Қирғизистон Ўзбекистондан келтирилган 21 тонна тарвузни қайтариб юборди

28 май куни Ўсимликларни кимёлаштириш, ҳимоя қилиш ва карантин департаменти инспекторлари томонидан “Дўстлик” (“Достук”) чегара постида ўтказилган фитосанитария назорати давомида Ўзбекистондан олиб борилган 21 тонна тарвуз маҳсулоти текширувдан ўтказилди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик ахборотига кўра, карантин назорати остидаги мазкур маҳсулот қадоқларида мажбурий маркировка — ёрлиқлар мавжуд эмаслиги аниқланган. Бу эса Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕАЭО)нинг карантин фитосанитария талабларини бузиш сифатида баҳоланган.
Натижада ушбу юкни Қирғизистон ҳудудига киритишга рухсат берилмаган ва маҳсулот амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ Ўзбекистонга қайтариб юборилган.
“Ўсимликларни кимёлаштириш, ҳимоя қилиш ва карантин департаменти мамлакат фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорни муҳофаза қилиш ҳамда карантин остидаги зарарли объектларнинг кириб келиши олдини олиш мақсадида назорат тадбирларини мунтазам амалга ошириб келмоқда”, дейилади расмий хабарда.
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг