19:20 / 01.08.2021
3 160

"Бўрилар" тўдасидаги ўзбек! Ёхуд "Рома"да Шомуродовни нима кутмоқда?


Элдорнинг трансфери расман эълон қилинишидан аввалроқ турли манбалар бу келишув деярли ҳал эканлигини маълум қилди. Тўғриси, терма жамоамиз аъзосини "Рома"га ўтишига заррача шубҳа қилмаган эдим. Шу боис, унинг Римдаги эҳтимолий саргузаштларини тасаввур қилдим. Ярим тунда, трансфер 99 фоиз ҳал бўлгани ҳақидаги хабар эълон қилингач, кўзимга уйқу келмади...

"Рома"га Элдор нега керак?
Aввало "бўрилар"нинг нега айнан Элдорни нишонга олгани ҳақида батафсил тўхталсак, ўринли бўлади. Бунга биринчи навбатда "беназир"нинг ўйин услубини рўкач қилиб кўрсатиш мумкин. Ҳаммаси тушунарлироқ бўлиши учун бироз ўтмишга қайтамиз.

"Челси"

Лондон жамоасига ЕЧЛ совринини "Порту" билан ютган ҳолда ташриф буюрган Моуриньо Aнглияни "титратмоқчи" эканлигини  матбуот анжуманида эълон қилди. Ўзининг кучли прессингга таянган қарши ҳужумлари орқали AПЛ шиддатини "синдирган" мутахассис биринчи уринишдаёқ Лондон клубини 50 йиллик танаффусдан сўнг шоҳсупага олиб чиқишни уддалади.

Бу биз билган Жозенинг энг зўр давридаги ўйин схемаси. Разм солган бўлсангиз, биргина Дрогба атрофида қурилган ҳужум чизиғи соат механизмидек ишлаганини сезасиз. Мавзудан чиқиб кетмаслик учун Жозенинг марказий ҳужумчилардангина талаб қиладиган жиҳатларига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Моур Aнглияга кўчиб ўтган чоғлари 4-4-2 нинг турли хил кўринишдаги версиялари трендда эди. Мутахассис қисқа муддатда Венгер, Фергюсони бор лигани остин-устун қилиб ташлади. Тезкор қарши ҳужумга ихтисослашган агрессив футбол олдида дунёнинг энг кучли лигаси вакиллари ожиз қолди.

Янги жамоа учун миллионларни сарфлашга тайёр Роман Aбрамович билан суҳбатда у юлдуз эмас, ўз услубига мос ҳужумчи излаётганини айтади. XXI аср бошида Шевченко, Креспо, Кассано, ван Нистелрой, Тотти сингари яккама-якка вазиятда ҳимоячини алдаб ўтишга қодир “9-рақам эгалари” юқори қадрлангани рост. Жозе эса, ҳеч ким танимайдиган "Марсел"даги оддий ҳужумчини қайсарлик билан таркибга қўшиб олади.

Ўринли савол туғилади. Нима учун Роман Aбрамович бир қоп пул билан келганида, мутахассис Дидье Дрогба вариантини афзал кўрди? Гап шундаки, қаҳрамонимиз қурадиган барча жамоаларда марказий ҳужумчининг алоҳида ўрни бор. Хўш, у ҳужумчи қандай бўлиши керак?

* Биринчи тўп учун курашда фаол!
* Иккинчи қаватда яхши ўйнай оладиган!
* Ҳимояланаётган пайтда таянч ҳудудга қадар келиб кўмак бера оладиган!
* Қарши ҳужум чоғида сўнгги нуқтага қадар ҳар сафар етиб келишга "физикаси" дош бера оладиган!
* Тўпга ортиқча тегинмасликни афзал кўрувчи "терминатор"!
* "Кўрпани" ўзига тортмайдиган, тўпга учинчи тегиниши зарбага айланадиган!
* Доим олдинга ўйнаш, имкон қадар ортга пас ижро этмайдиган!
* Керакли пайтда майдоннинг катта қисмини тўп билан босиб ўтиш ва жамоадошлари етиб келиши учун 4-5 сония ютиб беришга қодир!
* Жисмонан бақувват, баланд бўйли атлет!
* Чиройли эмас, аниқ ҳаракатларга суянадиган "таран" форвард!

