date

Колбаса ва чипс нега саломатлик учун хавфли?

Колбаса ва чипс нега саломатлик учун хавфли?

Кундалик ҳаётимизда колбаса, сосиска, чипс, газли ичимликлар ва турли ярим тайёр таомлар кўпчиликнинг дастурхонида учрайди. Улар ташқи кўриниши ва мазаси билан кўнгилга ёқимли туюлиши мумкин, аммо инсон саломатлиги учун катта хавфни яшириб туради. Мутахассислар таъкидлашича, бу маҳсулотлар қоринни тўйдирса-да, организмини зарур моддалар билан таъминламайди. Натижада юрак-қон томир, жигар, ошқозон, эндокрин ва асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади.

Қайта ишланган маҳсулотлар нима?

Бундай маҳсулотлар табиий ҳолатида қолмаган, балки бир неча технологик босқичларда қайта ишланган ва кўпинча қўшимча моддалар билан бойитилган овқатлардир. Масалан, узоқ муддат сақланиши учун консервант қўшилган колбаса ёки консерва, ташқи кўриниши жозибали бўлиши учун бўёқ ва таъм кучайтирувчи қўшилган чипс ёки газли ичимликлар. Шунингдек, оқ нон, рафинацияланган шакар ва ёғлар ҳам шу тоифага киради.

Афзаллиги шундаки, улар узоқ муддат сақланади, ташиш ва тайёрлашда қулай. Аммо саломатлик нуқтаи назаридан зарарли жиҳатлари кўп.

Зарарли таъсирлар

Аввало, транс-ёғ ва туз меъёридан ортиқ. Бу моддалар қонда “ёмон” холестеринни кўпайтириб, “яхши” холестеринни камайтиради. Шу боис юрак-қон томир касалликлари хавфи кескин ортиб боради. Ортиқча туз эса қон босимини кўтариб, гипертония ва инсултга олиб келиши мумкин.

Иккинчи хавф – ортиқча шакар. Газли ичимликлар ва ширинликларда унинг миқдори меъёрдан бир неча баравар юқори. Шакарнинг тез сўрилиши организмда ёғ тўпланишига сабаб бўлиб, семизлик ва диабет хавфини оширади. Шунингдек, тиш касалликлари учун ҳам хавфли ҳисобланади.

Учинчи муаммо – кимёвий қўшимчалар. Консервант, бўёқ ва сунъий таъм берувчилар маҳсулотни жозибадор қилиши мумкин, аммо уларнинг организмда тўпланиши турли касалликларга йўл очади. Илмий тадқиқотларга кўра, баъзи консервантлар саратонига ҳам олиб келиши мумкин.

Энг катта муаммо – табиий моддаларнинг йўқолиши. Қайта ишлов жараёнида маҳсулотдаги витамин ва минераллар сезиларли даражада камаяди. Масалан, оқ нон ишлаб чиқаришда доннинг энг фойдали қисмлари олиб ташланади, натижада B-гуруҳи витаминлари ва толалар танқислиги юзага келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти олиб борган тадқиқотларга кўра, қайта ишланган маҳсулотларни мунтазам истеъмол қиладиган одамлар орасида семизлик икки баробар юқори, юрак касалликлари хавфи 30 фоизга кўп ва умр давомийлиги ўртача 5–7 йилга қисқариши мумкин.

Соғлом алтернативалар

– Фастфуд ва ярим тайёр таомлар ўрнига янги сабзавот ва мевалар.
– Газли ичимликлар ўрнига оддий сув ёки табиий шарбатлар.
– Колбаса ва консервалар ўрнига янги қайнатилган ёки буғда пиширилган гўшт ва балиқ.
– Қандолат маҳсулотлари ўрнига қуритилган мевалар, ёнғоқ ва асал.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, қайта ишланган маҳсулотларни умуман йўқотиш шарт эмас, аммо уларнинг миқдорини минимал даражага тушириш лозим. Тўғри танланган овқатланиш нафақат касалликларнинг олдини олади, балки ҳаёт сифати, кайфият ва энергияни ҳам оширади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Колбаса ва чипс нега саломатлик учун хавфли?