14:15 / 18.08.2018
4 125

"Тарихдаги инқилобий йил": Мирзиёев ва Раҳмон нималар ҳақида гаплашишди?

"Тарихдаги инқилобий йил": Мирзиёев ва Раҳмон нималар ҳақида гаплашишди?
Кеча, 17-август куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 17 йилда илк маротаба Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Айтиш жоизки, президент Шавкат Мирзиёев жорий йил март ойида 18 йил деганда илк маротаба Тожикистонга расмий сафар уюштирган эди.

Мирзиёевнинг айнан шу қадами, халқаро экспертлар таъкидига кўра, икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг тикланишида муҳим қадам сифатида эътироф этилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг тор ва кенг доирадаги мулоқоти Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Ушбу даргоҳни 2017-2018 йиллар давомида кўплаб тарихий учрашувлар ва келишувларга гувоҳ бўлаётган жой сифатида эътироф этиш мумкин.

Мирзиёев ва Раҳмоннинг тор ва кенг доирадаги музокараларидан сўнг, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Унда икки давлат раҳбарлари бугунги учрашув натижалари ва келишувлар ҳақида маълумот бердилар.

"2018 - инқилобий йил"

Журналистлар қаршисида чиқиш қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ташрифидан ғоят мамнунлигини, бўлиб ўтган музокаралар натижасидан жуда ҳам қониққанлигини ва бугунги кун икки давлат тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилишини таъкидлади.

"Ўтмишда яхши йиллар ҳам, тушунарсиз йиллар ҳам кўп бўлган, лекин 2018-йил тарихимизда - инқилобий йил бўлиб қолади. Мана шуниси энг асосийси. Чунки, инқилобий йилда бизнинг халқларимизнинг истаги, ўзбек-тожик муносабатларининг кўп асрлик тарихи мужассам. Ва ҳурматли Эмомали Шарифович билан, ўртада кўплаб саволлар бўлганига қарамай, шу натижага эриша олдик. Биз бу учун узоқ тайёргарлик кўрдик. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, мана бугун бўй кўрсатди", - деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон етакчисининг сўзларига кўра, ўтган 1,5 йил давомида Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари энг муҳим, нозик ва таъбир жоиз бўлса, стратегик масалаларни муҳокама қилиб борган. Ўртадаги мулоқот осон кечмаган, у мураккаб кечди, лекин у зарур мулоқот эди. Бугунги кунда икки давлат ўртасида ҳеч қандай саволлар қолмади, деб таъкидлади ўз баёноти давомида Мирзиёев.

Ўзбекистон ва Тожикистон бугунги кунда дўст бўлишни, қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашни ва, энг асосийси, хавфсизликда ҳаёт кечиришни хоҳлайди, шу боис, тараққиёт йўлини танлади.

"Қўшни Тожикистон билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор жиҳатларидан бири саналади, мен буни бугун яна бир карра таъкидлаб ўтаман", деди Мирзиёев.

Ўз навбатида, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон "биз бу ташрифдан ғоят мамнунмиз, унинг якунларига катта аҳамият қаратамиз", - дея қайд этди.

Сиёсат, иқтисод ва Стратегик шериклик

Икки давлат сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, сув энергетика ва бошқа муҳим соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш бўйича масалаларни муҳокама қилдилар.

Шу бугун Ўзбекистон ва Тожикистон Стратегик шериклик тўғрисида шартнома имзоланди. "Бу ҳужжат муносабатларимизда янги босқич бошланганидан далолатдир", - деди ўз нутқи давомида Мирзиёев. Эмомали Раҳмон, тарихий аҳамиятга эга бу ҳужжат ўзбек-тожик муносабатлари асосини аниқлаб беришини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон энг яқин қўшнилар бўлгани билан, ўтган йиллар давомида Стратегик шериклик тўғрисида шартнома улар ўрталарида имзоланмаган.

Кўксаройда ўтказилган музокаралар натижасида икки давлат ўртасида умумий ҳисобда 27та иккиёқлама ҳужжатлар имзоланди. Тожикистон президентига кўра, бу ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги "серқирра муносабатларнинг ҳуқуқий-келишув асосларини сезиларли кенгайтирди".

Таъкидланишича, Тожикистон ва Ўзбекистон бизнес доиралари ўртасида имзоланган шартномаларнинг умумий миқдори қарийб 800 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

Ҳукуматлараро комиссиялар учрашуви натижалари

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таъкидига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Ҳукуматларо комиссия фаол иш олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўзида улар 4 маротаба учрашишган.