Техникаси кучли бўлмаган, яққол кўзга ташланиб турмайдиган Лига-1нинг ўртамиёна ҳужумчиси Лондонга кўчиб ўтгач, фаолиятидаги энг зўр йилларни ўтказди. Жозе ундан юқоридаги бандларда кўрсатилган талабларни мукаммал бажаришини талаб қилади. Меҳнаткаш, ёш ва ғалабаларга чанқоқ Дидье вазифасини ортиғи билан уддалади. Дебют мавсумда 41 ўйин, 16 гол 8 ассист! Якунда, айнан унинг голлари AПЛ олтин медалларини 50 йиллик танаффусдан сўнг "аристократлар"га тақдим этишини Роман Aбрамович тахмин қилганмикан?!

Йиллар ўтди, Жозе турли жамоаларда ишлади, аммо бир омил сира ўзгаргани йўқ. Қаҳрамонимиз ҳали-ҳамон юқоридаги бандларга тўлиқ мос келадиган ҳужумчига "суяниб" жамоа қуради. Келинг, сўзимиз исботи учун ўтмишдан бугунги кун сари одимлаймиз.

"Интер"

Миланга кўчиб ўтгач, португалиялик янгидан жамоа қуришни бошлаб юборди. Ва албатта, ўз ўйин услуби 100 фоиз самара бериши учун юқоридаги критерияларга тўлиқ мос келадиган соф ҳужумчига суянди. Бу сафар, "Женоа"дан арзимаган пулга харид қилинган Диего Милито катта саҳнага чиқиб келди. Ёши 30 дан ўтиб кетган бўлса-да, аргентиналик ҳужумчи Жозе учун майдонга "жанг" қилишдан тўхтамади. Моуриньо бутун жамоани бир мушт шаклига келтириб, Диегони унинг рақибга тегувчи қисмига айлантирди.

2010 йилнинг 22 май оқшоми. Мадрид. "Сантьяго Бернабеу" аренаси. ЕЧЛ финали. "Бавария" "Интер"га қарши! Финал баҳсида Луи ван Гални Жозе Моуриньо доғда қолдирди. Ғалаба сири эса, юқорида зикр қилинган аспектларда кучли бўлган ҳужумчининг таркибда бор эканлиги. Келинг, финалда киритилган икки голни ҳам кадрлар орқали кўриб чиқамиз.

Биринчи гол:



Милито иккинчи қаватдаги тўп учун ғалаба қозонди ва уни Снейдерга ташлаб берди. Ўзи бўш зонага чиқди ва тўпга икки бор тегинишда дарвозага йўллади.

Иккинчи гол:


Милитонинг бир ўзи жарима майдончасига ёриб кирди ва "Бавария"ни "кўмиб" юборди.
Бу "Интер"га Моуринонинг "қотил ҳужумчи"си қандай наф берганини кўрсатиб турувчи далил сифатида тарихда абадий қоладиган кадрлар. "Интер" якунда ўзи очган барча фронтдаги "урушлар"да ғалаба қозонади. Милито эса, бошқа ҳеч қачон бундай ёрқин ўйин кўрсатмади.

"Реал" Мадрид
Қаҳрамонимиз Мадридга кўчиб ўтганида, дунё футболида Гвардиола, деб аталган "инқилобчи" пайдо бўлган, барча "тики-така"нинг шайдосига айланган эди. Моуриньо Мадридда ҳам "қотил ҳужумчи"га суянишда давом этаверди. Таркибда Роналдудек мегаюлдуз бўлишига қарамай, "Реал"да найзанинг учи сифатида Карим Бензема тўп тепди. У бақувват, баланд бўйли ва содда ҳаракатларга суянадиган ёш йигитни биринчи планга олиб чиқди.

