00:30 / 25.07.2021
3 817

Одатий аммо жиддий касалликлардан дарак берувчи 10 симптом


Фото: «Домашний очаг»
Сиз-у биз беэътибор бўлган организмдаги белгилар, аслида, саломатлик билан боғлиқ жиддий муаммолар борлигини англатиши мумкин.

Сал аввал нима ҳақида гапирганини эслай олмаслик
Нима ҳақида гапирганини тез-тез унутиш ва гапирмоқчи бўлган нарсани эслай олмаслик миядаги қон айланишида муаммо борлиги ёки мини-инсультдан дарак берувчи жиддий симптом бўлиши мумкин. Ҳатто бир неча сония ўтиб ҳаммасини эслаган тақдирингизда ҳам, ушбу аломатга бефарқ бўлмасдан, шифокорга бориб текширтиринг. Мутахассис вазият жиддий бўлса, 24 соат ичида мияни текширтириш кераклигини тавсия қилиши мумкин. Қолаверса, қонни суюлтирадиган ва холестеринни камайтирадиган дори воситалари ёзиб берилиши мумкин. Бундан ташқари, турмуш тарзини ўзгартириш — чекиш, ичиш ва ёғли, шўр таом ҳамда ширинликлардан тийилиш муҳим саналади. Миядаги қон айланишини яхшилаш учун кун давомида 5 маҳал кам-камдан овқатланиш ва ҳафтада 5 маротаба 30 дақиқадан жисмоний машқлар билан шуғулланиш мақсадга мувофиқдир.

Бир неча кун давомида кўзга бирор нарса кўрингандек туюлиши
Соғлом одамнинг кўриш қобилиятида муаммо бўлмаслиги, кўзларда қизариш ва ёшланиш бўлмаслиги керак. Яна бир хавотирга арзийдиган сигнал — тўғри чизиқни кўра олмаслик ҳисобланади. Ойна ёки бир тўп нарса тўлқинсимон бўлиб туюладиган бўлса, бу кўриш қобилиятини йўқотишга олиб келадиган мушаклар ҳужайраси дегенерациядан дарак берувчи яққол симптом саналади. Қолаверса, кўз олдида пайдо бўлиши мумкин бўлган чақнашларга ҳам эътибор қаратинг. Аксарият ҳолларда мигрен бошланаётганида кузатиладиган ушбу ўзгариш бош оғриғисиз ҳам намоён бўлиши мумкин. Оламга юпқа парда ортидан қараётгандек бўлиш ҳисси катарактага хос энг дастлабки аломатлардан саналади. Тўсатдан қисқа муддатга кўриш қобилиятини йўқотиш ёки кўришга халал берадиган катта чақнашнинг кўз олдида пайдо бўлгандек туюлиши шифокорга бориб, дарҳол текширтириш кераклигини билдиради.

Овқатлангандан кейин жиғилдон қайнаши
Ушбу ёқимсиз ҳолатга ошқозондаги кислотанинг қизилўнгачга ўтиши билан боғлиқ яллиғланиш жараёни сабаб бўлиши, бунда оғизда нордон таъм сезилиб, тишлар зарарланиши мумкин. Одатда бундай симптомлар кечаси авж олади, бунга тор кийим кийиш ва кескин ҳаракат қилиш ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аксарият ҳолларда жиғилдон қайнашидан ҳомиладор аёллар ва ортиқча вазнга эга инсонлар азият чекиши, бунга оғирлик туфайли овқат ҳазм бўлишининг қийин кечиши сабаб бўлиши мумкин. Жиғилдон қайнашининг доимий равишда кузатилиши чандиқ пайдо бўлишига олиб келиши, оқибатда ютиниш қийинлашиши ҳатто қизилўнгач саратони ҳам пайдо бўлиши мумкин. Агар сизда ушбу ёқимсиз ҳолат ҳафтада бир ёки ундан кўпроқ кузатиладиган бўлса, албатта, шифокорга мурожаат қилинг. Кам-камдан овқатланинг ва мутахассис кислотани нейтраллаштирадиган дори воситасини ёзиб бериши, айрим ҳолларда эса қизилўнгач деворларини мустаҳкамлаш учун жарроҳлик амалиёти қилдириш кераклигини айтишига тайёр туринг.

