
Ҳар куни нафас олаётган ҳавомиз – фақатгина оғирлик ҳисси ёки аллергия манбаи эмас. Яқинда эълон қилинган янги илмий тадқиқотга кўра, ҳаводаги зарарли моддалар – азот диоксиди (NO₂) ва PM2.5 заррачалари – кексалар мияси фаолиятига жиддий таъсир кўрсатар экан.
Бу ҳақда The Journals of Gerontology журналида чоп этилган илмий ишда маълум қилинди. Олимларнинг хулосаси жуда аниқ ва хавотирли: ҳавонинг ифлосланиши когнитив қобилиятларни пасайтиради, яъни инсоннинг фикрлаш, хотира, нутқ ва қарор қабул қилиш имкониятларини заифлаштиради.
10 йиллик таҳлил, 1000 дан ортиқ иштирокчи — катта тадқиқот ортидаги хулосалар
Тадқиқот 2008 йилдан 2017 йилгача бўлган даврни қамраб олган ва 65 ёшдан катта 1127 нафар кекса инсон иштирок этган. Уларнинг ёши, яшаш жойи, ҳаёт тарзи ва жисмоний фаоллиги каби кўплаб омиллар ҳисобга олинган. Энг асосийси – улар яшайдиган ҳудуддаги NO₂ ва PM2.5 миқдори эътибор марказида бўлган.
Натижалар эса шунчаки таҳлилий эмас – амалда синовдан ўтказилган фактлар асосида:
- Ифлос ҳаво ҳудудларида яшовчилар когнитив тестларда ёмонроқ натижа қайд этган.
- Энг катта фарқ нутқ қобилияти — сўзларни топиш, талаффуз қилиш ва фикрни ифода этишда кузатилган.
- Саноат ва ёқилғи манбаларига яқин яшовчиларда бу таъсир янада кучлироқ бўлган.
Ҳаво ифлосланиши — мия фаолиятининг "яширин душмани"
Эътиборли жиҳати шундаки, бу зарарли моддалар бир кунда эмас, балки йиллар давомида секин-асталик билан инсон миясига таъсир қилади. Олимлар буни “инсон организмига сукунатдаги ҳужум” деб баҳолашмоқда.
Мия фаолиятига таъсир этувчи зарарли моддалар ёқилғи ёнишидан, иситиш тизимларидан ва саноат фаолиятидан ҳавога тарқалади. Кўпчилик бу моддаларни нафас орқали қабул қилиб, мияга қон орқали етиб боришини билмайди ҳам.
Нима қилиш керак?
Илмий тадқиқот муаллифлари мия саломатлигини сақлаш учун қуйидагиларни тавсия қилишмоқда:
✅ Мева ва сабзавотга бой овқатланиш;
✅ Жисмоний фаоллик ва интеллектуал машғулотлар;
✅ Иложи борича тоза ҳаволи ҳудудларда яшаш ёки юриш;
✅ Масканда ҳаво фильтрларидан фойдаланиш.
Zamin.uz хулосаси:
Мия фаолияти фақат ёшга боғлиқ эмас. Аслида, бизни ўраб турган муҳит – келажагимизнинг сифатини белгилаб беради. Сиз нафас олаётган ҳар бир ҳаво зарраси миянгиз учун ёқимли энергия бўладими ёки сокин ҳалокат – буни вақтида билиш керак.
"Ақл тишламаган" кексалик учун бугундан ҳаракат бошланиши шарт. Соғлом мия — соғлом ҳаёт кафолати.
Сиз тиниқ ҳаволи жойда яшаяпсизми? Умуман, бундай тадқиқотлар ҳақида қандай фикрдисиз?