Бугундан кучга кирган муҳим янгиликлар

Ўзбекистон қонунчилигида 2026 йил 1 июндан эътиборан қатор янгилик ва ўзгаришлар кучга киради. Улар энергетика, солиқ, қурилиш, тадбиркорлик, божхона, фармацевтика ва бошқа соҳаларни қамраб олади. Қуйида мазкур санадан амал қила бошлайдиган асосий янгиликлар билан танишинг.
Электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифлар амал қилади
Ўзбекистонда электр энергияси ҳамда табиий газнинг янгиланган тарифлари жорий этилади. Ҳукумат қарорига мувофиқ, аҳоли учун амалдаги табақалаштирилган тариф тизими сақлаб қолинади.
Оддий маиший истеъмолчилар учун ойига 200 кВт соатгача электр энергияси 650 сўмдан, иситиш даврида 500 куб метргача ва бошқа фаслларда 100 куб метргача табиий газ эса 1 100 сўмдан ҳисобланади. Белгиланган ҳажмдан юқори истеъмол учун оширилган тарифлар амалда бўлиб қолади.
ҚҚС ва даромад солиғига ўтиш чегараси оширилади
Президент фармонига асосан, 1 июндан солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтиш учун белгиланган чегаравий миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн икки минг бараварига тенг қилиб белгиланди.
Амалдаги 1 миллиард сўмлик лимит 2019 йилда жорий қилинган эди. Кейинги йилларда нархлар ўсиб боргани сабаб айрим тадбиркорлар мазкур чегарага яқинлашганда айланмаларни яшириш, чек бермаслик ёки фаолиятни бир нечта субъектларга ажратиш ҳолатларига мурожаат қилаётгани таъкидланган.
Кафе ва меҳмонхоналарда нақд тўловларга рухсат берилади
Меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини сотишда нақд пул қабул қилиш ҳуқуқи қайта тикланади.
Фармонга мувофиқ, алкоголь маҳсулотлари харид қилинганда рақамли маркировка кодлари мазкур субъектларда якуний истеъмолга реализация қилинган деб тан олинади.
Кўмир нархи бозор тамойиллари асосида шаклланади
Ўзбекистонда кўмир нархларини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилиниши режалаштирилган. Бунинг учун кўмирни давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятга эга стратегик товарлар рўйхатидан чиқариш таклиф этилган.
Натижада маҳсулот нархи талаб ва таклиф асосида шаклланади, кўмир эса истеъмолчиларга биржа савдолари орқали сотилади.
Айрим солиқчиларга 100 фоизлик устама берилади
Халқаро сертификат ва малака даражасига эга бўлган солиқ хизмати ходимларига лавозим маошининг 100 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Қўшимча тўловлар Солиқ қўмитасининг махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Кафе ва ресторанларда қисқа муддатли расмий ишга қабул қилиш мумкин бўлади
Эндиликда кафе ва ресторанлар ходимларни соддалаштирилган тартибда, ҳатто бир кунлик ёки 7 кунлик муддатга ҳам расмий равишда ишга қабул қилиши мумкин бўлади.
Бу ташаббус кичик бизнес субъектлари учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий муҳит яратишга қаратилган.
Угом дарёси бўйида қурилишларга чеклов қўйилади
Угом дарёсининг соҳилбўйи ҳудудлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида экологик мувозанатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай қурилиш, ер ишлари ва сунъий иншоотлар барпо этиш тақиқланади.
Шунингдек, дарё ҳавзаси ҳамда унинг ирмоқларида гидротехник ва гидроэнергетик объектлар қурилишига ҳам рухсат берилмайди.
Қурилиш соҳасида жавобгарлик кучайтирилади
1 июндан техник ёки муаллифлик назорати остидаги қурилиш объектларида қўпол қоидабузарлик аниқланса, пудрат ташкилоти билан бир қаторда назоратчиларга нисбатан ҳам қатъий чоралар кўрилади.
Бундан ташқари, қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган айрим объектлар қурилиши онлайн камералар орқали кузатиб борилади.
Жазони ўтаётган ёшлар рақамли касбларга ўқитилади
Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги жазони ижро этиш муассасаларида ёш маҳкумларни замонавий рақамли касбларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади. 8–12 ойлик курсларда иштирок этганларга электрон сертификатлар тақдим этилади.
Коррупциявий хавфи юқори ходимлар диагностикадан ўтади
Айрим инспекцияларда коррупция хавфи юқори деб баҳоланган вазифаларни бажараётган ходимлар ва ушбу лавозимларга номзодлар махсус диагностикадан ўтказилади. Агар натижага кўра коррупцияга барқарорлик даражаси паст деб топилса, ходим бошқа лавозимга ўтказилади.
Фармацевтика соҳаси учун янги имтиёзлар жорий қилинади
Дори воситалари ишлаб чиқарувчиларига халқаро GMP сертификатларини олиш ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қайта малакалаш жараёнлари билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади.
Шунингдек, мамлакатда ҳали ишлаб чиқарилмаётган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарувчиларига ҳам молиявий кўмак ажратилади.
Маркировка кодлари ҳамкор давлатларда ҳам тан олинади
Ўзбекистон ва ҳамкор давлатлар ўртасида сув ҳамда салқин ичимликларга қўлланиладиган рақамли маркировка кодларини ўзаро тан олиш тизими ишга туширилади. Бу маҳсулотлар ҳаракатини назорат қилиш ва ноқонуний айланманинг олдини олишга хизмат қилади.
Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти яратилади
Тадбиркорлик субъектлари учун божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб ёки қисмларга бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Шу билан бирга, божхона аудити «маслаҳатчи–аудитор» тамойили асосида амалга оширилиб, тадбиркорларга аниқланган камчиликларни мустақил бартараф этиш имкони яратилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!