳам бўлади. Янги клубимда "Насаф"да мен билан ўйнаган 5-6 нафар футболчи тўп тепарди. Мослашиш яхши ўтди.

- Ҳеч бўлмаса шаҳар ўзгартирдингиз.
- Ҳар қандай мамлакатда пойтахт энг зўр шаҳар бўлади. Бу ерда дам олиш учун вариантлар аввалгидан кўпроқ. "Насаф"да базада яшаб, фақат футбол ҳақида ўйлаган бўлсам, Тошкентда футболдан ташқари ҳаёт ҳам пайдо бўлди.

- Ўзбек футболчилари ва мураббийларининг савияси қандай?
- "Насаф"да кунини футбол ўйнаб ўтказадиган ажойиб эксперт бўлган. У яхши психолог ҳам. Ёшлар эса тезкор. Уларда иқтидор бор.

- Бу мамлакатнинг энг яхши футболчиси ким?
- У "Ростов"да ўйнайди. Шомуродов. Аҳмедов дегани ҳам бор, у Халк билан бирга Хитойда тўп тепади. Бу иккиси катта ўсишга эришди. Қолганлари Қатар, БАА ва бошқа давлатларда.

- Терма жамоачи?
- Ўзбекистон терма жамоасига Эктор Купер таклиф қилинди. У менталитетни ўзгартиришга уринди, аммо бефойда... Ўзбекларда мақсад йўқ, тез таслим бўлишади ва катта баҳслардан қўрқишади. Купер ҳайдалди ва энди жамоани маҳаллий мураббий бошқармоқда. Ўзбеклар Карлос Кейрушни олиб келишга уринишди, бироқ у 6-7 млн. евролик маош сўради.

- Ўзбекистонда футболга берилаётган эътибор қандай?
- Уларда жанг санъати бўйича кучли спортчилар бор, футбол эса - энг машҳур жамоавий спорт тури. Футболга катта пуллар ажратилмоқда, стадион ва академиялар қуриляпти. Бироқ бу секин амалга ошяпти.

- Стадионга қанча мухлис ташриф буюради?
- Агар баҳс дерби мақомида бўлса, 15-20 минг ишқибоз келади. Оддий ўйинларда эса 6000-7000. Бу рақибга боғлиқ. Уларда кўп мухлис келадиган алоҳида клублар бор. Масалан, "Навбаҳор". Ҳар ўйинда стадионга 15-20 минг ишқибоз тўпланади. Аммо бу вилоят, одамлари қайноқ. Худди Нови Пазарга ўхшайди.

- "Пахтакор"даги биринчи ўйинингиз қандай кечган?
- Аҳлат! Биринчи ўйинимда пенальтидан гол ура олмаганман. Кейин 6-7та баҳсда рақиб дарвозасини ишғол қила олмадим. Бош мураббийга қаерда ўйнашимни тушунтиргунимча 2 ой ўтди. Унга мен ҳимоявий ҳаракатларни бошқарадиган футболчи эмаслигимни айтдим ва у мени олдинроққа ўтказди. Бу йил эса эркин ижодкор ролини бажаряпман ва ишларим жуда яхши. Жорий мавсум мен учун ўзгача якунланди. Биз тарихда илк маротаба учта совринни қўлга киритдик. Мен эса чемпионатнинг энг яхши футболчиси ва мусобақа тўпурари бўлдим. Фаолиятимдаги энг яхши мавсум бўлди.

- Қандай қилиб ўйинингиз бу даражада очилиб кетди?
- Ўзим ҳам билмайман... Биринчи мавсум қийин кечди. Совринни қўлдан бой бердик. Кейин жамоа жиддий ўзгарди. Терма жамоа Осиё Кубогида бир нечта учрашув ўтказди ва биз чемпионатга тайёргарликни ёшлар билан бошладик. "Пахтакор"ни ОЧЛ саралаш ўйинлари кутиб турганди. Турнир бошланиши билан ишларимиз юришиб кетди. Клуб баъзи легионерлардан қутилиб, кучли маҳаллий футболчиларни жалб қилди.

