Қондаги глюкоза миқдорининг меъёрдан четга чиқиши инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Бу ҳолат икки хил йўналишда намоён бўлади: гипогликемия — глюкоза даражасининг тушиб кетиши ва гипергликемия — унинг ортиши.
Гипогликемия, яъни қонда шакар миқдорининг паст бўлиши қуйидаги ҳолатлар сабабли юзага келади: нотўғри овқатланиш, овқатни узоқ вақт емаслик, қаттиқ жисмоний зўриқиш ёки диабет дориларини нотўғри қабул қилиш.
Унинг аломатларига қалтироқ, юрак уришининг тезлашиши, бош айланиши, кўришда муаммо ва ҳатто ҳушдан кетиш киради. Бу ҳолат вақтида бартараф этилмаса, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Гипергликемия эса қонда глюкоза миқдорининг ортиши бўлиб, кўпинча қандли диабет билан боғлиқ ҳолат ҳисобланади. Аммо стресс, гормонал бузилишлар ёки ортиқча углевод истеъмоли ҳам бунга сабаб бўлиши мумкин.
Унинг белгиларидан бири — тез-тез чанқаш ва кўп суюқлик истеъмол қилиш, тез-тез сийиш, терининг қуруқлиги, хасталикдан чарчоқ ва жароҳатларнинг секин битиши ҳисобланади.
Ҳар икки ҳолат ҳам жиддий назоратни талаб этади. Қондаги глюкоза даражасини мунтазам кузатиб бориш, соғлом овқатланиш ва шифокор тавсияларига амал қилиш — соғлом ҳаёт кафолатидир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!