Tagesschau нашри ёзишича, Туркиянинг Udofed ассоциацияси донар-кабобни Европа Иттифоқи миқёсида миллий таом сифатида тан олиш ва унинг умумевропа стандартларини белгилаш ҳақидаги аризасини расман қайтариб олди. Шу тариқа, Туркия ва Германия ўртасида узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган баҳсга нуқта қўйилди.
Маълумотларга кўра, агар Евроиттифоқ бу аризани маъқуллаганида, барча овқатланиш масканлари донар тайёрлашда қатъий меъёр ва қоидаларга амал қилишга мажбур бўларди. Масалан, қийма қўшилган ёки соус билан бериладиган турлари стандартдан ташқари ҳисобланиб, уларни бошқа ном билан аташга тўғри келарди.
Экспертларнинг таъкидлашича, Германияда донар-кабоб саноати жуда ривожланган ва мамлакат ҳозирда Европа Иттифоқи ҳудудида донар савдосидан биринчи ўринни эгаллайди. Немис тадбиркорлари учун бундай чекловлар катта иқтисодий йўқотишларга олиб келиши мумкин эди.
Туркиянинг аризани қайтариб олиши ортидан, донар тайёрлаш ва сотиш тартиби ҳар бир мамлакатдаги мавжуд қонун ва қоидаларга кўра давом эттирилади. Баъзилар бу қарорни Германиянинг ғалабаси сифатида баҳоласа, бошқалар таомнинг ҳақиқий келиб чиқиши ва миллий мақоми ҳақидаги баҳс яна давом этиши мумкинлигини айтишмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!