Мандарин ҳар йили айни кузнинг охири, қишнинг боши, яъни ёз мевалари камайиб қолган вақтда бозор расталари ва дўконларда пайдо бўлади.
Мандарин — апельсиндан кичикроқ цитрус мева. У инсониятга бундан минглаб йиллар олдин маълум бўлган, аниқроғи, мандаринни бундан деярли 3000 йиллар олдин Хитойда, Жанубий-Шарқий Осиё ҳамда Африкада етиштира бошлашган. Европаликлар эса мандарин ҳақида бундан 300 йилча олдин билишган. Қадимда бойларни «мандарин» деб аташган. Бу мева бойлар дастурхони учун ўстирилган ва унинг номи ҳам шундай аталган.
Хитойда эса бу цитрус неъмат бойлик ва омад рамзи саналади. Хитойликлар Янги йил байрамида ўз яқинлари ва дўстларига мандарин совға қилишади. Мандарин сероб мамлакатларда уй бекалари ундан шарбат, компот ва мурабболар тайёрлашади. Уни салатларга, десерт ва пишириқларга қўшишади. Корейс халқи, айниқса, асал қўшилган мандаринли десертни севиб истеъмол қилади.
Мандариннинг уруғли ва уруғсиз, иссиқсевар ҳамда совуққа чидамли турлари бор. Мевасининг деярли 85 фоизи сувдан иборат. Таркиби қанд, клетчатка, оқсил, ёғлар, эфир мойлари, органик кислоталар ва фитонцитларга бой. Унда В гуруҳи витаминлари, шунингдек, жуда кўп миқдорда С витамини мавжуд. Микро ва макроэлементлардан эса калий, кальций, магний, натрий, фосфор кабиларни сақлайди.
Мандарин — дарахти унча катта бўлмаган сершох, барглари қалин, доимий яшил ўсимлик. Баландлиги кўпи билан 4 м гача етади. Мевасининг эни бўйидан катта, япалоқ, мағзи 10-12 бўлакчадан иборат.
МАНДАРИННИНГ БИЗ БИЛМАГАН ЖИҲАТЛАРИ
Шифобахш хусусиятларини санаб ўтадиган бўлсак, муаттар ҳидли ва ширин-нордон таъмли мандарин шунчаки мева эмас, организмимиз учун тенги топилмас витаминлар манбаи ҳамдир. Шу сабабдан ҳам қиш пайти организмни умумий қувватлантирувчи воситалардан бири мандарин ҳисобланади. Унинг ҳидини сезишимиз билан дарров иштаҳамиз очилади. Таркибидаги озуқавий кислоталар ҳазм жараёнига, моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади.
Мандарин инсон кайфиятини кўтариши фанда ҳам исботланган. Бу мевани кўпинча шамоллаш касалликларининг олдини олиш учун истеъмол қилишади. Чунки ундаги фитонцидлар микроб ва бактерияларга қирон келтиради. Пўстлоғининг дамламаси бронхитда, қуруқ йўталда, овқат ҳазмини яхшилашда яхши наф беради.
Мандарин ажойиб парҳезбоп озиқадир. У ортиқча вазндан сақлайди, вазн ташлашга ёрдам беради. Мандаринда касаллик қўзғатувчи замбуруғлар билан фаол курашувчи ва шу тариқа тери касалликларининг олдини олувчи моддалар бор. Шарбати дизентерия (ичбуруғ) касаллигини даволашда яхши самара беради. Унинг қонни тўхтатувчи хусусияти климакс даври нохушликларини камайтиришга ҳисса қўшади.
Халқ табобатида мандарин пўстининг тиндирмаси кенг қўлланилади. Бу малҳам билан юқори нафас йўллари хасталикларини даволаш мумкин. У балғамни юмшатишда самарали фойда қилади. Пўстлоғидан тайёрланган дамлама ва қайнатмаси кўнгил айнишининг олдини олувчи, иситмани туширувчи таъсирга эга.
Мандариннинг ўртача катталикдаги икки донаси кунлик С витаминига бўлган эҳтиёжингизни осон қондиради, вирусли инфекцияларга қарши курашишда ёрдам беради. С дармондориси иммунитетни кўтаришидан ташқари, қон томирлари деворчаларининг янгиланиш жараёнини ҳам рағбатлантиради. Унинг, айниқса, варикоздан қийналаётган аёлларга фойдаси беқиёс. Қолаверса, атеросклероз хасталигининг олдини олади. Бундан ташқари, кўп миқдорда ҳайз кўрадиган аёллар ой кўришдан бир неча кун аввал икки донадан мандарин еб туришгани мақсадга мувофиқ.
ЁШ КЎРИНИШ УЧУН…
Оловранг мева ва сабзавотлар таркибида мавжуд бета-каротин моддаси организмга тушгач А дармондорисига айланади. Ушбу сеҳрли витамин эса терининг эластиклигини таъминловчи коллаген ва эластин моддалари ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Шунинг учун бу мевадан кўп-кўп тановул қиладиганларнинг ранги тиниқ бўлади, юзига ажинлар соя солмайди.
Булардан ташқари, мандарин шарбатида темир, каротин моддалари мавжуд. Унинг қуритилган пўстлоғи табиий тинчлантирувчи ҳисобланади, асаб бузилишида чой билан ичилса, яхши наф беради.
Лютеин — мандаринда мавжуд яна бир муҳим элемент. У кўриш қобилиятимизни зарарли нурлар таъсиридан ҳимоя қилиш вазифасини бажаради. Шунингдек, мандарин таркибида жуда камёб элемент — холин моддаси мавжуд бўлиб, у хотирани яхшилайди, яллиғланиш, юрак-қон томир касалликлари ривожланиши хавфини камайтиради.
ҲОМИЛАДОРЛАРГА ЭНГ ЗАРУР МЕВА
Мандарин таркибидаги холин ҳомила шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, холин мия ҳужайралари ривожланишига ҳам кўмаклашади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ҳомиладорлик даврида зарур миқдордаги холин боланинг хотираси шаклланишига хизмат қилади. Уни диабет ва сурункали касалликлар ривожланишидан асрайди. Холин стресс гормони — кортизол даражасини камайтиради. Олимларнинг таъкидлашича, бу модда туғруқдан кейинги депрессияни енгиб ўтишда ҳам фойдали.
ХАРИД ҚИЛИШДА…
Мандариннинг ҳажми, шакли, таъми ва ҳидига кўра фарқланувчи кўплаб навлари мавжуд. Испания, Туркия ва Марокашда кўп миқдорда мандарин етиштирилади. Испан мандаринлари катта ҳажми, Туркиядан келтирилганлари сариқ-яшил ранги ва марокашлик пўртаҳоллар кичик ҳажми, ёрқин тўқ сариқ ранги билан бир-биридан фарқланади.
Мандариннинг энг яхшиси оғиридир. Суви қочган ёки кўп туриб қолган мандарин енгил бўлади. Кўпинча майда навлари ширин, ўртача катталикдаги турлари сувли ва нордон таъмлидир.
Мандарин узоқ вақт сақланадиган мева. Уни полиэтилен пакетлардан кўра нафас олиши мумкин бўлган тўрхалталарда сақлаган маъқул. Сақлашда намликни ҳам назорат этиш лозим. Сабаби, мандарин тез сўлувчи мева.
Мандаринни совиткичда бирмунча узоқроқ сақлаш мумкин. Яъни —6 дан +6 гача бўлган ҳарорат мандаринларни сақлаш учун қулай ҳисобланади.
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди