15:54 / 27.05.2024
121

Тадқиқот: ошқозон-ичак микрофлораси одамнинг қарор қабул қилишига таъсир қилиши мумкин

Тадқиқот: ошқозон-ичак микрофлораси одамнинг қарор қабул қилишига таъсир қилиши мумкин
Фото: Getty Images
Инсоннинг қарор қабул қилишига сиёсий, ижтимоий ва психологик омиллардан ташқари, ҳазм системаси ҳам таъсир қилиши мумкинлиги аниқланди. Бу бўйича Бонн университети ва Париж мия институти жамоаси ҳамда профессор Ҳилке Плассманн ўтказган тадқиқотда сўз боради. Унда ошқозон-ичак микрофлорасидаги ўзгаришлар инсоннинг адолатга бўлган таъсирчанлиги ва атрофдагиларга қандай муносабатда бўлишига таъсир қилиши мумкинлиги ўрганилган.

Микрофлора қарор қабул қилишда таъсир қилиш қилмаслигини аниқлаш учун тадқиқотчилар хулқ-атвор тести ўтказиб кўришди. Бунда “Ultimatum” ўйинидан фойдаланишган. Яъни бир ўйинчига пул берилади ва у пулни иккинчи ўйинчи билан бўлишиши керак. Агар у пулни ўзи учун етарли деб ҳисобламаса, пулни бермаслиги мумкин. Бу ҳолатда иккала ўйинчи ҳам пулсиз қолади. Пулдан воз кечишни алтуристик жазо деб аташ мумкин. Ҳолат адолатсиз деб ҳисобланганда бошқаларни жазолаш усули каби. Иккинчи иштирокчи учун тенгликни тиклаш, яъни ҳеч ким пул олмаслиги мукофотни қўлга киритгандан кўра муҳимроқ бўлиши мумкин. “Ultimatum” ўйини адолатга нисбатан таъсирчанликни ўлчашда тажриба усули бўлиб хизмат қилган.

Тадқиқот 101 иштирокчи ўртасида ўтказилган. 7 ҳафта давомида 51 иштирокчига пробиотиклардан иборат турли хил фойдали бактериялар ва ичакдаги бактерияларни яхшилайдиган пробиотиклар берилган. Қолган 50 кишида эса пласебо усулидан фойдаланилган.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, фойдали бактерияларни олган гуруҳ етти ҳафта охирида ҳатто пул тақсимоти бироз мувозанатлашган бўлса ҳам, тенгсиз таклифларни рад этишга кўпроқ мойил бўлган. Пласебо гуруҳи эса биринчи ва иккинчи синов сессияларидагина худди шундай йўл тутган.

Ичак микрофлораси адолатли танлов қилишга ёрдам беради дейиш учун ҳали эрта. Бироқ бу янги натижалар биз қайси биологик йўлларни кўриб чиқишимиз кераклигини кўрсатиб беради. Қарор қабул қилишга ижобий таъсир кўрсатиш учун ичак микрофлорасини ўзгартириш ажойиб. Биз бу йўлни жуда эҳтиёткорлик билан ўрганишимиз керак”, – деган Плассманн.

Маълумот учун, ички микрофлора, яъни инсоннинг ҳазм қилишида иштирок этадиган барча бактериялар, вирус ва замбуруғлар ҳазм системасидан ташқари танадаги бошқа жараёнларда ҳам муҳим рол ўйнайди. Охирги тадқиқотларда микрофлоранинг ақлий ҳолат, стресс, асабийлик, депрессия белгилари ва хулқ-атворга таъсири борлиги маълум қилинган. Кўп тадқиқотлар умидли бўлса-да, уларнинг аксар қисми жониворларда ўтказилган ва инсонлардаги натижа билан бир хил бўлмаслиги мумкин. Шунингдек, тадқиқотлар мия ва ичак ўртасидаги қандай нейрон, иммун ёки гормонал механизмлар ишлаётганини тушунишга имкон бермайди. Тадқиқотчилар микрофлора таркиби ва ижтимоий кўникмалар ўртасидаги боғлиқликни кузатишлари мумкин, аммо бири иккинчисини қандай назорат қилишини билишмайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Тадқиқот: ошқозон-ичак микрофлораси одамнинг қарор қабул қилишига таъсир қилиши мумкин