
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қорақалпоғистон Республикасига амалий ташриф амалга ошириб, ҳудудда яқинда фаолиятини бошлаган бир қатор саноат корхоналарини ўрганди. У ташриф чоғида кўрган ишланмалар, амалий натижалар ва келгусидаги имкониятлар ҳақида батафсил фикр билдирди.
Унинг айтишича, Қорақалпоғистонда саноат тармоқларини кенгайтириш ва замонавий ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича муҳим қадамлар ташланмоқда. Янги объектлар нафақат мамлакат саноат салоҳиятини мустаҳкамлайди, балки ҳудуднинг иқтисодий юксалишига ҳам кучли туртки беради.

Мирзиёева базальтдан иссиқлик сақловчи минерал плиталар тайёрлайдиган “Karakalpak BasaltWool” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишиб, корхона мутахассислари билан атрофлича суҳбат ўтказди. Унинг таъкидлашича, маҳаллий хомашё ва материаллардан самарали фойдаланиш орқали ишлаб чиқаришни локаллаштириш даражаси 80 фоизга етгани эътиборга лойиқ кўрсаткичдир.
Ушбу лойиҳа ҳудуд учун бир неча муҳим йўналишда ижобий ўзгаришларни олиб келади: экспорт имкониятларининг ўсиши, янги иш ўринларининг яратилиши, аҳолининг бандлик даражасининг ошиши ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликка ҳисса қўшиш.
Саида Мирзиёева ташрифдан олган таассуротлари билан ўртоқлашар экан, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган бундай йирик лойиҳалар бутун республика саноатининг стратегик ривожига хизмат қилишига ишонч билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.