date
views 45

Ўзбекистонда саратонга қарши миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда — асосий мақсад ҳаётни сақлаб қолиш

Ўзбекистонда саратонга қарши миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда — асосий мақсад ҳаётни сақлаб қолиш
2025–2035 йилларга мўлжалланган саратон касаллигига қарши курашиш бўйича Миллий стратегияни шакллантириш борасида жиддий ишлар бошланди. 28–30 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган йиғилишда онкологлар, таҳлилчилар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва бошқа халқаро ташкилотлар, стратегик марказлар вакиллари ушбу ҳужжатнинг дастлабки лойиҳаси устида келишиб олди.

Ҳаракатлар режасига старт берилди

Таъкидланишича, бу ташаббус “Ўзбекистон Республикасида онкологик хизматларни ривожлантириш” лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида, Ислом тараққиёт банкининг кўмагида амалга оширилмоқда. Йиғилиш доирасида Ҳаракатлар режасини шакллантиришга ҳам расман старт берилди.

Мазкур стратегик ҳужжат нафақат тиббий, балки ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ечимларни қамраб олган ҳолда тайёрланмоқда.

Сонлардан кўра инсон ҳаёти муҳим

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилишича, ҳозирги кунда мамлакатда 100 мингдан ортиқ саратонга чалинган бемор қайд этилган. Ҳар йили 20 мингдан зиёд янги ҳолат аниқланади. Уларнинг катта қисми эрта аниқланса ва ўз вақтида даволанса, тўлиқ соғайиш имкони мавжуд.

“Аммо бунинг иложи тизимли ёндашувсиз имконсиз. Ҳар бир режа, ҳар бир қадам — асбоб-ускуналар, кадрлар, жамоатчилик онги ва ишончгача — барчаси инобатга олинмоқда. Бу фақат статистикани пасайтириш эмас, балки ҳаётни сақлаб қолиш ҳақидадир”, — дейилади халқаро ташкилот баёнотида.

Қарорлар илм-фан, тажриба ва одамларга асосланади

Йиғилишда таъкидландики, стратегия инсонни марказга қўйган ёндашувни тақозо этади. Бу нафақат клиник ташхис ва даволашни, балки ахборот-коммуникация фаолияти, аҳолининг хабардорлиги, соғлом турмуш тарзи тарғиботини ҳам қамраб олади.

Ҳозирда масъул органлар томонидан дастурнинг ҳуқуқий, молиявий ва амалий механизмлари устида иш олиб борилмоқда. Яқин ойларда саратонга қарши курашиш стратегиясининг якуний варианти жамоатчиликка тақдим этилиши кутилмоқда.

Zamin.uz таҳририяти ушбу стратегияни мамлакатда соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим ва инсоний ташаббуслардан бири деб ҳисоблайди. Чунки саратон — рақамлар эмас, ҳаёт ҳақидадир. Ва ҳар бир ҳаёт — эътиборга лойиқ.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ўзбекистонда саратонга қарши миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда — асосий мақсад ҳаётни сақлаб қолиш