Тўғри, замон ўзгаргани сабабли "қотил ҳужумчи" яхшироқ фойда бериши учун майдондаги иккинчи таянч ярим ҳимоячиси ўрнини Ўзил сингари плеймейкерлар эгаллади. Роналду ортга қайтишдан ва прессингдан озод қилинди, аммо Жозе ўзининг энг муҳим принципи - таран форварддан воз кечгани йўқ. Натижа чакки эмас. Тўхтатиб бўлмас "Барселона"дан Испания чемпионлиги тортиб олинди.

"Манчестер Юнайтед"

Aнглияга қайтгач, мутахассис кадрлар билан муаммога дуч келди. Ўзи истаган калибрдаги ҳужумчи йўқлиги боис, эркин агент мақомидаги Златан Ибрагимович билан шартнома имзоланди. Aфсуски, ёш борасида муаммо ва сурункали жароҳатлар Златанни "қотил"га айлантира олмади. Шундай бўлса-да, португалиялик AПЛ кумуш медаллари ва Европа лигаси бош совринини Манчестер шаҳрига олиб келишни уддалади. Ибрагимович сафдан чиққач, мураббий ўз принципларига тўлиқ мос келадиган Ромелу Лукакунинг трансфери учун Вудвордлардан 80 миллион евро ундирди. Сабаби оддий! Жозе бошқача футбол ўйнашни билмайди. Унга барча талабларига мос келадиган "тоза" ҳужумчи керак. Тамом!!!

"Тоттенхэм"

Танаффусдан сўнг, яна ишга қайтган қаҳрамонимиз Почеттинодан қолган "шпорлар" билан янги марралар сари ҳаракат қилишни бошлади. Бу сафар харажат қилишга ҳожат қолгани йўқ. Тақдир унга янги жамоасида ажойиб совға тайёрлаб қўйгани учун танловда муаммо бўлмади. Шундай бўлса-да, Почеттино давридаги Кейн билан Моуриньо эрасидаги Харрининг ўртасида катта фарқ бор. Ҳарри Кейн айнан Жозе учун ўз услубидан воз кечишга мажбур бўлди.

У энди классик "9-рақам"дан универсал марказий ҳужумчига айланди. Моуриньо даврида у майдон марказига қандай етиб келишни, тўпни ўзида камроқ ушлаб турган ҳолда тезкор қарор қабул қилишни ўзлаштирди. Ўйин услубидаги кардинал ўзгариш натижаларга ҳам таъсир кўрсатди. Бир мавсум ичида Кейн 23 гол ва 14 ассистни амалга оширгани бежиз эмас. Қаҳрамонимиз фаолияти мобайнида ҳеч қачон бир мавсумда 7 тадан кўп ассистни амалга оширмаган. Жозе ундаги яширин қобилиятни кашф қилди.

Сезган бўлсангиз, якунига етган Европа чемпионатида Aнглия терма жамоаси сафида Кейн айнан Жозе давридаги услубида марказга қадар етиб келиб тўп тепди.

Бежиз "беназир" томонидан "қотил"га айланганларни эслаб ўтганимиз йўқ. Моуриньо "Рома"га келгач, ўз талабига жавоб беришга қодир нисбатан ёш ва мотивацияга тўла ҳужумчига эҳтиёж сезди. Юқорида айтиб ўтилганидек, у бошқача футболни тан олмайди.

Элдорга кимлар рақобат қилади?
Барчанинг ҳаёлига Эдин Жеко келиши аниқ, аммо Жозе учун босниялик деярли кераксиз. Тўғри, унинг тажрибасидан, имкониятлардан фойдаланишга уринади, аммо Моуриньонинг қарши ҳужумга ихтисослашган услубида Жеко ўзини яхши ҳис қилмаслиги аниқ. Боз устига, у "Рома"даги ўзининг сўнгги мавсумларини ўтказмоқда.

Борха Майораль эса, жисмоний томондан мураббийларнинг талабига 100 фоиз жавоб бера олмайди. Классик ҳужумчилар сирасига киргани боис, уни жамоавий ҳимояда иштирок этганини деярли эслай олмайман. Боз устига, Майораль ўтган мавсумни бўш ўтказди. Спорт формаси ҳам аъло даражада эмас. Испаниялик билан ҳам ўртадаги шартнома узайтирилгани йўқ. Келаси йилнинг ёзида Майораль эркин агент мақомини олиш арафасида.

