2 093
Олимпиадада мен ютишим керак эди, Президентимизнинг шахсан ўзи мотивация берди — Турсуной Раҳимова билан интервью
Бизнинг бу галги суҳбатдошимиз бокс бўйича Токио Олимпиадаси иштирокчиси, Ўзбекистон чемпиони, бир неча халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндори Турсуной Раҳимова.
Истеъдодли спортчимиз Токио Олимпиадасидаги ноҳақликлар, Президент берган мотивация, ҳижоб ўрашининг сабаби, оиланинг боксдан устунлиги ҳақида фикр билдирди.
Ассалому алайкум! Энг аввало саволларимга жавоб беришга рози бўлганлигингиз учун раҳмат. Биринчи бўлиб Токио Олимпиадаси ҳаяжони билан бўлишсангиз...
— Ассалому алайкум. Олимпиада ҳақида гапирадиган бўлсам, медаль ололмадим, лекин бундан сира хафа эмасман. Негаки, Ўзбекистонга қайтишимиз билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев мени "Жасорат" медали билан тақдирлади, халқимиз илиқ сўзлар ва ёруғ юз билан кутиб олди. Баҳслар вақтида жуда ҳаяжонландим. Биринчи жангда ғалаба қозондим ва иккинчисида рақибимга 2:3 ҳисобида имкониятни бой бердим. Жангда мен ютишим керак эди. Лекин рақибимнинг қўли юқорига кўтарилди ва у финалга чиқди. Бундан бироз стрессга тушдим. Аммо ҳозир булар ортда қолди ва Жаҳон чемпионатига тайёрланмоқдаман.
Шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Ноҳақлик сабаб финал йўлланмасига эга чиқа олмадингиз?
— Тўғриси, боксда ноҳақликлар жуда кўп бўлиб туради. Эшкак эшиш, югуриш каби спорт турларида бундай қинғирликлар деярли бўлмайди. Боксда эса ҳакамлар қарори катта роль ўйнайди. Мен бу каби ҳолатларга деярли ўрганиб ҳам қолдим. Қолаверса, Олимпиададаги мағлубиятим менга кўп нарсаларни фарқлаб берди, ким дўст-у, ким душман эканини билиб олдим. Энди шунга қараб ҳаракат қиламан.
Бугун сизга энг катта ёрдам бераётган инсон ким? Зотан дўст-у душманни ажратиб олишга эришибсиз.
— Фақат ота-онам. Улардан бошқа ҳеч ким дўст бўла олмас экан. Олимпиадани ютмаганимда роса сиқилгандим. Биласизми, бугун бу беҳикмат бўлмаганини тушундим ва ҳаммасига шукур қилдим.
Шу ўринда таниқли боксчи Турсуной Раҳимованинг ота-онаси ҳақида айтиб ўтсангиз?
— Ота онам дунёда ягона, уларни жудаям қаттиқ яхши кўраман. Боксдаги фаолиятимнинг сабабчилари ҳам улар. Ота-онамни яхши едириб-ичирсам, яхши кийдирсам ва улар яхши яшаса, шуни ўзи етади менга. Ўғил фарзанд йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қиляпман.
Бугунги даражага етишингизда қайси мураббийнинг ўрни беқиёс? Халқимизда "устоз отангдек улуғ", деган гап бор...
— Менинг биринчи мураббийим Қаҳҳор Умаров. Ундан кейин Дилмурод Азизович билан ишлаганман ва ҳозирги кунда терма жамоа катта мураббийи Элшод Расулов қўл остида шуғулланяпман.
Мухлисларимиз биладики, бизга берган аввалги интервьюнгиздан сўнг ҳижоб ўрадингиз, биз билмайдиган яна қандайдир ўзгаришлар бўлдими?
— Мен араб ҳарфларини, Қуръони Каримни ўқишни ўргандим. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир Тафсирини ўрганяпман. Ҳижоб оятларини ўқиб, жим тура олмадим ва ўрадим.
Олимпиада чемпиони бўлсам, фаолиятимни якунлайман, деган эдингиз. Бу қарорингиз ҳали ҳам ўз кучидами?
— Олимпиададан кейин якунлайман, деган эдим. Биласизми, Президентимиз ўзлари "Жасорат" медалини тақиб, "Турсуной қизим, тўхтаб қолма, албатта, чемпион бўлишинг керак!", деб айтганларидан кейин яна қайтишга қарор қилдим. Бу менга катта мотивация берди.
Қайтганингизда илк бор нима ҳақида ўйладингиз, Олимпиада ёки Жаҳон чемпионати?
— Жаҳон чемпионатини ўйладим. Олимпиада ҳақида ҳали ўзим ҳам билмайман.
Бугун спортчи эмас қиз сифатида ўйлаб кўрсангиз, нимани ўзгартирган бўлар эдингиз?