Кун давомидаги уйқучанлик
Вақтида уйқуга ётган тақдирингизда ҳам, эрталаб уйғонишга қийналиш апноэ — уйқуда нафас олишнинг қисқа муддатга тўхташи билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бунда бош оғриғи билан уйғониш, диққат қилишга қийналиш ҳамда ўтириш билан уйқу босиши кузатилиши мумкин. Уйқу вақтида нафас олиш билан боғлиқ муаммо кузатилиши юрак-қон томирлар касаллиги, инсульт, қандли диабет сингари касалликларнинг пайдо бўлиш хавфини орттириши мумкин. Бундай вазиятда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш, озиш, шунингдек, спиртли ичимликлардан воз кечиш керак.

Қўл ёки оёқ увишиши
Уйқу вақтида қўл ёки оёқдаги қон айланиши ёмонлашиши, бу симптом жиддий эмасдек туйилиши мумкин. Лекин бу ҳафтада бир ёки ундан кўпроқ вақт кузатиладиган бўлса, шифокорга мурожаат қилиш керак. Оёқ ва қўлларнинг увишиши асаблар шикастлангани, доимий равишда такрорланиши эса инсульт, диабет ривожланаётганининг дастлабки симптомлари бўлиши мумкин. Бахтсиз ҳодисадан азият чекканлар ёки фаолияти бир ҳаракатнинг такрорланиши билан боғлиқ касб эгалари хавф гуруҳига киради.

Қорин шишиши
Аксарият ҳолларда бунга ҳаддан ортиқ овқатланиш сабаб бўлиши мумкин, лекин қорин шишишининг анемия ва умумий вазн камайиши билан кузатилиши қорин бўшлиғи касаллиги, ҳатто саратондан дарак бериши мумкин. Бу ортиқча овқатланиш ва ҳомиладорлик билан боғлиқ эмаслигига ишончингиз комил бўлса, дарҳол шифокор кўригидан ўтиш зарур.

Оёқларда мушаклар чўзилганидек туюладиган оғриқ
Бунга жисмоний фаоллик эмас, аксинча кам ҳаракатлилик сабаб бўлиши мумкин. Оғриқнинг узоқ вақт ҳаракатсиз ўтирганда кузатилиши чуқур веналарнинг тромбози билан боғлиқ бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Бир ярим соат давомида офис ёки ўқишда ҳаракатсиз ўтирганда оёқлардаги қон айланиши 50 фоизга камаяди. Тромбознинг асосий симптоми қизариш ва шиш эканлигига ишонилади, аслида эса 80 фоиз тромбоздан азият чекадиган бемор оёқлардаги оғриқдан шикоят қилади.

Яранинг битмаслиги
2-3 ҳафта давомида ҳам битмайдиган яра ёки тилинишлар базал ҳужайрали карсинома билан боғлиқ бўлиш мумкин. Эрта босқичларида даволаниши мумкин бўлган ушбу тери саратони эркакларда аёлларга қараганда икки марта кўпроқ учрайди. Шу сабаб ҳам эътиборли бўлиш, иссиқ кунларда қуёшдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланишни канда қилмаслик керак. Базал ҳужайрали карсинома меланомадан секинроқ тарқалишига қарамай, шифокорга қанча кеч борилса, муаммонинг оқибати шунчалик жиддий бўлади.

Тўхтамайдиган йўтал
Бир ой давомида ҳам ўтиб кетмайдиган қуруқ йўтал билан бирга ютинишга қийналиш, таомнинг томоққа тиқилиб қолгандек туйилиши гастроэзофагеал рефлюкс — кислотанинг ошқозондан қизилўнгачга кириб боришидан дарак бериши мумкин. Қолаверса, бундай йўтал астма, ўпка саратони ва юрак касалликлари билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Доимий равишда чанқоқни ҳис қилиш
Сув ичишга бўлган доимий талаб қандли диабетга хос симптомлардан саналади. Касаллик сабаб қонда глюкоза миқдори кўпаяди, бунда пешоб ажралиши жадаллашади, оқибатда организм сувсизланади. Суюқлик захирасини тўлдириш учун одам кун давомида 10 литргача сув ичиши ва шунда ҳам чанқаши мумкин бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Одатий аммо жиддий касалликлардан дарак берувчи 10 симптом