date
views 248

Юрак хасталигининг олдиндан хабар берувчи учта ноодатий белгиси аниқланди

Юрак хасталигининг олдиндан хабар берувчи учта ноодатий белгиси аниқланди
Юрак-қон томир касалликлари бугунги кунда дунё бўйича бевақт ўлимга олиб келувчи энг асосий сабаблардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар йили 18 миллиондан ортиқ инсон айнан шу касалликлар сабаб ҳаётдан кўз юмади. Мутахассисларнинг айтишича, юрак касалликлари ёши тобора кичикроқ бўлган инсонларда ҳам кенг тарқалмоқда.

Афсуски, кўпчилик инсонлар организмида пайдо бўлган муҳим сигналларга эътибор қилмайди ёки жуда кеч тушуниб етади. Ҳақиқатда эса, юрак билан боғлиқ муаммолар фақатгина кўкрак оғриғи ёки нафас қисилиши билан эмас, балки кутилмаган ҳолларда ва организмнинг бошқа қисмларида ҳам юзага чиқиши мумкин. Америка Дерматология академияси олимлари юрак касалликлари ҳақида аввалдан огоҳлантирувчи учта ноодатий белгини аниқлади.

Бармоқлардаги қаттиқ ва оғриқли тугунчалар (Ослер тугунлари)

Ослер тугунлари деб аталувчи бу аломат оёқ ёки қўл бармоқлари устида пайдо бўлиши мумкин. Улар кичик, қаттиқ ва оғриқли бўлиб, бир неча соатдан бир неча кунгача давом этади ва баъзида ўз-ўзидан йўқолади. Бироқ бу аломатнинг пайдо бўлиши организмдаги жиддий инфекцион муаммодан дарак беради. Олимларнинг таъкидлашича, бу ҳолат кўпинча юрак ички қаватининг яллиғланиши — инфекцион эндокардит билан боғлиқ бўлиб чиқади. Бундай вазиятда, албатта, антибиотиклар билан даволаш талаб этилади. Агар даволанмаса, ҳолат мураккаблашиб, ҳатто операция зарурати ҳам юзага келиши мумкин.

Оёқларнинг шишиб кетиши

Юрак хасталигининг яна бир жиддий белгиси — оёқларнинг шишиши. Америка Дерматология академияси мутахассислари бу ҳолат юракнинг нотўғри ишлаши натижасида қон ва бошқа суюқликлар организмда тўпланиб қолишидан келиб чиқишини таъкидламоқда. Юрак-қон томир тизимидаги муаммолар сабабли пайдо бўлган шишлар асосан оёқ панжалари, тўпиқлар ва оёқларнинг бошқа қисмларида кўзга ташланади. Бу турдаги шишларнинг мунтазам кузатилиши вазиятнинг жиддийлигидан огоҳлантирувчи белгидир ва дарҳол шифокорга мурожаат қилишни талаб қилади.

Бармоқларнинг кўкариб қолиши (сианоз)

Баъзан бармоқларнинг кўкариши шунчаки совуқ ҳаво билан боғлиқ бўлиши мумкин, бу табиий ҳол. Аммо агар совуқ бўлмаган ҳолатларда ҳам бармоқлар кўк ёки бинафша тусга кирадиган бўлса, бу жуда жиддий сигнал ҳисобланади. Бу аломат қон таркибида кислороднинг етарли даражада эмаслигидан дарак беради. Олимлар бундай вазиятни тиббиётда “сианоз” деб аташади ва бу аломат қон айланиши тизимидаги жиддий муаммоларни кўрсатади. Агар сианоз ўз вақтида даволанмаса, бу тери остидаги тўқималарнинг нобуд бўлишигача олиб келиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, инсон ўз организмидаги шундай ноодатий белгиларни кузатса, бунга эътиборсиз қарамаслиги ва шифокорга мурожаат қилиши лозим. Чунки ўз вақтида диагностика қилинган касалликларни даволаш имконияти юқори бўлади.

Шундай экан, юқоридаги учта белгидан бири ёки бир нечтаси пайдо бўлганда зудлик билан шифокор кўригидан ўтиш керак. Соғлиқни сақлашда эътиборли ва эҳтиёткор бўлиш ўз вақтида ёрдам олишнинг энг муҳим калитидир. Юрагингизни асранг, соғлом ҳаёт тарзига амал қилинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Юрак хасталигининг олдиндан хабар берувчи учта ноодатий белгиси аниқланди