— Ниманидир ўзгартириш мени қўлимда эмас. Мен ота-онам учун ҳаракат қилишим керак. Бу менга ёқадими, чарчайманми ёки йўқми, бу қизиқмас. Пул топишим, ишлашим ва ҳаракатдан тўхтамаслигим керак. Чунки ота-онамнинг боқувчисиман. Улар кексайиб қолишди ва мақсадим битта: уларга яхши шароит яратиб бериш. Бу мақсадимга қайсидир маънода эришдим.
Барчага маълумки, юртимизда аёллар спорти чет давлатларига нисбатан бироз ортда бормоқда. Тизимда қандайдир хатолик бор деб ўйлайсизми? Чунки халқимизда аёл кишини уйда ўтириб, уй ишлари билан машғул бўлишини истайдиган инсонлар ҳам йўқ эмас.
— Гапингиз тўғри, биз бироз ортда қолганмиз. Аёллар боксидаги илк қалдирғочлар биз эдик. Ўйлайманки, яна 5-6 йилда эркаклардан ҳам олдинга ўтиб оламиз. Бизда жуда кучли қизлар борлигини кўриб турибман. Шунингдек, ғалабаларимизни кўрган инсонлар илиқ фикрлар билдирмоқда ва кўпчилик қизларини спортга беришдан қўрқмаяпти.
Олимпиада ва Жаҳон чемпионатида қатнашиш учун ҳаваскор боксчи бўлишингиз керак. Биз сизни профессионал боксда ҳам кўришимиз мумкинми?
- Таклифлар бўлди. Лекин олдиндан бир нима деб айтолмайман. Чунки юқорида айтганимдек, Олимпиададан кейин фаолиятимни якунламоқчи эдим. Президентимиз "давом эт, қизим", деганларидан сўнг яна қайтдим. Эртага нима бўлишини билмайман. Вақти келса, барчаси маълум бўлади.
Мухлислар орасида спортга кириб келиш учун таниш-билиш, пул керак бўлади, деган баъзи гаплар юради. Бунга муносабатингиз қандай?
- Спортга кириб келиш учун пул сарфламаганман. Олимпиада туркумидаги спорт турларининг ҳаражатлари Олимпиада Қўмитаси томонидан тўлаб берилади. Мен боксга бошқа спорт туридан келиб қўшилганман. Олимпиада туркумига кирмайдиган спорт турларида эса пулингизни "шилволади". Тарозига чиқиш учун ҳам пул олишади. Уйингизда қўйингиз, молингиз борми ҳеч қайсини қолдирмайди. Боксда эса мусобақалар ҳам текин, баҳс ташкил қилиб бераверишади.
Ота-она қизини боксга бериши қанчалик тўғри? Боксда мушаклар ривожланади ва бу қизлар учун бироз ноодатий кўринади. Бу ҳақда сизни фикрингизни билмоқчи эдим.
- Агар келажакда қизли бўлсам, боксга бермайман! Балки ўзи жуда қаттиқ қизиқса, ўйлаб кўришим мумкин. Чунки бу қондан қонга ўтиши мумкин. Тўғри, шуғулланганда мушаклар ривожланади. Лекин менга ўхшаган озғин қизларда бу билинмайди. Баъзан сочни қирқиб ўғил болага ўхшашга ҳаракатлар ҳам бўлади, лекин бу уйдаги тарбияга ҳам боғлиқ.
Олимпиада якунлангандан сўнг муваффақиятли иштирок этган спортчилар тақдирланди. Мухлислар орасида шунча ҳаражат қилиш шартмиди, деган гаплар бўлди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Томоша қилиб турган одамга айтиш осон. Рингга келиб битта жанг ўтказишнинг машаққатини билишмайди. Агар осон бўлса, келишсин, улар ҳам залда тайёрланишсин. Ўзи бирор натижага эриша олмайди-да, фақат гапиришни билишади. Уларга эътибор бермаслик керак.
Боксда эришган энг катта ютуғингиз нима?
- Худога шукур, халқаро мусобақаларда қатнашдим. Лекин буларни боксда эришган энг катта ютуғим, деб айта олмайман. Чунки Осиё ўйинлари ва Олимпиадада қантнашиш ҳам мен учун бахт. Масалан, бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.
Турмуш қуриш ёки боксдан бирини танлашингиз керак бўлса, сиз қайси йўлни тутасиз?
- Агар менда шундай танлов бўлса, турмушни танлайман. Қачонки, мени бахтли қила оладиган инсонни учратганимда, шундай қилишим мумкин. Ҳозир эса боксдаги фаолиятимни давом эттираман.
Жавобларингиз учун ташаккур, Турсуной. Фаолиятингизда омад тилайман. Худо хоҳласа, Жаҳон чемпиони бўлганингизда ҳам сайтимиз меҳмони бўласиз.
- Раҳмат. Илоҳим айтганингиз келсин.
Дилноза Мустафоқулова суҳбатлашди
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Россия томонидан учирилган иккита дрон Молдова ҳудудига қулаб тушди