Инсон организми мураккаб тузилмадан иборат бўлиб, унинг соғломлигини сақлашда жисмоний фаолият муҳим аҳамиятга эга. Фаол ҳаракат турли касалликларнинг олдини олиш, мушакларни мустаҳкамлаш, ҳаракат ва мослашувчанликни оширишга ёрдам беради. Шу жиҳатдан сузиш энг самарали спорт турларидан бири саналади.
Сузиш — турли усуллар орқали сувда ҳаракатланиш ва сув юзасида ушлаб туришга асосланган спорт ҳисобланади. Бошқа спорт турларидан фарқли равишда, унда бутун тана бир вақтнинг ўзида фаолият юритади. Қўл ва оёқ ҳаракатлари, тўғри нафас олиш машқлари организмнинг энергия сарфини ошириб, соғлиққа ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис соғлиқ мутахассислари сузишни кўплаб касалликларни олдини олишда ёки даволаш жараёнида тавсия қилишади.
Сузиш учун катта харажат талаб қилинмайди. Сув ҳавзалари ёки махсус бассейнларда оддий сузиш кийими ва зарур ҳолда ёрдамчи воситалар етарли бўлади. Бу спорт тури чақалоқлардан тортиб қарияларгача ҳар қандай ёшда машғул бўлиш учун тавсия этилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!