- "Пахтакор"ни ким молиялаштиради?
- Бош ҳомий - Алишер Усмонов. Россиялик миллиардер Ўзбекистонда туғилган. Бир неча йил олдин у "Арсенал"даги акцияларини 600-700 млн. еврога сотди. Алишер Усмоновнинг ўзи клуб ишларида кўринмайди, у тайинлаган одам "Пахтакор"ни бошқаради. Бугунги кунда клуб бюджети 20 млн. еврони ташкил қилади. Ҳомийлар сони кўпайиб қолди. Миш-мишларга кўра, клуб Адебайор, Оби Микелларни олиб келмоқчи. Кўрамиз, нима бўлар экан. Бош мураббий Шота Арвеладзе ҳақиқатдан ҳам шу икки футболчи билан ишламоқчи.

- Ўзбек ОАВ ёзишича, улар сизга фуқаролик таклиф қилиб, терма жамоада ўйнашингизни хоҳлашяпти. Бу ҳақиқатми?
- Улар ҳали ҳам бу ғоядан воз кечишгани йўқ. Аммо ФИФА қоидаси бўйича - сиз ўша мамлакатда камида 5 йил истиқомат қилган бўлишингиз керак. Паспортни эртагаёқ олишим мумкин, бироқ ФИФА қоидасини четлаб ўта олмайман. Ўзбекистонда тўп тепаётганимга 3,5 йил бўлди. Эктор Купер мени терма жамоада кўрмоқчи эди. Янги мураббий ҳам шу фикрда. Бироқ мен бу мамлакат паспортини олганимда 34 ёшда бўламан ва бу ёшда терма жамоага фойдам тегармикан?

- Сиз Ўзбекистондаги энг машҳур серб эмассиз. У ерда Любинко Друлович ҳам ишлаяпти.
"Любе ҳозир олимпия терма жамоасини бошқармоқда ва улар Токио йўлланмаси учун курашишяпти. Мураббий билан тез-тез кўришиб тураман. Олимпиада йўлланмаси ўзбеклар учун жуда муҳим.

- "Пахтакор"даги мақсадларингиз қандай?
- Чемпионлар лигаси 10 февралдан старт олади. Гуруҳимизда турнир чемпиони "Ал-Ҳилол", Дубайнинг "Ал-Аҳли" ва саралашдан чиққан жамоа бўлади. Мақсад - гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаш. Ўтган йили 93-дақиқада "Ал-Аҳли"дан гол ўтказиб юбориб, плей-оффдан қуруқ қолган эдик. Бу йилиги нишон - гуруҳдан чиқиш.

- Мукофот пулларичи?
- Мукофот пули бор. Аммо шартномада қандайдир вазифа учун мукофот белгиланмаган. Бу нарса ҳеч қачон менга ёқмаган, чунки пул учун эгоист бўлишга тўғри келади. Қандайдир 1000-2000 доллар учун ўзингизни жамоадан устун қўйиш?! Умуман олганда грандларни ҳисобга олмасак Осиё клублари Европадан кўпроқ тўлашади.

- Қачонгача Ўзбекистонда қолмоқчисиз?
- Билмайман. Ҳеч қаерга кетиш ниятим йўқ. Бу ҳақида ўйламаяпман. Мен мамлакатнинг энг кучли клубида ўйнаяпман, яхши шартномам бор, оилам мен билан, яна нима керак? Клуб билан яна 2 йиллик келишувим бор.

- Бошқа клублардан ҳам таклиф бўлганми?
- "Персеполис" мени харид қилмоқчи бўлган. Улар мен учун 1 млн. доллар тўлашга тайёр эди, ўзим ҳам кучимни бу клубда синаб кўришни ният қилгандим. Чунки бу Эроннинг энг йирик клуби. Аммо улар Исроилда ўйнаганимни эшитиб, таклифни бекор қилишди. Исроилда яшаган инсон Эронда ишлаш ҳақида унутиши мумкин.

- "Пахтакор"даги энг кучли жамоадошингиз ким?
- Айни дамда энг зўри Машарипов (Жалолиддин). У бир мавсумда 37та голли пас беришга муваффақ бўлди. Машарипов натижани ўзгартириб юбора оладиган футболчи. У иккала қанотда, ҳужумчи ортида ўйнай олади. Жалолиддиннинг техникаси кучли ва у футбол ўйнашни яхши кўради. Бу йигит тўп билан рақиблар устидан кула олади. Яқиндагина Хави қўнғироқ қилиб, уни "Ал-Садд"да кутаётгани айтди. Бу катта шараф.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Драган Черан: "Қашқадарё ҳокими, мақсадсиз ҳамда тез таслим бўладиган ўзбек футболчилари ва терма жамоадан таклиф"