"Бу учрашувлар Тожикистон президенти билан бўлган келишувларимизни тезроқ амалга ошириш истагидан далолат беради", - деб қайд этди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари, яқин келажакда Тожикистон билан товар айланмасини 1 миллиард долларга етказиш режалари билан бўлишди. Шунингдек, икки давлат бизнес тузилмалар ва чегарага яқин ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик ва кооперацияларни кучайтиришга, қурилиш материаллари, тайёр текстил маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳаларни тезроқ амалга ошириш бўйича ҳам келишиб олгани ҳақида маълум қилди.

Эмомали Раҳмон икки мамлакат ўртасида экспорт-импорт операциялари учун шарт-шароитларни яхшилаш, ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларига катта эътибор қаратилганини таъкидлаб ўтди. "Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия барча йўналишдаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича тезкор қарорлар қабул қилиш бўйича ўзига хос катализатор вазифасини ўтайди, деб ўйлайман", дея таъкидлади Тожикистон президенти.

Газ ва ГЭСлар масаласи

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида энергетика соҳасида сермаҳсул ҳамкорлик кузатилмоқда.

Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ етказиб бериш ишлари қайта тикланган. Ўзбекистон Тожикистондан харид қилинадиган электр-манбаи ҳажмини кўпайтирган. Икки давлат транспорт ва халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича ўз ижобий позицияларини билдирганлар.

"Биз бугун, биргаликда, Тожикистон ҳудудида, Зарафшон дарёси бўйида умумий қуввати 320 МВт бўлган иккита ГЭС қуришга тайёрмиз. Гидроэлектростанция қурилиши - бу жуда жиддий масала. Биз биринчи учрашувдаёқ буни муҳокама қилганмиз. Бугун эса, келинг, истакларимизни аниқлаштирайлик дедик. Эмомали Шарифович халқаро стандартлардан ўтган тайёр лойиҳалар борлигини таъкидлади, ўйлайманки, ушбу лойиҳа бизнинг ҳудудий ҳамкорлигимизда ўта жиддий масала бўлади", - деди Ўзбекистон президенти ОАВ вакиллари олдида қилган баёноти давомида.

Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда, сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш масаласида конструктив ҳамкорликни давом эттириш лозим, дея қайд этишганини таъкидлаб ўтди.

" ... Мен бугун яна бир марта таъкидлаб ўтмоқчиман, биз ҳеч қачон қўшниларимизни сувсиз қолдирмаганмиз ва қолдирмаймиз. Аксинча, бугун биз шу нарсага келишдик ва тегишли идоралар ва институтларга Сарез кўлининг сувини ўрганишни бошлашларини топширдик ва бизнинг мамлакатларимиз ва минтақа бўйича қўшни давлатларнинг ичимлик сувига бўлган зарурати масаласига ечим топиш учун Сарез кўли сувидан қандай фойдаланса бўлади, деган масалани муҳокама қилдик", - деди Раҳмон.

Тожикистон президенти фикрига кўра, ушбу лойиҳа келгусида минтақа мамлакатларини сув билан таъминлашга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади, дея умид билдирди.

Афғонистон масаласи, терроризм ва диний экстремизм

Давлат раҳбарлари баёнотида айтилдики, музокаралар давомида терроризм, диний эсктремиз, наркотрафик, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва халқаро хавфсизликка таҳдид масалалари ҳам муҳокама қилинди.

"Афғонистон масалаларини жиддий муҳокама қилдик. Нега деганда, Эмомали Шарифович катта тажрибага эга. У ерда нималар бўлаётганини билади. Қолаверса, Афғонистон айни вақтда катта сиёсий ўзгаришлар остонасида турибди - парламент ва президент сайловлари бўлиб ўтиши кутилмоқда" - деб таъкидлади Мирзиёев ва чегара хавфсизлиги масаласи иккала давлат раҳбарларини ҳам жуда қаттиқ ўйлантиришини атди.

Эмомали Раҳмон Мирзиёевнинг гапларини тасдиқлаган ҳолда, томонлар терроризм, экстремизм, терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва трансмиллий уюшган жиноятчилик муаммоларига қарши кураш ҳамда ҳарбий ва ҳарбий-техник масалаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишларини таъкидлаб ўтди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » "Тарихдаги инқилобий йил": Мирзиёев ва Раҳмон нималар ҳақида гаплашишди?