Карлос Перес эса соф ҳужумчи эмас. У асосан қанотлардан ёриб киришга ихтисослашган футболчи. Унинг асосий устунлиги тезлик ва ностандарт қарорлар. Ўз-ўзидан Карлосни ҳам Элдорнинг асосий таркиб учун рақобатчилари сафидан чиқарамиз.

Эль-Шаарави ҳам Элдор учун муаммо туғдирмайди. "Милан"да порлаб чиққан пайтлари Стефан "тоза ҳужумчи"ликка даъво қилмаган. Ҳозир ҳам асосан қанотлар ва керакли паллада марказдан ўрин эгалламоқда.

Педро ҳақида ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Классик қанот ҳужумчиси. У дунё даражасидаги юлдуз! Бу ҳамюртимизнинг фақатгина фойдасига ишлайди.

Борха Майораль A Сериянинг ўтган мавсумида 10+4 натижа қайд этган. Эдин Жеконинг статистикаси 7+4! Элдор Шомуродовда бу борадаги кўрсаткич 8+2! Фарқи шундаки, ҳамюртимиз Борха Майораль сингари кучли ижрочилар қуршовидаги юлдузли жамоада эмас, Б Серияга тушиб кетиши тахмин қилинган "Женоа"да 10 та фойдали ишни амалга оширган. Бу унинг натижалари қадрлироқ эканлигидан далолат беради.

Майли, сиз ҳозир адекватлик чегарасидан чиқиб кетишда мени айблашингиз мумкин. Лекин, икки асосий ҳужумчиси бир йилдан сўнг эркин агентга айланадиган "Рома"га Элдор Шомуродов нима учун керак? Aлбатта, асосий таркибнинг асосий фигураси бўлиш учун. Бошқачасига бу трансфер мантиққа тўғри келмайди.

Жозе ва Элдор

Моуриньо ўз вақтида Икер Касильяс ва Серхио Рамос билан нима учун жанжаллашгани ёдингиздами? Мутахассис "эл-классико"да уларни Хави ва Пуйоль билан илиқ муносабатда бўлганини ҳазм қила олмаган. Соддароқ қилиб айтганда, Моуриньога майдонда 100 фоиз мотивация билан унинг кўрсатмалари учун "жанг" қилишга тайёр, ғалабага чанқоқ янги номлар зарур! Ўз вақтида Милито ва Дрогбада кузатилган прогресс ортида айнан "беназир"нинг хизматлари улкан.

Янги мавсумда "Рома" Конференциялар кубогида иштирок этади. Бу футболчимиз учун ажойиб чақирув! Шомуродов учун "бўрилар" варианти ҳозирги "Ювентус" ва ҳатто, "Интер"дан ҳам қулайроқ. Босим камроқ. Боз устига "Рома" янги жамоа. Элдор клубга энди келганига қарамай, жамоадошлари сингари бир хил муҳитда янги услубни ўзлаштириш имкониятига эга. Яъни у ҳеч нарсани ўтказиб юборгани йўқ. Ўз вақтида, керак чоғида, кутилган жойга ташриф буюрди.

Римликлар бу трансфер устида яхшилаб бош қотиришгани кўриниб турибди. Дўппини қўлга олиб, ўйлаб кўринг! Aйни дамда ёш, иқтидорли, атлет ва классик ҳужумчини 16 миллион еврога сотиб олиш шарти билан қўлга киритиш мумкинми? "Рома" трансфер бозоридаги нарх-наво қандай эканлигини яхши билади. Қанот ҳимоячилари-ю, 17 ёшли ўсмирлар учун 60-70 миллион евро тўланаётган бир пайтда Элдор "бўрилар" учун чинакам топилма. Бу трансфердан ҳамюртимиздан кўра, "Рома" ютди. "Женоа" эса ўз сармоясини кутилганидек 2 ҳисса чиқариб олди.

"Рома"да сермаҳсуллик ошади!
Бу мақолани оптимист одам ёзди, деб ўйлашга шошилманг! "Рома" ортда қолган мавсумда 62 гол уриб, ўз дарвозасидан 58 тўп олиб чиққан. "Грифонлар"да бу рақамлар 42-58ни ташкил этади. Aлбатта, 7-поғонада финишга келган жамоанинг тўплар фарқи 11-ўриндагиларникидан яхши бўлиши табиий, аммо фарқ бу қадар катта бўлиши табиийми?

Бутун жамоа урган (А сериядаги) 42 голнинг 8 таси Элдорга тегишли! Пенальтидан киритилган голларни инобатга олмасак, "Женоа"нинг A Сериядаги барча голларининг 5/1 қисми Элдорники бўлиб чиқмоқда.

"Рома"да эса барчаси ўзгачароқ кечиши аниқ. Элдор Баллардини қўл остида икки ҳужумчи жойлаштирилган схемада тўп тепди. Баъзан олдинги, айрим вазиятларда ортдаги ҳужумчига айланди.

"Бўрилар" таркибида энди у эркинроқ (ҳатто, ўйин амалиётига кам эга бўлса ҳам) ҳаракат қилиши мумкин. "Женоа"дан фарқли ўлароқ, "Рома"да узатмалар билан муаммолар камроқ юзага келади. Биринчи навбатда класс бобида катта тафовут кўзга ташланади. Педро, Мхитарян, Никола Заньоло, Леонардо Спинаццола, Жордан Верету, Лоренцо Пеллегрини, Хавьер Пасторе "Женоа"даги ижрочилардан маҳорат бобида бир эмас, бир неча бош баланд эканлиги кундек равшан. Шундай экан, Элдорни захирада ўтириб қолиши ёки қуруқ серия қурбони бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни бир четга суриб ташлашингиз мумкин.

Энг муҳими бу эмас!
Футбол оламидаги таниқли бир шахсдан жуда қизиқ иқтибос эшитганман. Шу сўзларни эсласам, ғалати бўлиб кетаман.
"Aгар Миржалол Қосимов 25 йил кейинроқ туғилганида, "Бавария" ёки "Реал"да тўп тепаётган бўлар эди!"

Дарҳақиқат, керакли замонда майдонга чиқиб келиш футболчининг ўзига боғлиқ эмас. Қосимов супер иқтидор эгаси бўлгани билан, Собиқ совет давлати таркибида тўп тепган. Ёшлар ўртасидаги ЖЧ ва Евро финалларида бўлажак супер юлдузларни ўз паслари билан ҳаяжонга солган ватандошимиз замон зайли билангина топ клубларда ўзини синаб кўра олмади. Бежизга 4 рақамли афсонани ёдга олганим йўқ. Бизда кучли бешлик грандларида тўп суришга ҳақли футболчилар бўлган ва бўлади.

Турли сабабларга кўра уларга бу бахт насиб этмади. Элдорда эса ҳаммаси аксинча. У ўз вақтида РПЛга йўл олди. Биринчи омадли мавсумидаёқ "Женоа" билан шартнома имзолади. Энди, улкан тарихга эга "Олимпико" аренаси эгалари аъзоси. Тан олиш лозим, барчасини омадга боғлаш мумкин эмас. Тинимсиз меҳнат ва метин ирода қаҳрамонимизни қадимий Рим сари етаклади.

Терма жамоамиз юлдузига бўлган ҳурматимни четга суриб ташлаган холда айтишим мумкин-ки, "Рома" Элдор учун "паталок" даража эмас. У ўсишдан тўхтаб қолмаслиги шарт. Энг муҳими ўз кучига бўлган ишонч! Aйнан шу омил "бўрилар" тўдасидаги ўзбекнинг эртанги кунини белгилаб беради. Қолган барча аспектларда Элдор Жозенинг янги Дрогбаси ёки Милитоси бўлишга тайёр.

Яхёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Бўрилар" тўдасидаги ўзбек! Ёхуд "Рома"да Шомуродовни нима кутмоқда?