date

Олимлар суяклар емирилишининг кутилмаган сабабини ошкор қилишди

Олимлар суяклар емирилишининг кутилмаган сабабини ошкор қилишди

Сўнгги йилларда микропластикнинг инсон саломатлигига таъсири тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Илгари у асосан юрак, ўпка ёки асаб тизимига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида гапирилган бўлса, эндиликда халқаро олимлар гуруҳи яна бир жиддий хулосага келди — пластик зарралари суякларнинг соғломлиги ва мустаҳкамлигига ҳам таҳдид солиши мумкин.

Ҳар йили дунё бўйлаб 400 миллион тоннадан зиёд пластик ишлаб чиқарилади. Унинг майда заррачалари сувда, егуликларда, ҳавода ва ҳатто қонда ҳам учрайди. Илмий тадқиқотлар микропластик ҳатто мия, кўкрак сути ва суяк тўқималаридан ҳам аниқланганини кўрсатмоқда. Бу эса мутахассисларнинг ташвишини янада кучайтирди.

Кампинас университети ҳузуридаги минерал ва суякларни ўрганиш лабораторияси координатори Родриго Буэно де Оливейранинг таъкидлашича, синовлар жараёнида микропластик заррачалари суяк илигига кириб бориши ва унинг фаолиятини издан чиқариши мумкинлиги маълум бўлган.

— Суяк тўқимаси ҳужайраларида ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, микропластик уларнинг яшовчанлигини пасайтиради, қариш жараёнини тезлаштиради ҳамда шамоллашни кучайтиради. Ҳайвонларда эса бу ҳолат суякларнинг мўрт ва заифлашишига олиб келган, — дейди Оливейра.

Олимнинг сўзларига кўра, ҳозирга қадар микропластикнинг суякларга таъсири тўлиқ ўрганилмаган. Бироқ мавжуд изланишлар унинг суяк ичига кириб бориши ва метаболизм жараёнларини бузиши мумкинлигини тасдиқламоқда.

Мутахассислар спорт билан мунтазам шуғулланиш, тўғри овқатланиш ва суякларни мустаҳкамловчи дорилар қўлланишини тавсия этмоқда. Аммо ҳозиргача бу омилларга микропластикнинг таъсири инобатга олинмаган.

Демак, инсоният олдида янги ва жиддий хавф турибди. Тадқиқотчиларнинг фикрича, агар бу жараён чуқурроқ ўрганилмаса, келгуси йилларда микропластик суяк касалликлари ва суяк мўртлигининг асосий сабабларидан бирига айланиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Олимлар суяклар емирилишининг кутилмаган сабабини ошкор қилишди