11:42 / 04.02.2023
461

ОАВ: Россиялик олигарх Германияда аэропорт сотиб олган бўлиши мумкин

ОАВ: Россиялик олигарх Германияда аэропорт сотиб олган бўлиши мумкин
Фото: dpa
Банкрот бўлган Франкфурт-Хан аэропорти россиялик олигарх Виктор Харитонин томонидан қўллаб-қувватланадиган NR Holding'га сотилди, деб ёзади Dpa.

Германиянинг Рейнланд-Пфальц федерал еридаги банкрот бўлган Франкфурт-Хан аэропорти Нюрбургринг трассасига эгалик қилувчи NR Holding'га сотилди. Бу ҳақда 3 февраль, жума куни dpa агентлиги, шунингдек, SWR эшиттириш корпорацияси маълум қилди.

Dpa маълумотларига кўра, NR Holding ортида россиялик олигарх ва бизнесмен Виктор Харитонин турибди. T-online.de уни Россия президенти Владимир Путиннинг дўсти деб атайди.

Тахминан 20 миллион евролик нотариус шартномаси аллақачон имзоланган, дея хабар беради dpa. Агентлик маълумотларига кўра, маблағлар ишончли ҳисобрақамга ўтказилган.

Харитонин Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида йўқ. Ҳаво бандаргоҳининг банкротлиги муносабати билан арбитраж менежери Ян Маркус Платнер ҳали келишувга изоҳ бермади. Аэропорт матбуот хизмати вакиллари ҳозирча маълумотни тасдиқламади.

Россиялик тадбиркор ҳам харид ҳақида изоҳ бермади. Россиянинг Forbes рўйхатида Виктор Харитонин 1,4 миллиард доллар (1,2 миллиард евро) бойлиги билан 66-ўринни эгаллади. 2003 йилда у Россияга, шу жумладан давлат шартномалари бўйича дори воситаларини етказиб берувчи етакчи компаниялардан бири бўлган «Фармстандарт» холдингининг асосчиларидан бирига айланди. Forbes маълумотларига кўра, 2021 йилда Харитонин Спутник V коронавирус вакцинасининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси бўлган, унинг онкология клиникалари эса бутун Россия бўйлаб, Курскдан Кемеровогача очилган.

Франкфурт-Хан аэропорти Франкфурт-Майн ва Люксембург ўртасида жойлашган бўлиб, уни иккала шаҳардан тахминан 120 км масофа ажратиб туради. Ҳаво бандаргоҳи собиқ Америка ҳарбий аэродроми базасида жиҳозланган.

Фуқаролик самолётларининг биринчи парвозлари 1993 йилда амалга оширилган ва 1999 йилдан бошлаб Ирландиянинг арзон Ryanair авиакомпаниясининг парвозлари ундан амалга оширила бошланди. Кейинги йилларда ушбу авиакомпания Франкфурт-Ханни Германиядаги таянч аэропортига айлантирди. Бундан ташқари, аэропорт раҳбарияти юк ташувчилар билан ҳамкорликни фаол ривожлантирди.

2007 йилдан бошлаб аэропортнинг йўловчилар айланмаси ва юк ташишдан тушган даромадлар пасайишни бошлади. Ҳаво юклари соҳасида рақобат кучайиб, бизнеснинг рентабеллигини туширди. Аэропорт 2015 йилни 17,4 миллион евро зарар билан якунлади. Рейнланд-Пфальц федерал ери зарар кўраётган корхонани қайта-қайта субсидиялашга мажбур бўлди.

Натижада тендер ўтказиб, истиқболли харидор топишга қарор қилинди. Хитойнинг Shanghai Yiqian Trading Company (SYT) компанияси Рейнланд-Пфальцга 16 миллион евро тўлашга рози бўлди, бироқ охир-оқибат битим якунига етказилмади. 2021 йилнинг кузида аэропорт эгалари банкротлик тўғрисида ариза беришди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг